Дунё халқлари маданий мероси фестивалида Ўзбекистон ҳам фаол қатнашди

Май 22, 2026. 14:55 • 2 дақ

42
Дунё халқлари маданий мероси фестивалида Ўзбекистон ҳам фаол қатнашди
Дунё халқлари маданий мероси фестивалида Ўзбекистон ҳам фаол қатнашди
Дунё халқлари маданий мероси фестивалида Ўзбекистон ҳам фаол қатнашди

АР-РИЁЗ, 22 май. /“Дунё” АА/. Ар-Риёз шаҳридаги Подшоҳ Сауд университетида Дунё халқлари маданий мероси фестивали бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу фестивалда юртимизнинг Саудия Арабистонидаги  элчихонаси кўмагида ҳамда ушбу университетда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар иштирокида Ўзбекистоннинг миллий павильони ташкил этилди.

Ўзбекистон миллий павильонида юртимизнинг туристик салоҳиятига бағишланган кенг қамровли тақдимотлар намойиш қилинди. Фестиваль иштирокчилари ва меҳмонларига мамлакатимизда халқаро туризмни ривожлантириш учун яратилган кенг имкониятлар тўғрисида маълумотлар берилди.

Жумладан, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент каби тарихий шаҳарларнинг бетакрор меъморчилик обидалари, ноёб маданий мероси, ранг-баранг табиати ҳамда халқимизнинг кўп асрлик ҳунармандчилик анъаналари, урф-одат ва байрамлари ҳар йили дунёнинг турли нуқталаридан миллионлаб сайёҳларни жалб қилаётгани алоҳида таъкидланди.

Ташриф буюрувчиларнинг эътибори юртимизда жадал ривожланаётган замонавий сайёҳлик инфратузилмаси, сифатли хизмат кўрсатиш тизими ҳамда тиббиёт, гастрономик, экологик ва қишки туризм йўналишларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган давлат сиёсатига қаратилди. Айниқса, Ўзбекистоннинг сўлим тоғли ҳудудларида барпо этилган замонавий туристик мажмуалар Саудиялик меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

Ўзбекистон миллий павильонига ташриф буюрганлар юртимизнинг гўзал масканлари акс этган фотокўргазма ҳамда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари билан танишиш имконига эга бўлди.

Меҳмонларга ўзбек миллий таомлари, юртимизда ишлаб чиқарилган табиий асал, қуруқ мевалар ва ширинликлар тортиқ этилди. Павильонни кўздан кечирган хорижлик экспертлар ва университет раҳбарияти Ўзбекистон брендини юқори баҳолаб, ушбу кўргазма қисми ўзининг бетакрор колорити, ўзига хослиги ва юксак миллий руҳи билан бошқа давлатлар павильонларидан ажралиб турганини якдил эътироф этди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш