Эдуардс Стипрайс: 2016 йилдан буён Ўзбекистоннинг жадал ривожланаётганига гувоҳ бўлаяпман
Август 06, 2026. 08:10 • 4 дақ
• 21
БРЮССЕЛЬ, 6 август. /“Дунё” АА/. Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Эдуардс Стипрайс Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади:
– Азиз дўстлар!
Бугун Ўзбекистон Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан сизларга мурожаат қилаётганимдан бениҳоят мамнунман.
Ушбу қутлуғ айём муносабати билан энг самимий табрикларимни қабул қилгайсиз.
Ўзимни Ўзбекистон халқининг ҳақиқий дўсти деб биламан. Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси сифатида тўрт йил давомида юртингизда яшаш ва ишлаш шарафига муяссар бўлдим. Бугунги кунда эса Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили сифатида Ўзбекистонга мунтазам ташриф буюраяпман.
Ўзбекистоннинг улкан тараққиётига бевосита гувоҳ бўлиш имконига эга бўлдим. 2016 йилдан буён кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Ўн йил аввал бошланган янгиланган жараёнлар натижасида мамлакат ҳаётида мазмунли ва сезиларли ўзгаришлар юз бериб, у янги қиёфа касб этди.
Мазкур ислоҳотлар Ўзбекистонни дунёга очди, уни халқаро ҳамкорлар, бизнес доиралари ҳамда меҳмонлар учун янада жозибадор масканга айлантирди.
Мамлакат фуқаролари учун ҳақиқий манфаатлар келтирди. Аҳоли турмуш даражасини ошириш, фаровонликни юксалтириш ҳамда шахсий ва касбий ривожланиш учун кенг имкониятлар яратилишига хизмат қилди.
Иқтисодий тараққиётни рағбатлантириш, бизнес муҳитини яхшилаш ва ижтимоий тараққиётни қўллаб-қувватлаш орқали ислоҳотлар дастури кўплаб инсонларга ўз орзу-интилишларини амалга ошириш, ўзлари ва оилалари учун янада яхшироқ келажак барпо этиш имконини берди.
Шу билан бирга, сўнгги ўн йил давомида эришилган улкан ютуқлар нафақат фахр манбаи, балки келгуси тараққиёт учун мустаҳкам пойдевор ҳамдир. Улар мамлакат ва унинг халқи учун янги ишонч, янги куч-ғайрат ва янги имкониятларни яратди.
Кенг кўламли ўзгаришлар ва ислоҳотлар жараёни давом этмоқда. Қўлга киритилган натижаларни мустаҳкамлаш ва мамлакат тараққиётини янада юқори босқичга олиб чиқиш учун янги истиқболлар очилмоқда.
Шу нуқтаи назардан, қишлоқ хўжалиги, маҳаллий бошқарув ва энергетика соҳаларидаги ўзгаришларни давом эттириш алоҳида аҳамиятга эга. Бу соҳалардаги тараққиёт амалга оширилган ислоҳотларнинг самарасини янада кучайтиради, мамлакат салоҳиятини рўёбга чиқаради ва фуқароларга аниқ манфаатлар келтиради.
Ташқи ва ички таҳдидлар, инсон омили билан боғлиқ ҳамда табиий хавф-хатарлар қаршисида барқарорликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон учун муҳим вазифалардан биридир. Сув танқислиги, иқлим ўзгариши, ташқи иқтисодий босимлар ва хавфсизликка оид таҳдидларга қарши туриш нафақат кучли давлатни, балки кучли фуқаролик жамияти институтларини, замонавий таълим олган ва танқидий фикрлаш қобилиятига эга фуқароларни ҳам талаб этади.
Янги Ўзбекистон халқаро ҳамкорликнинг янги даврини бошлаб берди. Мамлакат Марказий Осиёнинг марказида ишончли ва конструктив шерик сифатида намоён бўлиб, бутун минтақада тинчлик, барқарорлик ва ўзаро савдони ривожлантиришга беқиёс ҳисса қўшмоқда.
Ҳамкорлигимиз изчил равишда мустаҳкамланиб бормоқда ва унинг келажаги порлоқдир. Бугунги кунда у ўзаро боғлиқлик, таълим, рақамли технологиялар, “яшил” ўтиш, барқарор ривожланиш ва муҳим хом ашё ресурслари каби кенг кўламли соҳаларни қамраб олган.
Европа Иттифоқи билан Ўзбекистон алоқалари тобора мустаҳкамланиб бораётган стратегик шериклик муносабатларидир. Бугунги ўзгарувчан геосиёсий шароитда Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг ислоҳотлар йўлидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга катта аҳамият қаратади ва ушбу йўлда мамлакат билан елкама-елка туришдан фахрланади.
Бу ҳамкорлик қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқлари, меҳнат ҳуқуқлари, гендер тенглиги, Ўзбекистоннинг GSP+ режимидан фойдаланиши, Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёни ҳамда савдо тўсиқлари ва чекловларини босқичма-босқич қисқартириш каби муҳим йўналишларни қамраб олган.
2025 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган биринчи Европа Иттифоқи–Марказий Осиё саммити доирасида ўрнатилган стратегик шериклик муносабатлари минтақаларимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлади. У бизга умумий муаммоларни биргаликда ҳал этиш, инсонлар ҳаётини яхшилайдиган ва умумий барқарорлигимизни кучайтирадиган амалий лойиҳаларни бажариш имконини бермоқда.
Ўзбекистондаги барча ҳамкорларимизга Европа Иттифоқи билан муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги садоқати ва саъй-ҳаракатлари учун чуқур миннатдорлик билдирамиз. Биз ҳамкорлик руҳини юксак қадрлаймиз ва шериклигимизнинг кейинги босқичларига катта ишонч билан қараймиз.
Яна бир бор Ўзбекистон халқини Мустақилликнинг 35 йиллиги билан чин қалбимдан табриклайман.
Мустақиллик байрамингиз муборак бўлсин!
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси