Ўзбекистонлик ўқувчилар Санкт-Петербургда ўтказилган “Алвон елканлар” байрамида иштирок этди
Июль 05, 2026. 15:10 • 2 дақ
• 37САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 5 июль. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз Бош консулхонаси ва Санкт-Петербург ҳукумати ҳамкорлигида ўзбекистонлик ўқувчиларининг Россиянинг Шимолий пойтахтига ташрифи амалга оширилди, “Дунё” АА мухбири.
Ташриф 2024 йилда Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов ташаббуси билан йўлга қўйилган “Халқаро ёшлар алмашинуви” лойиҳаси доирасида амалга оширилиб, Ўзбекистон делегацияси билан бир қаторда Тожикистон, Қирғизистон, Молдова, Сербия, Куба ва бошқа давлатлардан келган ёшлар ҳам иштирок этди.
Ўзбекистон делегацияси таркибидан умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактаблар ўқувчилари, ижтимоий муассасалар тарбияланувчилари ҳамда ҳамроҳлик қилувчилар ўрин олди. Имконияти чекланган иштирокчилар учун ҳам ташриф давомида барча зарур шарт-шароитлар яратилди.
Меҳмонлар учун бой маданий-маърифий дастур тайёрланиб, унда улар Эрмитаж, Петропавловск қалъаси, Исаакий собори, Рус музейи ва “Петергоф” давлат музей-қўриқхонасига ташриф буюрди.
Шунингдек, ўқувчилар Санкт-Петербург дарёлари ва каналлари бўйлаб экскурсиялар ҳамда Россия Ёшлар кунига бағишланган тадбирларда ҳам иштирок этди.
“Алвон елканлар” байрами муносабати билан ташкил этилган тантанали концерт ва замонавий мультимедиа шоуси ҳамюртларимизда катта таассурот уйғотди.
Мазкур сафар ўзбекистонлик ёшларга Санкт-Петербургнинг бой тарихий-маданий мероси билан яқиндан танишиш, турли мамлакатлардан келган тенгдошлари билан дўстона мулоқот ўрнатиш ҳамда халқаро маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш учун муҳим имконият яратди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


