Чехияга ишлаш ва ўқишга кетаётган Ўзбекистон фуқаролари учун ахборот материаллари тайёрланади
Июль 31, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 34
ПРАГА, 31 июль. /“Дунё” АА/. Элчихона ташаббуси билан Халқаро миграция ташкилоти (IOM)нинг Чехиядаги ваколатхонаси директори Петр Чап билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокараларнинг асосий мавзуси – Ўзбекистон фуқароларининг хорижга чиқишдан аввалги тайёргарлик (Pre-Departure Orientation – POD) тизимини соддалаштириш, Чехияга ишлаш, таълим олиш ва хордиқ чиқариш мақсадида бораётган кишилар учун асқатадиган махсус видеороликларни тайёрлаш масалаларига бағишланди.
IOM вакиллари томонидан тайёрланаётган видеоматериалларда фуқаролар учун энг зарур амалий маълумотларни қисқа ва содда шаклда ёритиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилди. Хусусан, видеоларда Чехияга кириш ва яшаш тартиби, ваколатли давлат органларига мурожаат қилиш механизми, соғлиқни суғурталаш, меҳнат шартномасини расмийлаштириш бўйича зарур маълумотлар берилиши қайд этилди.
Шу билан бирга, ходимларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, иш берувчини алмаштириш тартиби, ноқонуний воситачилик, меҳнат эксплуатацияси хавфлари ҳамда ҳуқуқлари бузилган ҳолларда мурожаат қилинадиган ваколатли ташкилотлар тўғрисидаги маълумотларни ёритиш бўйича фикр-мулоҳаза алмашилди.
Видеолавҳалар давомийлигини 1–2 дақиқа этиб белгилаш, унда фақат энг муҳим маълумотларни қисқа шаклда тақдим этиш, батафсил маълумотларни эса QR-кодлар ва интернет ҳаволалари орқали бериш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди. Видеоматериалларни ўзбек ва рус тилларида тайёрлаш режалаштирилмоқда.
Шунингдек, IOM томонидан амалга оширилаётган Ихтиёрий қайтиш ва реинтеграция дастури доирасида тайёрланган икки видеоматериал элчихонага тақдим этилиши маълум қилинди. Мазкур видеоларда дастурда иштирок этиш тартиби, зарур ҳужжатлар, мурожаат қилиш механизмлари ҳамда ушбу дастурдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифалари ёритилган. IOM ушбу материалларнинг ўзбек тилидаги намуналарини ҳам тайёрлашини маълум қилди.
Учрашув давомида меҳнат мигрантлари учун ахборот буклетларини тайёрлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. IOM вакиллари меҳнат ҳуқуқи, меҳнат шартномалари ҳамда тез-тез бериладиган саволларга бағишланган мавжуд ахборот материалларини элчихонага тақдим этишини билдирди. Хусусан, меҳнат ҳуқуқига оид рус тилидаги буклетнинг 100 нусхаси элчихонага топширилиши, электрон вариантлари эса фойдаланиш учун юборилиши бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси