Ўзбекистон Президенти: Ушбу лойиҳа ишга тушганидан сўнг унинг афзаллигини ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётида, албатта, ҳис қилади

Июль 22, 2026. 16:10 • 5 дақ

38
Ўзбекистон Президенти: Ушбу лойиҳа ишга тушганидан сўнг унинг афзаллигини ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётида, албатта, ҳис қилади

ТОШКЕНТ, 22 июль. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманига ташриф буюриб, Тошкент–Самарқанд йўналишидаги пуллик муқобил автомобиль йўли қурилишига тамал тоши қўйди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон етакчиси ушбу лойиҳа Янги Ўзбекистоннинг иқтисодий қудрати ва транспорт-логистика салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

– Бугун бу соҳада том маънода янги давр бошланмоқда, десак, тўғри бўлади. Халқимиз учун тараққиёт ва фаровонлик тимсоли бўлиб хизмат қиладиган ушбу йирик лойиҳанинг бошланиши барчамизга муборак бўлсин, – деди Президентимиз.

Қайд этилганидек, сўнгги йилларда мамлакатимиз иқтисодиёти 3 карра ўсди. 2030 йилга бориб унинг ҳажмини 240 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган. Бу эса йўл-транспорт ва логистика инфратузилмасини иқтисодиётнинг ўсиш суръатларига мувофиқ ривожлантиришни талаб этади.

Бугун Ўзбекистон ҳудудидан халқаро аҳамиятга эга 4 минг километр транзит йўл ўтади. Уларнинг 30 фоизи тўлиқ қувватда, яна 25 фоизи ортиқча юклама билан ишламоқда.

“Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” ва Трансафғон темир йўллари ишга тушгач, мамлакатимиз Тинч океанидан Европагача бўлган энг қисқа қуруқлик йўлагининг асосий бўғинига айланади. Покистон портлари орқали Ҳинд океани ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш учун ҳам янги имкониятлар очилади.

Ҳисоб-китобларга кўра, йилига қўшимча 15-20 миллион тонна транзит юкини қабул қилиш 400-600 миллион доллар даромад, логистика марказлари ва терминаллар учун 3 миллиард доллар инвестиция ҳамда 50 мингта барқарор иш ўрни яратиш имконини беради.

Шу мақсадда 2030 йилга қадар Андижон билан Қўнғиротни, Термиз билан Тошкентни боғловчи 4 минг километр халқаро йўлларни юқори талабларга жавоб берадиган замонавий транзит йўлакларга айлантириш режалаштирилган. Тошкент – Самарқанд янги автомобиль йўли ушбу стратегик дастурнинг муҳим қисми бўлади.

Сўнгги 10 йилда 78 триллион сўм ҳисобидан 128 минг километр йўлда қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Энди мамлакатимизда илк бор энг юқори тоифадаги замонавий автомагистраль барпо этилмоқда.

Қиймати қарийб 2,2 миллиард доллар бўлган олти полосали йўлнинг умумий узунлиги 282 километрни ташкил этади. У Тошкент, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятларидаги аҳолиси 2 миллиондан зиёд бўлган 13 та туман орқали ўтиб, ҳудудлар учун янги имкониятлар яратади.

Лойиҳа доирасида 92 та кўприк, 28 та йўл ўтказгич, 60 та туннель типидаги ўтиш жойи, шунингдек, қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун ер ости йўлаклари ва сув ўтказиш иншоотлари қурилади.

Йўл қопламаси оғир ва юқори тезликда ҳаракатланадиган транспорт воситалари қатновига чидамли монолит бетондан барпо этилади. Текис ҳудудларда ҳаракат тезлиги соатига 150 километргача бўлиши кўзда тутилган.

Замонавий хавфсизлик ечимлари, рақамли ва инновацион қулайликлар йўл-транспорт ҳодисаларини кескин камайтиришга хизмат қилади.

– Ушбу лойиҳа ишга тушганидан сўнг унинг афзаллигини ҳар бир юртдошимиз ўз ҳаётида, албатта, ҳис қилади. Тошкентдан Самарқандга етиб бориш вақти ҳозирги 5 соатдан 2,5 соатга қисқаради, – деди давлатимиз раҳбари.

Шунингдек ўқинг

Янги автомагистраль суткасига 60 мингдан 80 мингтагача транспорт воситасини ўтказиш имконига эга бўлади. Тирбандликсиз ва бир маромда ҳаракатланиш энергия сарфи, амортизация ва техник харажатларни камайтиради.

Ҳисоб-китобларга кўра, юк ташиш таннархи 19-24 фоизга пасаяди. Бу, айниқса, тез бузиладиган мева-сабзавот, гўшт, сут ва бошқа маҳсулотларни бозорларга қисқа муддатда ва сифатли етказиш имкониятини кенгайтиради.

Янги йўл Фарғона водийси ва мамлакатимизнинг марказий ҳудудларини жанубий ҳамда ғарбий вилоятлар билан боғлашда муҳим ўрин тутади. Шунингдек, халқаро транспорт йўлаклари самарадорлигини ошириб, Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги транспорт-логистика маркази сифатидаги мавқеини мустаҳкамлайди.

Жаҳон банки таҳлилларига кўра, бундай инфратузилма лойиҳаларига киритилган ҳар бир доллар иқтисодиётга 5 баробаргача самара келтиради. Янги йўл Тошкент шаҳри, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ялпи ҳудудий маҳсулотининг 3 фоизга ўсишига туртки бериши кутилмоқда.

Йўл бўйида логистика марказлари, омборлар, саноат ва агросаноат корхоналари, савдо-сервис, меҳмонхона ва туризм объектлари барпо этилади. Бу янги иш ўринлари, хизматлар бозори ва маҳаллий бюджетлар учун қўшимча даромад манбаларини яратади.

Қурилиш жараёнида маҳаллий хизматлар ва қурилиш материалларидан кенг фойдаланилади. Бу маҳаллий корхоналар учун йирик буюртмалар, янги ишлаб чиқариш қувватлари ва қўшимча иш ўринлари деганидир.

Тўртта ҳудуд раҳбарларига “Ягона коридор – ягона стандарт” тамойили асосида ер участкаларини ажратиш, логистика, муҳандислик ва коммуникация инфратузилмасини биргаликда режалаштириш вазифаси қўйилди.

Автомагистраль Европа, Туркия, Хитой ва бошқа давлатларнинг илғор тажрибалари асосида лойиҳалаштирилган. Биринчи босқичда йўл хитойлик ҳамкорлар билан EPC модели асосида барпо этилади, кейинчалик уни бошқариш, сақлаш ва эксплуатация қилишнинг замонавий механизмлари жорий этилади.

Лойиҳа халқаро сифат, хавфсизлик ва экологик стандартлар асосида амалга оширилиб, 2030 йилда фойдаланишга топширилади.

Давлатимиз раҳбари мазкур лойиҳа мамлакатдаги йирик йўл қурилиши дастурининг бир қисми эканини таъкидлади. Хива – Урганч йўли қурилиши давом этмоқда, Тошкент – Андижон йўналиши бўйича халқаро тендер якунланиш арафасида, Тошкентни Бўстонлиқ билан боғловчи йўл учун хусусий шерикни аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

– Биз бугун Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллик тўйи арафасида мамлакатимиз келажаги, иқтисодий барқарорлиги ва халқимиз фаровонлиги учун яна бир мустаҳкам пойдевор қўймоқдамиз, – деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари хитойлик ҳамкорлар, маҳаллий ва хорижий мутахассислар, муҳандислар, лойиҳачилар ва қурувчиларга муваффақият тилаб, Ўзбекистон тарихида илк бор “яшил” ва инновацион йўл барпо этилаётганини алоҳида таъкидлади.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент – Самарқанд янги автомобиль йўли пойдеворига капсула қўйиб, унинг қурилишини бошлаб берди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш