Сербияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар билан очиқ мулоқот ўтказилди

Июль 13, 2026. 13:00 • 2 дақ

2
Сербияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
Сербияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
Сербияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар билан очиқ мулоқот ўтказилди
Сербияда меҳнат қилаётган ўзбекистонликлар билан очиқ мулоқот ўтказилди

БЕЛГРАД, 13 июль. /“Дунё” АА/. Сербиянинг Белград, Каравуково, Ужице ва Кула шаҳарларида меҳнат қилаётган ватандошларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг мавжуд муаммоларини бартараф этиш мақсадида консуллик ташрифи амалга оширилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ташриф давомида маҳаллий иш берувчилар билан музокаралар ўтказилди. Суҳбат жараёнида айрим корхоналар томонидан Ўзбекистон фуқароларининг паспортларини ноқонуний равишда олиб қўйиш ҳолатларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Дипломатлар шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар фуқароларнинг шахсий мулки экани, уларни ушлаб туриш қонунчиликка мутлақо зид эканини таъкидлади. Бу борада маҳаллий иш берувчилар барча паспортларни зудлик билан эгаларига қайтаришга тайёр эканини билдирди.

Мулоқот давомида айрим меҳнат мигрантларининг шартнома шартларини бузган ҳолда иш жойларини ўзбошимчалик билан тарк этиши ёки Европа Иттифоқи давлатларига ноқонуний ўтиб кетиш ҳолатлари ҳам муҳокама қилинди.

Дипломатик ваколатхона вакиллари ватандошлар билан учрашувларда бу каби қонунбузарликлар йирик миқдордаги жарималар, депортация ва жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб, уларни ҳушёрликка, турли радикал ва экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолмасликка чақирди.

Музокаралар сўнггида Сербияда ишчи кучига бўлган эҳтиёж юқорилигини инобатга олиб, маҳаллий компаниялар билан Ўзбекистондан меҳнат ресурсларини уюшган тартибда жалб қилиш, ишчиларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш ва ушбу йўналишда амалий шерикликни кенгайтириш бўйича муҳим келишувларга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш