Жозеф Свит: Ҳозир Ўзбекистон ва унинг келажагининг бир қисмига айланиш учун энг муҳим палла
Июнь 16, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 32
ТОШКЕНТ, 16 июнь. /“Дунё” АА/. Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган V Тошкент халқаро инвестиция форумида қатнашаётган нуфузли “Cleveland Clinic” тиббиёт марказининг халқаро фаолият бўйича директори Жозеф Свит “Дунё” АА мухбирига эксклюзив интервью берди.
– Инвесторлар учун Ўзбекистоннинг асосий устунлиги – бу унинг меҳнаткаш халқи деб ҳисоблайман. Бу ердаги иш тажрибамдан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, одамларнинг билим олиш, ривожланиш ва янги натижаларга эришишга бўлган интилиши мени доимо қойил қолдирган.
Шу сабабли, биз Марказий Осиё университетидаги ҳамкорларимиз билан алоқаларни янада ривожлантириш ва кенгайтириш тарафдоримиз. Ҳозир Ўзбекистон ва унинг келажагининг бир қисмига айланиш учун энг муҳим палла.
Мен Ўзбекистонга бир неча бор ташриф буюрганман ва ҳар сафар бу ердаги ўзгаришлар менда катта таассурот қолдирган. Аввало, бу одамлар, мамлакатнинг ривожланиш суръати ва ҳамма жойда кўзга ташланаётган бунёдкорлик ишлари кўлами. Ўзбекистон гўзал мамлакат, Тошкент эса чиройли, замонавий, жуда озода ва тартибли шаҳар. Буларнинг барчаси ҳар бир кишида улкан таассурот уйғотади.
Тошкент халқаро инвестиция форумига тўхталадиган бўлсак, унинг аҳамиятини баҳолаб бўлмайди. Бундай платформалар Ўзбекистон, АҚШ ва дунёнинг бошқа мамлакатларидан давлат арбоблари, бизнес раҳбарлари ҳамда турли ташкилотлар вакилларини бир жойга жамлаш имконини беради.
Форум очиқ мулоқот қилиш, янги имкониятларни излаш ва шериклик алоқаларини мустаҳкамлаш учун шароит яратади. Зеро, пировардида ҳамма нарса шу ерда вужудга келадиган ва келажакда янада ривожланадиган инсонлар ва ташкилотлар ўртасидаги муносабатларга асосланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси