Дуйшенқул Чотонов: Қирғизистон ва Ўзбекистон ўзаро ҳамкорлик ва минтақавий алоқаларни ривожлантиришнинг янги моделини шакллантирмоқда
Июль 30, 2026. 10:30 • 10 дақ
• 18
БИШКЕК, 30 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи арафасида Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Дуйшенқул Чотонов “Дунё” АА мухбирига эксклюзив интервью берди.
– Ўзбекистон Президентининг давлат ташрифи икки томонлама кун тартибидаги муҳим воқеалардан бири сифатида кўрилмоқда. Сизнингча, қандай янги келишувлар Ўзбекистон–Қирғизистон кенг қамровли стратегик шериклигининг янада ривожланишини белгилаб беради?
– Шубҳасиз, Ўзбекистон Президенти, муҳтарам Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга бўлажак давлат ташрифи ҳақиқатан ҳам тарихий аҳамиятга эга. Ишончимиз комилки, бу муҳим воқеа Қирғизистон–Ўзбекистон муносабатларида янги босқични очиб беради ҳамда ишонч, стратегик яқинлик ва умумий манфаатларга асосланган ҳамкорликнинг янги меъморчилигини шакллантиришга хизмат қилади.
Ташриф якунлари бўйича савдо-иқтисодий, сармоявий, саноат, транспорт-логистика, энергетика, маданий-гуманитар ва бошқа муҳим соҳаларда амалий шерикликни чуқурлаштиришга қаратилган янги келишувларга эришилиши кутилмоқда. Мамлакатларимиз ўртасида “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли ҳамда “Қамбарота-1” ГЭСи қурилиши каби муҳим инфратузилма лойиҳалари бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Давлат ташрифининг муҳим жиҳатларидан бири унинг бой ишбилармонлик ва гуманитар дастурга эга эканлигидир. Булар Қирғизистонда ўтказилаётган Ўзбекистон маданияти кунлари, навбатдаги Қирғизистон–Ўзбекистон бизнес-форуми, олий таълим муассасалари ректорлари форуми, ҳукуматлараро комиссия, ишбилармонлар ҳамда экспертлар кенгашининг йиғилишларидир. Шубҳасиз, бу тадбирлар ташриф кун тартибини янада бойитиб, янги қўшма қарорлар қабул қилиш учун мустаҳкам замин яратади.
Ташриф доирасида муҳим йўналишлардаги ҳамкорликка оид ҳужжатлар тўплами тайёрланмоқда. Улар Қирғизистон–Ўзбекистон ўзаро манфаатли шериклигини янада мустаҳкамлаш учун қўшимча имкониятлар тақдим этади.
Энг асосийси, бугунги кунда Қирғизистон ва Ўзбекистон ишонч, прагматизм ва ўзаро манфаатларга асосланган икки томонлама ҳамкорлик ва минтақалараро алоқаларни ривожлантиришнинг янги моделини шакллантирмоқда. Ўзбекистон Президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи икки қардош давлат ўртасидаги кўп қиррали стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашга катта туртки беришига ишонаман.
– Мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш рекорд даражадаги ўсиш суръатларини намойиш этмоқда. Ўзбекистон–Қирғизистон тараққиёт жамғармаси эса бир неча йилдан буён қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Сизнингча, қандай ташаббуслар яқин йилларда икки томонлама иқтисодий ҳамкорлик ва савдони сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши мумкин?
– Расмий статистика идоралари маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб 1,2 миллиард АҚШ долларига етди. Бу 2024 йилги кўрсаткичдан 37 фоизга кўпдир. Мазкур кўрсаткичлар 2026 йилнинг 5 ойида 469 миллион долларни ташкил қилиб, 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 44 фоизга ошди.
Иқтисодий шериклигимиз салоҳияти, очиқ ва қулай ишбилармонлик муҳитидан фойдаланган ҳолда, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан бу кўрсаткични 2 миллиард долларга етказишни муҳим вазифа деб ҳисоблаймиз.
Жорий йил июнь ойида Иссиқкўл соҳилида ҳукуматлари раҳбарлар раислигида икки томонлама ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон–Қирғизистон қўшма Ҳукуматлараро комиссиясининг навбатдаги 12-йиғилиши муваффақиятли ташкил этилди. Кўриб турибмизки, Ҳукуматлараро комиссия доирасидаги биргаликдаги ишлар барча келишув ва режаларни, биринчи навбатда, савдо-иқтисодий ва сармоявий соҳаларда амалга оширишга салмоқли ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон–Қирғизистон тараққиёт жамғармаси кўмагидаги лойиҳаларни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этади. Жамғарма фаолияти қўшма корхоналар ташкил этиш ва инвестицияларни жалб қилишда асосий воситага айланиб бормоқда. Ишончим комилки, жамғарма келгусида ҳам кичик ва ўрта бизнесни, айниқса, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва замонавий технологиялар соҳаларидаги фаолиятни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтиради.
Агросаноат соҳасида ҳам катта салоҳият мавжуд. Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш, маҳсулотларни қайта ишлаш ва замонавий технологияларни жорий этиш учун кенг имкониятлар мавжуд. Бу имкониятларни бирлаштириш нафақат икки мамлакатнинг ички бозори, балки минтақанинг бошқа давлатларига экспорт қилиш учун ҳам рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш имконини беради.
Бундан ташқари, туризм, таълим дастурлари ва технологиялар алмашинувини ривожлантиришга эътибор қаратиш зарур. Иқтисодий шериклик нафақат товарлар савдосига, балки инсон капиталини биргаликда ривожлантиришга асосланса, янада мустаҳкам бўлади.
Ўз навбатида, биз ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, икки мамлакат корхоналари ўртасида ҳамкорликни фаоллаштириш, инвестициявий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва қўшма лойиҳаларни илгари суришда ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрмиз.
– Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилиши бугун Евроосиёнинг энг муҳим инфратузилма лойиҳаларидан бири деб аталмоқда. Янги транспорт йўлаги мамлакатларимиз иқтисодиёти ва ҳамкорлигига қандай таъсир кўрсатиши мумкин?
– Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг кейинги иқтисодий интеграциялашувининг асосий омилларидан бири транспорт инфратузилмасини ривожлантиришдир. Бугун биз замонамизнинг “Ипак йўли”га айланиши ҳамда савдо, инвестициялар ва минтақавий ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очиши мумкин бўлган стратегик Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли лойиҳасини амалга оширишда сезиларли ютуқларни кўриб турибмиз.
Темир йўл қурилиши лойиҳаси нафақат мамлакатларимиз, балки бутун минтақа учун катта аҳамиятга эга. Ушбу линия уч мамлакатни боғлаб, Шарқ ва Ғарб ўртасида янги транспорт йўлагини яратади. Лойиҳанинг амалга оширилиши юкларни етказиб бериш муддатларини қисқартириш, логистика харажатларини камайтириш ва минтақа корхоналарининг халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Айниқса, ушбу лойиҳа Қирғизистоннинг Евроосиёдаги муҳим транзит тугунига айланишига ёрдам бериши, Ўзбекистон учун эса экспорт йўналишларини ривожлантириш ва логистика самарадорлигини оширишда қўшимча имкониятлар очиши муҳимдир. Янги темир йўл юк ташиш ҳажмини ошириш ва мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий алоқадорликни мустаҳкамлаш имконини беради.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, темир йўл фойдаланишга топширилгач, биринчи босқичда юк ташиш ҳажми йилига қарийб 5–8 миллион тоннани ташкил этиши мумкин. Келажакда транспорт инфратузилмасининг ривожланиши ва савдо оқимларининг ортиши билан бу кўрсаткич йилига 13–15 миллион тоннагача ўсиши мумкин.
Албатта, бундай кенг кўламли инфратузилма лойиҳасини амалга ошириш қатор мураккаб вазифаларни ҳал этишни талаб қилади. Бунинг учун экологик жиҳатларни ҳисобга олиш, ер ресурсларидан самарали фойдаланиш, темир йўл инфратузилмасининг техник стандартларини келишиш, лойиҳанинг молиявий барқарорлигини таъминлаш ва жамият томонидан қўллаб-қувватланишига эришиш лозим.
Темир йўл лойиҳасини ҳаётга тадбиқ этиш иштирокчи давлатлар раҳбарларининг алоҳида эътибори ва қўллаб-қувватлови остида турибди. Улар ушбу лойиҳани ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ва минтақанинг транспорт салоҳиятини ривожлантиришнинг муҳим унсури сифатида кўрмоқда. Олий даражадаги қўллаб-қувватлаш барча иштирокчиларнинг самарали ҳамкорлиги ва ушбу стратегик лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши учун зарур шарт-шароитларни яратади.
– Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорликнинг бугунги даражасини қандай баҳолайсиз ва ҳозирда қайси йўналишлар энг истиқболли ҳисобланади?
– Бугунги кунда Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий-гуманитар ҳамкорлик даражасини сўнгги йиллардаги энг жадал суръатлардан бири сифатида баҳолаш мумкин. Айнан шу соҳа икки томонлама муносабатларнинг бутун мажмуи учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Мамлакатларимизни умумий тарих, яқин тил, дин ва кўп асрлик яхши қўшничилик анъаналари боғлаб туради ва бу қўшма тадбирларнинг бой тақвимида ўз амалий ифодасини топмоқда.
Сўнгги ойларнинг ўзида қатор ёрқин гастроллар бўлиб ўтди. Қирғиз миллий академик драма театри труппаси Тошкентда Чингиз Айтматов оиласи ва ёзувчининг 100 йиллигига бағишланган “Охирги мактуб” спектаклини намойиш этди. “Куса” моноспектакли Тошкент, Андижон ва Бухоро шаҳарларида намойиш этилган бўлса, Гуласал Алиеванинг “Қил кўприк” драмаси ўзбек тилига таржима қилиниб, Бухоро вилоят театрида саҳналаштирилди. Бобур номидаги Ўш театрининг “Мақом” ансамбли Хўжанд ва Наманганда бўлиб ўтган халқаро фестивалларда иштирок этди. Ўзбекистонлик киноижодкорлар “Умут” халқаро форуми, Бишкек халқаро кинофестивали ва бошқа танлов дастурларида фаол иштирок этди. Қирғизистоннинг “Шаттиқ” ансамбли Хивада ўтказилган “Лазги” халқаро рақс фестивалида биринчи ўринни эгаллади.
2026 йил 21 июль куни Бишкек шаҳрида қирғиз тилига таржима қилинган “Янги Ўзбекистон: Шавкат Мирзиёев йўли” китобининг тақдимоти муваффақиятли бўлиб ўтди. Қирғизистон Республикаси Давлат котиби Арслон Койчиев ушбу нашр замонавий Ўзбекистоннинг тараққиёт йўли, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва давлат бошқаруви тизимидаги ўзгаришларни акс эттирувчи муҳим асар экани, китобнинг қирғиз тилига таржима қилиниши эса икки қардош халқ ўртасидаги маданий, илмий ва маънавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлганини таъкидлади.
Ўзаро маданият кунларини ўтказиш яхши анъанага айланиб, халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилаётгани маънавий бирлигимизнинг яна бир ифодасидир.
Халқларимизнинг бой адабий мероси муҳим бирлаштирувчи омил бўлиб қолмоқда. Ўзбекистонда буюк қирғиз ёзувчиси Чингиз Айтматов меросига кўрсатилаётган самимий эътиборни алоҳида миннатдорлик билан таъкидламоқчиман. Биз буни қирғиз халқи ва умумий маънавий тарихимизга бўлган чуқур ҳурмат ифодаси сифатида қабул қиламиз. Ўз навбатида, Қирғизистон ҳам ўзбек маданиятининг атоқли намояндалари хотирасини асраб-авайлашга интилади.
Энг истиқболли йўналишларга келсак, мунтазам равишда ўтказиладиган маданият ва кино кунларини давом эттириш, миллий театрлар ва мусиқий жамоаларнинг ўзаро гастроллари, Бишкекдаги ижодий олий таълим муассасаларида талабаларни ўқитиш учун мақсадли квоталарни кенгайтириш, минтақанинг тарихий-маданий меросини асраб-авайлаш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишни қайд этиш керак.
– Яқин 10–15 йиллик истиқбол ҳақида гапирадиган бўлсак, Ўзбекистон–Қирғизистон ҳамкорлигини қандай тасаввур қиласиз? Келгуси ўн йилликда мамлакатларимиз қандай қўшма ютуқлар билан ҳақли равишда фахрланиши мумкин?
– Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев ўртасидаги ишончли ва мунтазам мулоқот қирғиз–ўзбек муносабатларини изчил ривожлантиришда алоҳида ўрин тутмоқда. Айнан икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ва стратегик қарашлари қисқа вақт ичида икки томонлама ҳамкорликни деярли барча йўналишларда сифат жиҳатидан юқори даражага олиб чиқиш имконини берди.
Қирғизистон ва Ўзбекистон узоқ йиллар давомида ҳаракат қилган қирғиз–ўзбек давлат чегарасини делимитация қилишни якунлаш тарихий ютуқ бўлди. Эндиликда, давлат чегараси дўстлик ва яхши қўшничилик чегарасига айланиб, ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳам бошқа қўшни давлатлар каби Марказий Осиёда барқарор ривожланиш, хавфсизлик ва фаровонликнинг умумий маконини биргаликда шакллантиришни мақсад қилган.
Етакчиларимиз ва ҳукуматларимиз томонидан қабул қилинаётган барча қарорлар ўзаро савдони янада ошириш, саноат кооперациясини ривожлантириш, йирик инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, транспорт-логистика йўналишлари ва қўшма ишлаб чиқаришларни кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Бу Марказий Осиёнинг Евроосиёнинг муҳим транспорт-иқтисодий маркази сифатидаги рақобатбардошлигини ошириш ва ролини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Шу боис, бугунги кунда Қирғизистон–Ўзбекистон ҳамкорлигини минтақавий барқарорликнинг асосий омилларидан бири, деб ҳисоблайман. Мамлакатларимиз ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик асосида умумий вазифаларни самарали ҳал этиш ва ўзаро манфаатли ташаббусларни илгари суриш бўйича намуна кўрсатмоқда.
Барчамиз ёш авлод таълим, илм-фан, тадбиркорлик, туризм ва маданий алмашинув учун имкониятлар минтақасида яшашига интиламиз. Одамлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар қанчалик кўп бўлса, давлатлар ўртасидаги муносабатлар шунчалик мустаҳкам бўлади.
Биз муносабатларимиз келажагига катта ишонч билан қараймиз. Ўн йиллар ўтиб, мамлакатларимиз ва қардош халқларимиз фаровонлигига хизмат қиладиган салмоқли иқтисодий кўрсаткичлар ҳамда амалга оширилган кенг кўламли лойиҳаларнинг натижалари ҳақида фахр билан сўзлаймиз.
– Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашуви минтақага халқаро қизиқиш ортиб бораётган бир шароитда бўлиб ўтади. Сизнингча, бугунги кунда ушбу ҳамкорлик шакли олдида қандай стратегик вазифалар турибди?
– Чўлпонотадаги Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг биринчи норасмий маслаҳат учрашуви Марказий Осиё Евроосиёнинг энг жадал ривожланаётган минтақаларидан бирига айланиб, дунёнинг етакчи давлатлари диққат марказида турган бир пайтда ўтказилмоқда.
Назаримда, бундай шароитда энг асосий вазифа – аввало, минтақада барқарорликни таъминлаш, минтақавий бирликни сақлаш ва уни амалий мазмун билан тўлдиришдир.
Шу нуқтаи назардан, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг ўтган маслаҳат учрашувларида илгари сурилган барча муҳим ташаббусларнинг амалга оширилиши минтақавий кун тартибини мустақил белгилашга ва халқаро майдонда келишилган позицияларда ҳаракат қилишга қодир бўлган ягона ҳамкорлик майдонини шакллантиришга ҳисса қўшиши лозим.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 7-маслаҳат учрашуви давомида минтақавий ҳамкорликнинг институционал асосини мустаҳкамлаш, савдо тўсиқларини бартараф этиш ва стандартларни уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Шу билан бирга, қўшма ишлаб чиқариш занжирларини йўлга қўйиш, хомашё моделидан қайта ишлаш ва саноат шериклигига ўтиш, қулай сармоявий муҳитни яратиш, чегараолди саноат хаблари тармоғини шакллантириш ҳамда рақамли трансформация каби аниқ мақсадлар белгилаб олинди.
Озарбайжоннинг қўшилиши билан ушбу формат янгича мазмун касб этди. Гап Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ ўртасидаги халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш, савдо ва сармоявий шериклик имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириш ҳақида бормоқда.
Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг 7-маслаҳат учрашуви доирасида Қирғизистоннинг 2027–2028 йилларга мўлжалланган даврда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзолигига номзоди юзасидан ташкилотга аъзо давлатларга мурожаат қабул қилинганини алоҳида қайд этмоқчиман.
Қирғизистон номзодининг Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари томонидан қўллаб-қувватланиши минтақанинг муҳим халқаро масалаларда ҳақиқатан ҳам яхлит куч сифатида ҳаракат қила олишининг яққол далили бўлди. Биргаликда ҳаракат қилиб, Марказий Осиё мамлакатлари БМТдаги ўз мавқеларини сезиларли даражада мустаҳкамлади ва умумий дипломатик йўналишнинг муҳим намунасини яратди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси