Исроилдан муносабат: Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар халқаро инвесторларда катта қизиқиш уйғотмоқда

Июль 22, 2026. 16:30 • 2 дақ

70
Исроилдан муносабат: Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар халқаро инвесторларда катта қизиқиш уйғотмоқда
Таҳлилчи Юрий Бочаров

ТЕЛЬ-АВИВ, 22 июль. /“Дунё” АА/. Исроилдаги Ахборот хуружларини тадқиқ қилиш институти сайти бош муҳаррири, иқтисодий таҳлилчи Юрий Бочаров юртимизда иқтисодий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр билдирди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Исроиллик таҳлилчининг таъкидлашича, Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида иқтисодиётни модернизация қилиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида хорижлик нуфузли ишбилармонлар Ўзбекистонда жам бўлди.

Экспертнинг фикрича, бундан атиги бир неча йил аввал Тошкент Евроосиёдаги энг йирик инвестиция майдонларидан бирига айланишини тасаввур қилиш қийин эди. Бугунги кунда эса Ўзбекистон жаҳоннинг нуфузли тадбиркорларини қабул қилиб, йирик шартнома лойиҳалари имзоланмоқда.

Бундай ҳайратланарли натижалар ортида улкан меҳнат мужассам. Бу мамлакатга хорижий капиталнинг фаол кириб келаётгани, янги ишлаб чиқариш қувватлари яратилаётгани ва минглаб иш ўринлари пайдо бўлаётганидан далолат беради.

Шунингдек ўқинг

Юрий Бочаровнинг қайд этишича, йирик капитал ва инвесторлар қарор қабул қилишда сиёсий декларацияларга эмас, балки иқтисодий мақсадга таянади. Шу боис, Ўзбекистондаги реал ўзгаришларни холис баҳолаш учун энг йирик халқаро рейтинглар динамикасига эътибор қаратиш лозим.

Таҳлилчи сўнгги йилларда республиканинг макроиқтисодий кўрсаткичлари барқарор яхшиланаётганини таъкидлади. Жумладан, мамлакат Иқтисодий эркинлик индексида 2018 йилдан буён бирданига 66 поғонага юқорилаб, илк бор “Мўътадил эркин” давлатлар тоифасига кирди.

Шунингдек, Глобал инновацион индекс ва Барқарор ривожланиш мақсадлари рейтингида ҳам 30–40 поғоналик сезиларли ўсиш кузатилган. Бу ислоҳотлар нафақат анъанавий тармоқларни, балки инновациялар, фан ва ижтимоий соҳани ҳам қамраб олганидан далолат беради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш