“Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темир йўли қитъанинг иқтисодий харитасини қандай ўзгартиради
Август 05, 2026. 20:00 • 13 дақ
• 52
ТОШКЕНТ, 5 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов “Дунё” ахборот агентлигига интервью берди.
– Ўзбекистон Президентининг Қирғиз Республикасига тарихий давлат ташрифи “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлини қуриш лойиҳасига экспертлар ҳамжамиятининг катта эътиборини яна бир бор жалб этди. Бишкекдаги олий даражадаги музокараларда ушбу магистраль қандай ўрин эгаллади ва икки мамлакат раҳбарларининг диққат марказида лойиҳанинг қайси аниқ жиҳатлари бўлди?
– Дарҳақиқат, бўлиб ўтган давлат ташрифи Ўзбекистон–Қирғизистон муносабатлари ривожида янги босқични бошлаб берган том маънодаги тарихий воқеа бўлди. Олий даражадаги музокаралар мисли кўрилмаган ишонч, ўзаро англашув ва стратегик шериклик муҳитида ўтди. Бу икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги — иттифоқчилик босқичига кўтарилганини тасдиқлади.
Бугуннинг ўзидаёқ ҳақли равишда “аср қурилиши” деб аталадиган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли лойиҳасини амалий рўёбга чиқариш масаласи кун тартибида алоҳида ўрин эгаллади. Кўп йиллик муҳокамалардан сўнг лойиҳа фаол қурилиш босқичига ўтди. Икки мамлакат раҳбарлари кўлами жиҳатидан мисли кўрилмаган ишларнинг бугунги ҳолатини батафсил муҳокама қилдилар.
Музокаралар давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилишини жадаллаштириш зарурлигини таъкидлаб, мазкур лойиҳа бутун минтақанинг узоқ муддатли иқтисодий тараққиётини таъминловчи асосий омиллардан бири эканини қайд этди.
Моҳиятан, гап навбатдаги инфратузилма объектини барпо этиш ҳақидагина бормаяпти. Евросиёда ўзаро боғлиқликнинг янги архитектураси шаклланмоқда. У Марказий Осиёга халқаро субъект сифатидаги мавқейини сезиларли даражада мустаҳкамлаш, жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш ва ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш имконини беради. Шу сабабли давлат раҳбарлари амалий ишларни ўзаро мувофиқлаштириш ва транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш масалаларига катта эътибор қаратдилар.
Олий даражадаги яқин мувофиқлаштириш туфайли қурилиш суръатлари дастлабки жадвалдан олдинда бораётганини таъкидлаш муҳим. Дастлаб камида беш йилга мўлжалланган лойиҳани амалда бир йил олдин якунлаш режалаштирилмоқда.
Бу ресурслар юксак даражада сафарбар этилганини кўрсатади. Қурилиш объектларида ҳозирнинг ўзида 10 мингдан ортиқ мутахассис ва 7 мингдан зиёд оғир техника ишламоқда. Магистраль бутун Марказий Осиё тараққиётида мутлақо янги саҳифа очиб, кенг маконнинг геосиёсий ва геоиқтисодий тузилишини тубдан ўзгартирмоқда.
– Ушбу йўлакнинг Евросиё миқёсидаги геоиқтисодий аҳамияти нимадан иборат? У минтақанинг, хусусан, Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг мавқейини қандай ўзгартиради?
– Лойиҳа Шарқ ва Ғарб ўртасидаги энг қисқа ва самарали қуруқлик йўналиши — замонавий “темир Ипак йўли”ни шакллантириш орқали Евросиёнинг транспорт-логистика харитасини тубдан қайта тузмоқда.
Марказий Осиё анъанавий равишда глобал савдода транзит имкониятлари чекланган, қитъа ичкарисида жойлашган минтақа сифатида қабул қилинган. Ушбу темир йўлнинг ишга туширилиши бизни “берк” ҳудуддан Евросиё савдосининг глобал чорраҳасига айлантиради.
Янги магистралнинг лойиҳа қуввати йилига 15 миллион тоннагача юк ташишни ташкил этади. Кўламни тасаввур қилиш учун 2025 йилда Қирғизистон темир йўллари орқали жами 10,5 миллион тонна юк ташилганини қайд этиш кифоя. Демак, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли лойиҳа кўрсаткичларига чиққач, унинг ўтказиш қуввати Қирғизистон миллий темир йўл тизимининг ҳозирги умумий юк ташиш ҳажмидан ҳам юқори бўлади.
Ўзбекистон учун бу транзит маркази мақомини мустаҳкамлаш йўлидаги улкан қадам бўлиб, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва ундан кейин Европанинг йирик бозорларига тўғридан тўғри ва хавфсиз чиқиш имконини беради. Қирғизистон учун эса лойиҳа илгари бориш қийин бўлган тоғли ҳудудларни хўжалик фаолиятига кенг жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш ва миллий иқтисодиётни ривожлантиришни англатади.
Хитойдан Европа ва Яқин Шарққача бўлган масофа қарийб 900 километрга, юкларни етказиб бериш муддати эса 7–8 кунга қисқаради. Бу чекланган миқдордаги шимолий ёки денгиз йўналишларига қарамликни камайтиради.
Бироқ гап фақат масофа ва юк етказиб бериш муддатларини қисқартириш ҳақида эмас. Темир йўл Марказий Осиёнинг янги иқтисодий географиясини шакллантирувчи омилга айланмоқда. У минтақани халқаро логистиканинг оддий объектидан Евросиё транспорт оқимларини мустақил ташкил этувчи субъектга айлантиради. Бу давлатларимизнинг жаҳон иқтисодиётидаги ўрнини принсипиал жиҳатдан ўзгартиради.
– Ушбу темир йўл Ўрта йўлак, трансафғон йўналишлари ва Эрон орқали ўтадиган йўллар билан биргаликда Евросиё ўзаро боғлиқлигининг умумий архитектурасига қандай қўшилади?
– У бошқа йўналишлар билан рақобатлашмайди, аксинча, улар билан ягона ва ўзаро тўлдирувчи тизимни шакллантиради.
Биринчидан, темир йўл Ўрта йўлак, яъни Транскаспий халқаро транспорт йўналиши билан бевосита туташади. Бу Хитойдан Қирғизистон ва Ўзбекистон орқали, кейин эса Каспий денгизи, Кавказ ва Европа томон узлуксиз юк оқимини таъминлайди.
Иккинчидан, ривожланаётган трансафғон лойиҳалари ва Эрон йўналишидаги транспорт тармоқлари билан туташиши натижасида шарқ–ғарб ва шимол–жануб йўналишларининг қудратли чорраҳаси шаклланади. Марказий Осиё Хитойдан Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Европа томон йўналадиган оқимлар кесишадиган қитъа савдосининг муҳим мувофиқлаштирувчи марказига айланади.
Масалага кенгроқ назар ташланса, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўлининг Ўрта йўлак, Трансафғон йўналиши ва Эрон орқали ўтадиган транспорт тармоқлари билан боғланиши Евросиё ўзаро боғлиқлигининг принсипиал жиҳатдан янги тизимини шакллантириши аён бўлади.
Марказий Осиё бир ёки иккита ташқи йўналишга қарам бўлиб қолмайди ва савдо оқимларини бир вақтнинг ўзида бир нечта йўналиш ўртасида мослашувчан тақсимлаш имкониятига эга бўлади. Бу минтақанинг иқтисодий барқарорлигини сезиларли даражада мустаҳкамлайди ва унинг стратегик мустақил ҳаракат қилиш имкониятларини кенгайтиради.
Марказий Осиё ўзаро бир-бирини тўлдирадиган транспорт йўналишларига қанчалик кўп эга бўлса, ўз тараққиёт йўналишларини мустақил белгилаш салоҳияти шунчалик юқори, ташқи геосиёсий ларзаларнинг мамлакатларимиз иқтисодиётига таъсири эса шунчалик кам бўлади.
Шу сабабли бу шунчаки транспорт лойиҳаси эмас. У Марказий Осиёнинг ягона иқтисодий макон сифатидаги узоқ муддатли барқарорлигига киритилаётган инвестициядир.
– Сиз истиқболда ушбу йўлак трансафғон йўналиши билан ҳам боғланиши кераклигини айтдингиз. Бугунги кунда “Термиз – Найбобод – Майдоншаҳр – Логар – Харлачи” темир йўли лойиҳаси қандай амалга оширилмоқда ва “аср қурилиши”нинг муваффақияти унга қандай таъсир кўрсатиши мумкин?
– Трансафғон магистрали лойиҳаси ҳам изчил илгари сурилмоқда. Ҳозир фаол амалий ишлар олиб борилмоқда. Дала тадқиқотлари якунлангач, йил охирига қадар мазкур йирик йўналишнинг техник-иқтисодий асосларини тўлиқ шакллантириш режалаштирилган.
Айни пайтда «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилишининг ниҳоятда юқори суръатлари ва унга жалб этилган ресурслар кўлами Ўзбекистон энг мураккаб трансчегаравий йирик лойиҳаларни ҳам муваффақиятли амалга ошира олишини яққол намоён этмоқда.
«Аср қурилиши»нинг муваффақияти муҳандислик ва ташкилий салоҳиятимизни сезиларли даражада оширади, мамлакат раҳбариятининг қатъий сиёсий иродасини намойиш этади ва бошқа лойиҳаларни илгари суриш учун кучли катализатор бўлиб хизмат қилади.
«Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» йўналишининг амалий рўёбга чиқарилиши юксак суръат ва стандартларни белгилаб бермоқда. Бу Марказий Осиёга Ҳинд океани портларига энг қисқа чиқиш имконини берадиган Трансафғон лойиҳасини тезроқ илгари суриш ва амалга оширишга кучли ижобий таъсир кўрсатади.
– Темир йўл фақат тор доирадаги транзит вазифасини бажаради, деган қарашлар ҳам мавжуд. У реал иқтисодиёт, саноат ва Фарғона водийси учун ривожланиш омилига айлана оладими?
– Магистрални фақат бошқа давлатлар юкларини транзит қилиш воситаси сифатида кўриш нотўғри. Лойиҳа мультимодал транспорт ва саноат каркаси сифатида ишлаб чиқилган.
Транзит билан бир қаторда, темир йўл миллий саноат ва қайта ишлаш тармоқларини ривожлантиришнинг қудратли катализаторига айланади. Магистралнинг асосий тугунлари атрофида жадал ривожланиш зоналари шаклланмоқда.
Бунинг ёрқин мисоли Қирғизистон ҳудудида йирик Макмал қайта юклаш стансиясининг қурилишидир. У шунчаки техник пункт эмас, балки терминаллар, омборлар, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва хизмат кўрсатиш майдончаларини қамраб оладиган минтақавий даражадаги тўлақонли транспорт-логистика маркази сифатида лойиҳалаштирилмоқда.
Саноат корхоналари хомашё ва тайёр маҳсулотларни тезкор ва кафолатланган тарзда ташиш имкониятига эга бўлади. Бу харажатларни камайтириб, уларнинг рақобатбардошлигини оширади.
Лойиҳа Марказий Осиёнинг тарихий маркази, аҳоли зич ва иқтисодий жиҳатдан фаол ҳудуд бўлган Фарғона водийсига айниқса катта таъсир кўрсатади.
Фарғона водийси кўп асрлар аввал тутган мавқейини қайта тиклаш учун ноёб тарихий имкониятга эга бўлмоқда. Буюк ипак йўлининг энг муҳим тармоқлари айнан шу ҳудуддан ўтган. Бугунги кунда янги темир йўл туфайли водий замонавий Евросиё ўзаро боғлиқлигининг марказига яна қайтмоқда.
Фарғона водийси транспорт тизимининг чекка ҳудуди бўлишдан чиқиб, бутун қитъанинг муҳим ишлаб чиқариш, логистика ва инвестиция марказига айланади.
Қашғар, Торугарт, Арпа, Макмал, Жалолобод ва Андижон орқали ўтадиган магистраль макроминтақанинг асосий нуқталарини ягона транспорт йўли билан боғлайди. Бу инвестициялар оқимини кучайтириш, чегараолди савдосини жонлантириш ва логистика тўсиқларини бартараф этиш имконини беради.
Натижада чегараолди ҳудудларини ривожлантириш модели сифат жиҳатидан ўзгаради. Чекка ҳудудлар ўрнида иқтисодий ўсиш, саноат кооперацияси ва юқори ишбилармонлик фаоллиги макони шаклланади.
Буларнинг барчаси Ўзбекистон–Қирғизистон муносабатларини сифат жиҳатидан янги иттифоқчилик босқичига олиб чиқади. Баланд тоғли ҳудудлардаги мураккаб муҳандислик вазифаларини биргаликда ҳал этиш халқларимиз ўртасидаги ишончни янада мустаҳкамлайди ва чегарани тинчлик ҳамда фаровонлик ҳудудига айлантиради.
– Мазкур йўлакдан йўловчи ташишда ҳам фойдаланиладими ва бу туризм ҳамда бизнесга қандай таъсир кўрсатади?
– Лойиҳа бошиданоқ нафақат транзит, балки йўловчи қатновини ривожлантиришга ҳам мўлжалланган. Техник кўрсаткичларга кўра, мураккаб тоғ шароитида йўловчи поездларининг тезлиги соатига 120 километргача етиши назарда тутилган. Амалий жиҳатдан бу ҳақиқий инқилобий ўзгаришдир.
Тадбиркорлар, муҳандислар ва менежерлар Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг ишбилармонлик марказлари ўртасида тез ва қулай ҳаракатланиш имконига эга бўлади. Бу ягона инвестициявий макон шаклланишига хизмат қилади.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги қўшма корхоналар сони ҳозирнинг ўзида 450 тага етганини эслатиб ўтиш жоиз. Темир йўл ишга тушгач, ишбилармонлик фаоллиги бир неча баробар ортади.
Бундан ташқари, Тяншан тоғлари манзаралари, Иссиқкўл каби бетакрор сайёҳлик масканлари, Фарғона водийсининг тарихий шаҳарлари, Самарқанд ва Бухоро ягона тезюрар темир йўл тизими орқали ўзаро боғланади.
Сайёҳлар бир неча соат ичида чегараларни кесиб ўтиш имконига эга бўлади. Бу хизматлар соҳаси ва халқ дипломатияси ривожига улкан мультипликатив таъсир кўрсатади.
– Экспертлар ҳамжамиятида мазкур темир йўл Марказий Осиёни Хитой товарлари сотиладиган бозорга айлантириб қўймайдими, деган хавотирлар ҳам билдирилади.
– Бундай баҳолар Марказий Осиёни фақат хомашё етказиб берувчи минтақа сифатида тасаввур қилишга асосланган эскирган қарашлардан келиб чиқади. Бугунги воқелик эса мутлақо бошқача.
Биринчидан, минтақа мамлакатлари кенг кўламли саноатлаштириш дастурларини амалга оширмоқда. Сўнгги йилларда Марказий Осиё Евросиёдаги энг юқори саноат ўсиш суръатларидан бирини намоён этмоқда.
Хусусан, Ўзбекистонда саноат ишлаб чиқариши ҳажми сўнгги саккиз йилда 1,7 баробардан зиёд ошди, қайта ишлаш саноати маҳсулотлари ишлаб чиқариш эса қарийб икки баробар кўпайди. Бугунги кунда мамлакат саноат ишлаб чиқаришининг қарийб 80 фоизи айнан қайта ишлаш тармоғи ҳиссасига тўғри келади.
Машинасозлик, электротехника, кимё, фармацевтика, металлургия ва тўқимачилик тармоқлари айниқса жадал ривожланмоқда. Шу билан бирга, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва тайёр саноат товарлари экспорти барқарор ўсмоқда.
Қирғизистон ҳам салмоқли саноат динамикасини намойиш этмоқда. 2025 йил якунларига кўра, саноат ишлаб чиқариши 10,6 фоизга ўсди, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми эса сўнгги беш йилда икки баробардан зиёд кўпайди. Бунда жами саноат маҳсулотларининг 79,7 фоизи қайта ишлаш саноати ҳиссасига тўғри келди.
Озиқ-овқат, кимё, фармацевтика, қурилиш ва қайта ишлаш тармоқлари энг юқори ўсиш суръатларини таъминлади. Айни вақтда халқаро транспорт йўлакларига хизмат кўрсатишга мўлжалланган янги ишлаб чиқариш қувватлари, саноат майдончалари ва логистика марказлари ташкил этилмоқда.
Иккинчидан, манфаатлар ўзаро хусусиятга эга. Мамлакатларимиз аҳолиси 1,4 миллиарддан ортиқ бўлган дунёнинг энг йирик бозори — Хитойга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, тўқимачилик буюмлари, рангли металлар, кимё саноати маҳсулотлари, электротехника, қурилиш материаллари ва чуқур қайта ишланган товарларни етказиб бериш учун мисли кўрилмаган даражада тезкор имкониятга эга бўлади.
Бундан ташқари, давлат ташрифи давомида магистралнинг бутун йўналиши бўйлаб замонавий саноат зоналари, логистика марказлари ва ишлаб чиқариш майдончаларини олдиндан ташкил этиш масалалари батафсил муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ташаббуслари минтақани оддий транзит йўлагига айлантиришга эмас, балки қўшма ишлаб чиқаришларни ривожлантириш, саноат кооперациясини кенгайтириш ва янги ишлаб чиқариш занжирларини маҳаллийлаштиришга қаратилган.
Амалда Евросиёнинг янги ишлаб чиқариш белбоғи шаклланмоқда. Унда Марказий Осиё тайёр маҳсулотлар сотиладиган якуний бозор эмас, балки қўшилган қиймат яратишнинг глобал занжирларида тўлақонли иштирок этадиган минтақага айланади.
Шу сабабли темир йўл эндиликда хомашё ташишдан кўра мамлакатларимизнинг жадал ўсиб бораётган саноат ишлаб чиқаришига хизмат кўрсатиш учун кўпроқ зарур бўлмоқда.
У шунчаки транспорт йўлаги эмас, балки саноат кооперацияси, юқори қўшилган қиймат ва жаҳон иқтисодиётига интеграциялашувга асосланган Марказий Осиё иқтисодий тараққиётининг янги модели учун пойдеворга айланмоқда.
– Бугунги кунга қадар қурилишда амалда қандай ишлар бажарилди ва лойиҳадан олинадиган самарани янада ошириш имкониятлари мавжудми?
– Амалга оширилаётган ишлар кўлами ҳақиқатан ҳам катта таассурот уйғотади ва «аср қурилиши» энг фаол амалий босқичга ўтганини яққол кўрсатади.
Бугунги кунда йўлнинг Қирғизистон ҳудудидаги қисмида режалаштирилган 107 та участканинг 83 тасида бир вақтнинг ўзида иш олиб борилмоқда. Уларда 10 мингдан ортиқ мутахассис ва 7 мингдан зиёд оғир қурилиш техникаси тун-у кун фаолият юритмоқда.
Тяншаннинг денгиз сатҳидан 3 минг метрдан юқори бўлган ниҳоятда мураккаб тоғли шароитида амалга оширилаётган лойиҳа кўламини рақамлар орқали тасаввур қилиш мумкин.
Ҳозирга қадар 19,6 миллион куб метрдан ортиқ тупроқ кўчирилди. Шундан 5,26 миллион куб метрдан зиёди асосий объектлардан бири — Макмал стансияси қурилишига тўғри келади.
Айни пайтда 26 та туннелдан иборат тармоқ барпо этилмоқда. Бугунги кунга қадар асосий туннель йўлларининг 13,5 километрдан ортиғи қазиб ўтилди, ёрдамчи штольнялар бўйича ишлар эса 51 фоиздан ошди.
Туннель ишларининг қарийб учдан бир қисми портлатиш технологияларидан фойдаланмаган ҳолда замонавий механизациялашган усулда бажарилмоқда.
Лойиҳада назарда тутилган 50 та кўприкдан 38 таси бир вақтнинг ўзида қурилмоқда. Бу жами объектларнинг 76 фоизини ташкил этади. Уларнинг пойдевори учун қарийб 2,4 мингта қозиқ ўрнатилди.
Бошқача айтганда, ҳар куни минтақада деярли муқобили бўлмаган ноёб муҳандислик вазифалари ҳал этилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш бир вақтнинг ўзида муҳандис кадрларни тайёрлаш, замонавий қурилиш технологияларини жорий этиш ва транспорт соҳасида янги малакаларни шакллантириш бўйича йирик мактабга айланмоқда.
