Ливан армияси Исроил қўшинлари олиб чиқилгач, мамлакат жанубида жойлашишни бошлади

Июль 21, 2026. 20:02 • 2 дақ

94
Ливан армияси Исроил қўшинлари олиб чиқилгач, мамлакат жанубида жойлашишни бошлади
“Reuters” агентлиги сурати

БАЙРУТ, 21 июль. /“Дунё” АА/. Ливан армияси ҳарбийлари АҚШ воситачилигида келишилган режа доирасида Исроил кучлари ушбу ҳудуддан олиб чиқилганидан сўнг мамлакат жанубидаги Зутар ал-Ғарбия шаҳрига жойлаша бошлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Reuters” агентлигига таяниб.

Келишувга кўра, Ливан армияси мамлакат жанубининг бир қисмини, жумладан, “Ҳизбуллоҳ” гуруҳини қуролсизлантириб, назорат остига олиши, Исроил қўшинлари эса босқичма-босқич ўз кучларини олиб чиқиши лозим.

Ҳудуд назоратининг топширилиши тинчлик режасининг илк синови бўлди. Ливан ушбу келишув аввал Исроил кучлари назорати остида қолган қарийб 10 километрлик ҳудуд устидан давлат назоратини тиклашга имкон беришидан умидвор.

Жанговар ҳаракатлар натижасида бу ҳудуддаги ўнлаб аҳоли пунктлари вайрон бўлган, шифохоналар, электр станциялари ва сув иншоотлари каби инфратузилма объектларига зарар етган. Ўн минглаб аҳоли ҳали ҳам ўз уйига қайта олмаяпти.

Ливан армияси ўз бўлинмалари Набатия вилоятидаги Зутар ал-Ғарбия шаҳрига жойлашишни бошлаганини маълум қилди. Ҳарбийлар аҳолини хавфсизлик билан боғлиқ вазият барқарорлашгунга қадар аҳоли пунктига қайтмасликка ва армия бўлинмалари кўрсатмаларига риоя қилишга чақирди.

Ливан ҳарбийларининг сўзларига кўра, муҳандислик бўлинмалари ҳудудни портламай қолган ўқ-дорилардан тозалаш ишларини олиб бормоқда. Ҳудудни аҳоли қайтиши учун хавфсиз деб эълон қилиш учун қўшимча вақт талаб этилиши таъкидланди.

Шаҳар мэри Абед Эззедин вайронагарчиликлар кўлами жуда катта эканини: аҳоли пунктининг ярмидан кўпи йўқ қилинганини, қолган кўплаб уйлар эса жиддий шикастланганини маълум қилди. Унинг айтишича, шаҳар ҳозирча яшаш учун яроқсиз.

Исроил ҳарбийлари аввалроқ тажриба дастури доирасида ўз кучларини қайта жойлаштирганини тасдиқлаб, бу жараён Ливан армиясининг минтақада қуролли кучларни жойлаштириш ҳуқуқига эга ягона расмий тузилма сифатида ҳудудни назорат қилиш қобилиятини синовдан ўтказишини билдирган эди.

Исроил ҳукумати Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ”ни тўлиқ қуролсизлантириш қобилиятига шубҳа билдиришига қарамай, эришилган келишувни узоқ муддатли хавфсизликни мустаҳкамлаш ва Ливан билан эҳтимолий тинчлик сари қўйилган муҳим қадам деб ҳисобламоқда.

Ливан Президенти Жозеф Аун бугун Вашингтонда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашиши кутилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш