Буюк Британия билан суд-ҳуқуқ соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда

Июль 31, 2026. 08:10 • 2 дақ

63
Буюк Британия билан суд-ҳуқуқ соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланмоқда

ЛОНДОН, 31 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчиси Равшан Усманов Англия ва Уэльс Апелляция суди раиси, фуқаролик судлов тизими раҳбари сэр Жоффри Чарльз Вос билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот чоғида икки давлат ўртасидаги суд-ҳуқуқ тизимидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.

Жоффри Чарльз Вос Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, хусусан, суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, одил судлов сифатини ошириш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларни юқори баҳолади.

Шунингдек ўқинг

У Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш ташаббусини олқишлаб, мазкур марказнинг мамлакат инвестициявий жозибадорлигини ошириш, халқаро бизнес учун қулай ҳуқуқий муҳит яратиш ва замонавий молиявий хизматлар бозорини шакллантиришдаги муҳим аҳамиятини таъкидлади.

Англия ва Уэльснинг умумий ҳуқуқ тамойилларини қўллаш халқаро инвесторлар ишончини мустаҳкамлаш, тижорат низоларини ҳал этишнинг самарали механизмини жорий этиш ҳамда марказнинг рақобатбардошлигини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Учрашув якунида Буюк Британия билан Ўзбекистон ўртасида судьялар малакасини ошириш, суд тизимида рақамлаштириш жараёнларини кенгайтириш ҳамда ҳуқуқий институтларни мустаҳкамлаш бўйича тажриба алмашишни йўлга қўйиш юзасидан келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш