Польшанинг “Bronisze” бозорида ўзбек мева-сабзавотлари учун логистика-савдо мажмуаси ташкил этилади
Декабрь 01, 2025. 20:48 • 2 дақ
• 91ВАРШАВА, 2 декабрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Польшадаги элчихонаси дипломатлари Мазовия воеводалигидаги “Bronisze” қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат улгуржи бозорига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
1995 йилда ташкил этилган “Bronisze” бозори Польшадаги энг йирик аграр савдо майдонларидан бири ҳисобланади. Бозор Марказий Европада мева-сабзавот, гуллар ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси бўйича асосий логистика нуқтаси саналади. Бозор майдони 62 гектар. Ҳудудда 10 дан ортиқ йирик савдо объектлари, замонавий логистика инфратузилмаси, сақлаш ва тақсимлаш марказлари жойлашган.
Вакилларимиз бозор директори Кшиштоф Карпа билан ўтказган учрашувда Ўзбекистон ва Польша ўртасидаги аграр ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдосини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот жараёнида икки мамлакат ўртасидаги агросаноат соҳасидаги ҳамкорлик алоқалари ҳақида суҳбатлашилди. Бозор директори “Bronisze” бозорида Ўзбекистондан импорт қилинган тарвуз, қовун ва қуруқ мевалар муваффақиятли сотилаётганини таъкидлади.
– Бозоримизда Миср, Марокаш, Италия ва Испаниядан келтирилган тарвуз ва қовунлар ҳам бор. Бироқ, Ўзбекистонда етиштирилган полиз ва мева-сабзавот маҳсулотларининг таъм ва сифати юқори бўлиб, Польша бозорида ўз ўрнига эга, – дейди Кшиштоф Карпа.
Томонлар суҳбат давомида маҳсулотларни экспорт-импорт қилишда Европа Иттифоқи сифат ва хавфсизлик стандартларига жавоб бериши, етказиб бериш вақти ва логистика интизомига риоя қилиниши,
бозор эҳтиёжига мос равишда керакли ҳажмда ва белгиланган вақтда таклиф қилиш масалаларида фикр-мулоҳаза алмашди.
Шунингдек, Кшиштоф Карпа бозор ҳудудида био маҳсулотлар павильони қурилиши бошлангани ва унда Ўзбекистон ўз маҳсулотлари билан алоҳида иштирок этиши мумкинлигини қайд этди.
2026 йилнинг биринчи яримида Ўзбекистон Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори ҳамда Тошкент вилояти ҳокими бошчилигидаги делегациянинг Польшага ташрифи доирасида “Bronisze” бозори ҳудудида Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари дегустацияси ҳамда бизнес-форум ўтказиш бўйича маълумотлар берилди.
Учрашув якунида Тошкент вилоятидаги “FOOD CITY” улгуржи бозори ҳамда “Bronisze” ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш, 2026 йилда Кшиштоф Карпа бошчилигида Польша бизнес-миссиясининг Ўзбекистонга ташрифи, “Bronisze” бозори ҳудудида ўзбек мева-сабзавотларини сақлаш, саралаш ва қадоқлаш имкониятларига эга бўлган махсус логистика ва савдо мажмуасини ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Польшадаги агентлик Тошкентда ўз ваколатхонасини очмоқчи
Гужранвала шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди

