Дональд Трамп ФИФА раҳбарини БМТнинг янги бош котиби лавозимига муносиб кўрмоқда
Июль 22, 2026. 17:00 • 3 дақ
• 41
ВАШИНГТОН, 22 июль. /“Дунё” АА/. АҚШ президенти Дональд Трамп ФИФА раҳбари Жанни Инфантинони Антониу Гутерриш лавозимидан кетганидан сўнг БМТ бош котиби лавозимига номзод сифатида кўриб чиқмоқда, деб хабар беради “Дунё” АА мухбири.
“New York Post” нашри маълумотларига кўра, Америка етакчиси жаҳон футболи президенти мамлакатларни бирлаштириш ва халқаро ташкилот билан муносабатларни яхшилашга қодир, деб ҳисоблайди.
56 ёшли Жанни Инфантино жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чоғида Дональд Трамп билан яқинлашган. Ўтган йилнинг декабрь ойида ФИФА раҳбари Дональд Трампга ФИФАнинг биринчи тинчлик мукофоти – “Peace Prize”ни топширган эди. Нашрнинг АҚШ президентига яқин манбаси Дональд Трамп уни бутун дунёда ҳурматга сазовор шахс деб билишини маълум қилди.
БМТнинг янги бош котиби сайлови жорий йилда ўтказилиши керак. Ташкилотнинг амалдаги раҳбари Антониу Гутерриш декабрь ойи охирида ўз лавозимини тарк этади. Номзоднинг тайинланиши учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг қўллаб-қувватлаши ва Бош Ассамблеянинг тасдиғи талаб этилади.
Ҳозирча Жанни Инфантинонинг ўзи бу лавозимга қизиқиш билдираётгани ва Америка президенти бу ғояни у билан муҳокама қилган-қилмагани номаълум. Унинг номзоди илгари сурилиши бош котибни сайлашдаги анъанавий ёндашувни ўзгартириши мумкин. Зеро, аввалроқ, БМТнинг навбатдаги раҳбари Лотин Америкаси ёки Кариб ҳавзаси минтақаси вакили бўлиши кутилаётган эди. Бошқа даъвогарлар қаторида Чилининг собиқ президенти Мишель Бачелет ва Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЕ) раҳбари, аргентиналик Рафаэль Гросси номлари тилга олинмоқда.
“Бундай ғояни фақат Президент Дональд Трампгина таклиф қилиши мумкин”, – дея таъкидлади АҚШнинг глобал ҳамкорлик бўйича махсус элчиси Паоло Замполли. Унинг қўшимча қилишича, Жанни Инфантино БМТ фаолиятига янги руҳ бағишлашга ва спортдан халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида фойдаланишга қодир.
ФИФА раҳбарининг БМТ бош котиби этиб тайинланиши унинг Дональд Трамп билан яқин муносабатлари туфайли баҳс-мунозараларга сабаб бўлиши мумкин. Аввалроқ, Жанни Инфантино АҚШ терма жамоаси ҳужумчиси Фоларин Балогуннинг дисквалификацияси билан боғлиқ вазиятдан сўнг Европада танқидларга учраганди. Дональд Трампнинг мурожаатидан кейин ФИФА Бельгия билан ўйин олдидан футболчини жазолаш ҳақидаги қарорини қайта кўриб чиққан, бу эса сиёсий аралашув ҳақидаги айбловларни келтириб чиқарганди.
Бундан ташқари, Жанни Инфантино ФИФА президентлигига қайта сайланиш ниятини аллақачон эълон қилган. Сайловлар 2027 йил март ойига режалаштирилган. БМТга ишга ўтган тақдирда унга даромадларини сезиларли даражада камайтиришга тўғри келарди. Унинг ФИФАдаги маоши йилига тахминан 6 миллион долларни ташкил этса, БМТ раҳбари тахминан 418 минг доллар олади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси