Жанубий Кореядаги ватандошлар ўртасида мини-футбол турнири ўтказилди
Июль 21, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 158СЕУЛ, 21 июль. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг Чонгжу шаҳрида ватандошлар ўртасида мини-футбол турнири ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
30 июль – Халқлар дўстлиги куни арафасида ўтказилган мазкур турнир Кореядаги Ўзбекистонликлар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Сеул шаҳридаги ваколатхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Мусобақада Жанубий Кореянинг турли шаҳарларидаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда меҳнат қилаётган ёш ватандошлардан ташкил топган 16 та жамоа қатнашди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳсларда иштирокчилар юқори даражадаги жамоавий ҳамжиҳатликни намойиш этди.
Меҳмон сифатида Тожикистон ва Қозоғистон фуқароларидан ташкил топган жамоаларнинг мусобақада иштирок этгани мазкур турнир нафақат спорт мусобақаси, балки турли миллат вакиллари ўртасида дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим майдонга айланганини яна бир бор тасдиқлади.
Турнир якунига кўра, ғолиб жамоага ҳамкор ташкилотлар томонидан бош соврин сифатида “Spark” русумли енгил автомобиль тақдим этилди. Шунингдек, совриндорларга қимматбаҳо эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
Тадбир доирасида ҳамюртлар билан мулоқот ўтказилди. Унда бу каби спорт тадбирларини мунтазам ташкил этиш хориждаги юртдошларнинг ўзаро ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш, миллий бирликни кучайтириш ҳамда ёшларда Ватанга дахлдорлик туйғусини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