Энг мураккаб инфратузилма объектларини қуриш борасида ноёб тажрибага эга хитойлик шериклар билан ҳамкорлик мутахассисларимизга илғор технологик ечимларни ўзлаштириш имконини бермоқда. Келгусида ушбу тажрибага Марказий Осиёдаги бошқа йирик лойиҳаларни амалга оширишда талаб юқори бўлади.
Шу билан бирга, темир йўл қурилиши фақат дастлабки босқичдир. Янги транспорт йўлаги лойиҳада иштирок этаётган барча давлатлар учун энг юқори иқтисодий самара келтирадиган шарт-шароитларни бугуннинг ўзидаёқ шакллантириш ҳам муҳим.
Шу мақсадда Халқаро рақамли транспорт йўлакларини ривожлантириш стратегияси лойиҳа офиси мутахассислари магистраль фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган қатор амалий ташаббусларни ишлаб чиқдилар.
Хусусан, Қирғизистон–Хитой ва Қирғизистон–Ўзбекистон чегараларида «бир бекат — бир назорат» тамойили асосида нейтрал чегараолди эркин технологик зоналарини ташкил этиш таклиф қилинмоқда. Бу чегарадан ўтиш вақтини сезиларли даражада қисқартириш ва божхона тартиб-таомилларини мақбуллаштириш имконини беради.
Иккинчи йўналиш Қирғизистон–Ўзбекистон чегарасида логистика терминаллари, саноат майдончалари ва қайта ишлаш корхоналарини қамраб олган замонавий чегараолди эркин иқтисодий зонасини шакллантиришдан иборат.
Бу транспорт оқимини юқори қўшилган қиймат, янги иш ўринлари ва қўшма ишлаб чиқариш занжирларини яратиш манбаига айлантириш имконини беради.
Бундан ташқари, баланд тоғли темир йўллардан фойдаланиш учун истиқболли техник ечимларни ишлаб чиқадиган марказга айланувчи қўшма муҳандислик-конструкторлик бюросини ташкил этиш таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, уч мамлакат темир йўл маъмуриятлари ва божхона органларини ягона рақамли тизимга бирлаштирадиган умумий рақамли юк ташиш ҳужжатини жорий этиш назарда тутилмоқда.
Бироқ лойиҳанинг асосий қадрияти транспорт инфратузилмаси доирасидан анча кенгдир. «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли иқтисодиётларнинг ўзаро боғлиқлиги, саноат кооперацияси, технологик шериклик ва давлатларимизнинг рақобат устунликларидан биргаликда фойдаланишга асосланган минтақавий тараққиётнинг янги моделини шакллантирмоқда.
У Марказий Осиёнинг оддий транзит вазифасидан мустақил ишлаб чиқариш, логистика ва қўшилган қиймат яратиш маркази мақомига ўтиши учун шароит яратади.
Лойиҳанинг сиёсий жиҳати ҳам катта аҳамиятга эга. Бундан ўн йил аввал минтақа давлатлари ўртасида тўпланиб қолган зиддиятлар ва ишонч етишмаслиги туфайли бундай ташаббусни амалга ошириш деярли имконсиздек туюлган эди.
Бугунги кунда яхши қўшничилик, очиқ мулоқот ва ўзаро қўллаб-қувватлашга асосланган изчил сиёсат туфайли Марказий Осиё минтақавий ҳамкорликнинг принсипиал жиҳатдан янги даражасини намойиш этмоқда.
Шу маънода, темир йўл нафақат транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик рамзи, балки ишонч, прагматизм ва муштарак келажак учун умумий масъулиятга асосланган минтақанинг янги сиёсий маданиятининг моддий ифодасига ҳам айланмоқда.
Шу сабабли мазкур лойиҳанинг аҳамияти фақат ташиладиган миллионлаб тонна юклар ёки қурилган йўл километрлари билан ўлчанмайди. Унинг энг муҳим натижаси бутун Марказий Осиёнинг барқарор тараққиёти, иқтисодий мустақиллиги ва стратегик субъектлигини таъминлайдиган узоқ муддатли пойдеворни яратишида намоён бўлади.
Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати архивидан олинган сурат
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси