Рас ал-Хайма амирлиги Ўзбекистон билан ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор
Июнь 14, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 69
АБУ-ДАБИ, 14 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари БААнинг Рас ал-Хайма амирлиги Савдо-саноат палатаси раиси Муҳаммад Ал Нуаймий билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув давомида томонлар Ўзбекистон ва Рас ал-Хайма амирлиги ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ва ишбилармонлик ҳамкорлигининг жорий ҳолати ҳамда уни янада ривожлантириш истиқболларини атрофлича муҳокама қилди.
Муҳаммад Ал Нуаймий Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг қамровли иқтисодий ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай бизнес муҳити ҳамда мамлакатнинг юқори инвестициявий салоҳиятини алоҳида эътироф этди. У, шунингдек, ишбилармон доиралари орасида Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш тобора ортиб бораётганини таъкидлади.
Бундан ташқари, Рас ал-Хаймада “Made in Uzbekistan” миллий кўргазмасини ташкил этиш, шунингдек, амирликнинг йирик девелоперлик ва қурилиш компанияларини Янги Тошкент ҳудудида кўчмас мулк ва шаҳарсозлик лойиҳаларини амалга ошириш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.
Томонлар эришилган келишувларни самарали амалга ошириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида ўзаро яқин мулоқот ва амалий ҳамкорликни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Учрашув якунлари бўйича Рас ал-Хайма Савдо-саноат палатаси раиси бошчилигида амирликнинг етакчи компаниялари раҳбарларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш ҳамда ташриф доирасида икки мамлакат бизнес ҳамжамияти вакиллари иштирокида бизнес-форум ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси