Қарши давлат университетининг таълим ва тадқиқотлар учун имкониятлари янада кенгайди
Октябрь 22, 2026. 16:50 • 2 дақ
• 87
ТОШКЕНТ, 22 октябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Қарши давлат университетида ҳам бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, университетда 14 мингдан ортиқ талаба бакалавриат ва магистратура босқичларида, кундузги, сиртқи ва масофавий шаклларда таҳсил олмоқда. Бу ерда 579 нафар профессор-ўқитувчи меҳнат қилади.
Таълим дастурларини халқаро талабларга мослаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Инглиз филологияси, математика, амалий математика ва физика йўналишлари халқаро аккредитациядан ўтказилган. Россия ва Беларусь олийгоҳлари билан 14 та қўшма таълим дастури йўлга қўйилган.
Тиллар факультетида минг ўринли замонавий медиа студия, шунингдек, хитой, немис, француз, инглиз ва рус тиллари марказлари ташкил этилган. Халқаро дастурлар доирасида синхрон таржимонлар тайёрланмоқда. Еттита лабораторияни бирлаштирган Халқаро лабораториялар марказида сунъий интеллект, машинали ўқитиш ва робототехника йўналишларида тадқиқотлар олиб борилмоқда.
Ўтган йили муассасада кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилди.
Талабаларнинг яшаш шароитлари яхшиланди. Учта янги ётоқхона қурилиши натижасида 1 минг 300 дан ортиқ қўшимча ўрин яратилиб, талабалар турар жойига бўлган эҳтиёж тўлиқ қопланган. Университет ҳудудида 240 ўринли болалар боғчаси, кутубхона, ошхоналар, ёшлар маркази ва анжуманлар саройи фаолият юритмоқда. Олийгоҳ қошида “Лочин” футбол жамоаси ташкил этилиб, унинг машғулотлари учун замонавий майдон қурилган.
Президентимиз университетнинг талабаларга хизмат кўрсатиш маркази фаолияти билан танишди.
Шунинг билан давлатимиз раҳбари Қашқадарёга сафарини якунлаб, Тошкентга қайтиб келди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси