Янги Тошкент – Ўзбекистон тараққиётини ўзида мужассам этган улкан лойиҳа
Октябрь 22, 2026. 16:00 • 3 дақ
• 136ИСЛОМОБОД, 20 октябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг етакчи оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган йирик инфратузилма лойиҳалари, хусусан, Янги Тошкент шаҳри лойиҳаси ҳақида мақолалар эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Жумладан, “The Nation”, “Pakistan Observer”, “Daily Ittehad”, “Daily Financial Times”, “Imroze Pakistan”, “The Diplomatic Insight”, “Daily Digital Posts”, “Tns.World”, “Daily Sapeher Times”, “Daily Urdu Times”, “Urdu Times”, “Daily Big Digit”, “Infora News”, “Daily Sub News”, “Global News Pakistan”, “The News todays”, “Daily Afaq”, “Epi News”, “PCN58”, “Wattech”, “BNEWS99”, “Spinpk”, “The Azb” каби ОАВда Янги Тошкентда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида туркум мақолалар инглиз ва урду тилларида эълон қилинди.
Нашрларда Ўзбекистон пойтахти яқинида барпо этилаётган Янги Тошкент шаҳри мамлакатдаги йирик ва стратегик аҳамиятга эга шаҳарсозлик лойиҳаларидан бири ҳисобланиши таъкидланган. Ушбу улкан бунёдкорлик ташаббуси аҳоли учун замонавий ва қулай яшаш шароитларини яратиш, Ўзбекистоннинг иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Материалларда ёзилишича, қурилиши уч йил аввал бошланган Янги Тошкент замонавий, хавфсиз ва “яшил” шаҳар сифатида барпо этилмоқда. Шаҳар учун жами 20 минг гектар ер майдони ажратилган бўлиб, биринчи босқичда 6 минг гектар ҳудудда умумий қиймати 50 миллиард долларлик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Бу жараёнда илғор технологик ечимлар ва “яшил қурилиш” стандартларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Лойиҳа доирасида 2 минг гектар яшил ҳудуд ва 500 гектар истироҳат боғлари ташкил этилади. 150 миллион квадрат метр турар ва нотурар жой майдонларини барпо этиш режалаштирилган.
Ўтган давр мобайнида Янги Тошкентда 2 миллиард долларлик қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Турар жойлар, университетлар, кутубхона ва амфитеатр каби муҳим объектлар барпо этилди.
Янги Тошкентнинг аҳамияти фақат уй-жойлар ва замонавий бинолар қурилиши билан чекланмайди. У келгусида бизнес, таълим, тиббиёт, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларини бирлаштирган мустақил иқтисодий марказга айланиши лозим. Бундан ташқари, FIFA талабларига жавоб берадиган 55 минг ўринли стадион қурилиши ҳам шаҳарнинг спорт ва халқаро тадбирлар маркази сифатидаги салоҳиятини оширади.
Мақолаларда Янги Тошкентда маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилгани алоҳида қайд этилган. Таъкидланганидек, замонавий турар жой мажмуалари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, таълим ва тиббиёт муассасалари, туризм, логистика ҳамда инновацион технологиялар соҳаларида истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун катта салоҳият мавжуд.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




