Хорватияда меҳнат қилаётган ватандошлар билан учрашувлар ўтказилди
Июль 28, 2026. 10:02 • 2 дақ
• 89СПЛИТ-ТРИЛЬ, 28 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари томонидан Хорватиянинг Сплит ва Триль шаҳарларида сайёр консуллик қабули ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувлар давомида фуқароларга қабул қилувчи мамлакатда бўлиш қоидалари, консуллик ҳисобида туриш тартиби ва унинг аҳамияти, шунингдек, консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш механизмлари юзасидан батафсил маълумотлар берилди.
Шу билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Очиқ ва самимий руҳда кечган мулоқотлар жараёнида ушбу ҳудудларда меҳнат қилаётган ватандошлар учун яратилган иш шароитлари ва меҳнат ҳақи даражаси қониқарли экани аниқланди. Қайд этилганидек, уларнинг аксарияти барқарор иш ўринлари ва муносиб иш ҳақи билан таъминланган.
Бундан ташқари, ватандошлар турли диний экстремистик оқимлар ва радикал ғояларни тарғиб қилувчи гуруҳлар таъсирига тушиб қолмасликка чақирилди. Бундай ҳолатларга нисбатан доимо огоҳ ва эҳтиёткор бўлиш, шубҳали вазиятларга дуч келинганда зудлик билан белгиланган тартибда элчихонага мурожаат қилиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Учрашувлар савол-жавоб тарзида давом эттирилиб, фуқароларни, жумладан, талабаларни қизиқтирган барча масалалар юзасидан ҳуқуқий асосланган ва атрофлича жавоблар берилди.
Ташриф доирасида маҳаллий иш берувчилар билан ҳам қатор учрашувлар ўтказилди. Хорватияда ишчи кучига бўлган эҳтиёж юқори бўлиб, кўплаб соҳаларда кадрлар танқислиги кузатилмоқда. Шу муносабат билан маҳаллий иш берувчилар Ўзбекистондан меҳнат ресурсларини жалб этишга катта қизиқиш билдирмоқда ва ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


