Миср ОАВ: Ўзбекистон ва Беларусь ҳамкорлиги ривожланиши икки давлатнинг узоқ муддатли манфаатлари асосида давом этмоқда
Июль 13, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 81ҚОҲИРА, 13 июль. /“Дунё” АА/. Мисрнинг оммабоп “Al-Diplomasy” нашрида Ўзбекистон Президентининг Беларусга амалга оширган ташрифи ҳамда икки давлат ўртасидаги шериклик алоқаларига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада инглиз ва араб тилларида ёзилишича, Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги муносабатлар сўнгги йилларда ўзаро ишонч, ҳурмат ва амалий манфаатлар асосида жадал ривожланиб, кўп қиррали ҳамкорликнинг янги босқичига кўтарилмоқда. 2026 йил 8–9 июль кунлари Ўзбекистон Президентининг Беларусга амалга оширган расмий ташрифи икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлаш, янги истиқболли йўналишларни белгилашда муҳим аҳамият касб этди.
Ўзбекистон–Беларусь дипломатик муносабатлари 1993 йилда ўрнатилган бўлиб, ўтган давр мобайнида сиёсий, иқтисодий, гуманитар ва маданий соҳаларда самарали ҳамкорлик тизими шаклланди. Бугунги кунда икки давлат ўртасида савдо, инвестициялар, саноат кооперацияси, транспорт, таълим, фан, маданият ва бошқа соҳаларни қамраб олган 126 та икки томонлама ҳужжат амал қилмоқда.
Олий ва юқори даражадаги мунтазам мулоқот Ўзбекистон–Беларусь муносабатларининг асосий таянчларидан бири ҳисобланади. Давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари, ҳукуматлараро музокаралар ва парламентлараро алоқалар икки томонлама шерикликни янада ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
Нашрда қайд этилишича, иқтисодий ҳамкорлик икки мамлакат муносабатларининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланди. Сўнгги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми сезиларли ўсиб, 2017 йилдаги 181,7 миллион доллардан 2025 йилда 965 миллион долларга етди. 2026 йил январь–апрель ойларида эса икки томонлама савдо ҳажми 340,4 миллион долларни ташкил этиб, ижобий ўсиш суръатлари сақланиб қолди.
Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги савдо алоқалари кенг қамровли бўлиб, машинасозлик, озиқ-овқат саноати, кимё маҳсулотлари, транспорт воситалари, қайта ишлаш саноати ва хизматлар соҳаларини қамраб олади. Томонлар ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини кенгайтиришга интилиб келмоқда.
Инвестициявий ҳамкорлик ҳам барқарор ривожланмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Беларусь капитали иштирокида 244 та корхона фаолият юритмоқда, Беларусда эса Ўзбекистон бизнеси иштирокида 229 та компания иш олиб бормоқда. 2025 йилда Беларуснинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари ҳажми 104,4 миллион долларни ташкил этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

