СМТИ директори Доҳада бўлиб ўтган Глобал хавфсизлик форумида иштирок этди
Октябрь 22, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 34ДОҲА, 22 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори Элдор Арипов Доҳада бўлиб ўтган 8-Глобал хавфсизлик форумида иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
2018 йилдан буён ўтказиб келинаётган форум давлат тузилмалари, халқаро ташкилотлар, эксперт-таҳлилий ҳамжамият ва оммавий ахборот воситалари вакилларини бирлаштиради.
Бу йил тадбирда 100 дан ортиқ мамлакатдан юқори мартабали давлат арбоблари, махсус хизматлар раҳбарлари, ҳарбийлар, дипломатлар ва экспертлар қатнашди.
Тадбирда Покистон ички ишлар вазири Саййид Моҳсин Ризо Нақви, Испания ички ишлар вазири Фернандо Гранде-Марласка Гомес, Кипр адлия вазири Костас Фитирис, БМТ Бош котибининг хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари Янин Ҳеннис-Пласхерт, Канада Вазирлар Маҳкамаси котибининг миллий хавфсизлик ва разведка масалалари бўйича ўринбосари Доминик Рошон, Испаниянинг ташқи ва глобал ишлар бўйича давлат котиби Диего Мартинес Белио, АҚШнинг Туркиядаги элчиси ва АҚШ Президентининг Ироқ ҳамда Сурия бўйича махсус вакили Томас Ж.Баррак қатнашди.
Шу билан бирга, форумда Интерпол раҳбарияти, НАТО, Европа Иттифоқи, Украина, Сурия, Ироқ, Ливия ва етакчи таҳлилий марказлар вакиллари ҳам иштирок этди.
Глобал кучлар мувозанати ўзгариб, геосиёсий кескинлик кучайиб бораётган шароитда халқаро иттифоқлар ва шериклик муносабатларининг келажаги форумнинг асосий мавзуси бўлди.
Муҳокамаларда минтақавий низоларни ҳал этиш истиқболлари ҳамда халқаро ҳамкорлик механизмларини хавфсизлик соҳасидаги янги таҳдид ва хатарларга мослаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Форум доирасида СМТИ директори халқаро ва минтақавий хавфсизлик масалаларига бағишланган экспертлар муҳокамаларида қатнашди.
Фикр алмашиш давомида инқирозларнинг олдини олишда дипломатиянинг ўрни, давлатлар ўртасидаги мулоқотни сақлаб қолиш ва барқарорликни таъминлаш бўйича ўзаро келишилган ёндашувларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

