Ўзбекистон–Малайзия: илм-фан ва маданий алмашинув йўналишида янги ташаббуслар амалга оширилмоқда
Май 22, 2026. 13:55 • 2 дақ
• 15КУАЛА-ЛУМПУР, 22 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси томонидан юртимиз ёш тадқиқотчилари учун академик-алмашинув дастурларини ташкил этишга қаратилган стратегик ҳамкорлик йўлга қўйилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур ташаббус Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Султон Идрис номидаги педагогика университети (UPSI) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унга кўра, шу йил май ойида Ўзбекистон олий таълим муассасаларининг “яшил” иқтисодиёт, ақлли шаҳарлар, барқарор қишлоқ хўжалиги ва экологик таълим соҳаларига ихтисослашган ёш олимлари “UPSI”да илмий-тадқиқот стажировкасини муваффақиятли якунлади. Дастур якунида иштирокчиларга халқаро сертификатлар топширилди.
Қайд этилишича, стажировка илмий алоқаларни кенгайтириш, тажриба алмашиш ва ушбу йўналишлардаги истиқболли тадқиқот лойиҳалари билан танишиш учун самарали платформага айланган.
Дастур давомида иштирокчилар етакчи олимлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ҳамда лаборатория машғулотлари ўтказиб, Малайзия ҳукумати тасарруфидаги қатор тадқиқот марказларида бўлди.
Ушбу тадбир Малайзиянинг қатор оммавий ахборот воситаларида, жумладан, “Berita RTM” портали ва “Suaramerdeka” нашрида кенг ёритилди.
Малайзияда ёш ўзбекистонлик олимлар иштирокида ўтказилган Ўзбекистон маданияти куни дастурнинг академик қисмидан ташқари мамлакатнинг бой маданий мероси, сайёҳлик салоҳияти ҳамда ўзбек халқининг меҳмондўстлик анъаналарини яна бир бор намоён қилди. Тадбир Малайзиянинг “Epena” медиа-нашрида кенг ёритилди. Ташаббус доирасида миллий рақслар ва куй-қўшиқлар ижро этилди.
Ушбу дастур нафақат академик ҳамкорликнинг ривожланишига ҳисса қўшди, балки Марказий ва Жануби-Шарқий Осиё ўртасидаги гуманитар алоқаларни, илмий соҳадаги ўзаро англашувни ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда ҳам муҳим ўрин тутди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси












