ЮНЕСКОда Буюк Ипак йўли мероси ҳақида халқаро тадбир ўтказилди

Июнь 14, 2026. 10:00 • 3 дақ

81
ЮНЕСКОда Буюк Ипак йўли мероси ҳақида халқаро тадбир ўтказилди
ЮНЕСКОда Буюк Ипак йўли мероси ҳақида халқаро тадбир ўтказилди
ЮНЕСКОда Буюк Ипак йўли мероси ҳақида халқаро тадбир ўтказилди

ПАРИЖ, 14 июнь. /“Дунё” АА/. ЮНЕСКО қароргоҳида Халқаро цивилизациялар мулоқоти куни муносабати билан “Буюк Ипак йўли мероси, саёҳатлар ва анъаналар: маданиятлараро мулоқот сари йўл” мавзусида халқаро тадбир бўлиб ўтди, деб хабар қилади “Дунё” АА мухбири.

Ушбу нуфузли тадбирда Ўзбекистоннинг ЮНЕСКО ҳузуридаги Доимий ваколатхонаси тадбирнинг ҳамташкилотчиларидан бири сифатида иштирок этди.

Тадбирда ЮНЕСКО Котибияти, дипломатик корпус, илмий-эксперт доиралар, маданий ва академик муассасалар вакилларидан иборат 300 нафардан ортиқ киши қатнашди.

ЮНЕСКО Бош директорининг ўринбосари Лидия Брито Буюк Ипак йўли инсоният тарихида билим, ғоя, маданият ва анъаналар алмашинувининг муҳим майдони бўлгани, бу мерос бугунги кунда ҳам цивилизациялар ўртасидаги ишонч ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.

Тадбир доирасида маданий-гастрономик кўргазма ҳам ташкил этилди. Тақдимотларда Буюк Ипак йўлининг нафақат савдо йўналиши, балки халқлар ўртасидаги дипломатик, маданий ва интеллектуал алоқалар макони сифатидаги аҳамияти кенг ёритилди.

ЮНЕСКО ҳузуридаги Ўзбекистоннинг доимий вакили Камол Мухтаров Буюк Ипак йўли Ўзбекистон учун тарихий мерос билан бир қаторда маданий мулоқот ва ўзаро англашувнинг жонли тимсоли эканини қайд этди. У мамлакатимиз ҳудуди қадимдан Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдо, дипломатия ва илм-фан марказларидан бири бўлганини таъкидлаб, Самарқанднинг Амир Темур давридаги халқаро алоқалар маркази сифатидаги ўрнига алоҳида тўхталди.

Ўзбекистоннинг БМТ ва ЮНЕСКО доирасида цивилизациялар мулоқоти, маданий меросни асраш ва гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ташаббуслари, жумладан, Самарқандда ўтказилган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ва Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек ўқинг

Тадбир қатнашчиларига Тошкент шаҳрида барпо этилган Ислом цивилизацияси марказининг мақсад ва вазифалари тақдим этилди. Марказнинг архитектураси, музей ва илмий-тадқиқот имкониятлари ҳақидаги видеоролик иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. ЮНЕСКО вакиллари мазкур марказни Марказий Осиё халқларининг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасини намоён этувчи муҳим илмий-маърифий маскан сифатида баҳолади.

Экспертлар муҳокамаларида Самарқанд, Бухоро ва Сўғдиёна ҳудудининг Буюк Ипак йўли тараққиётидаги ўрни алоҳида эътироф этилди. Франциядаги Темурийлар тарихи ва санъати ассоциацияси президенти, Ўзбекистон туризм элчиси Фредерик Бопертюи-Брессан Сўғдиёна ҳудуди қадимги маданий қадриятлар тарқалишининг муҳим марказларидан бири бўлганини таъкидлади.

Шунингдек, Лейден университети профессори Елена Паскалева Темурийлар даври меъморчилиги ҳақида тўхталиб, Самарқандни турли цивилизациялар бадиий анъаналари уйғунлашган ноёб маданий марказ сифатида тавсифлади.

Тадбирнинг эътиборли иштирокчиларидан бири бўлган француз саёҳатчиси Лоик Вуазо ўзининг Буюк Ипак йўли бўйлаб 12 минг километрлик саёҳати тажрибаси билан ўртоқлашди. У Самарқанд, Бухоро ва Тошкентдаги тарихий обидалар, ўзбек миллий қадриятлари ва аҳолининг меҳмондўстлиги ҳақида тўлқинланиб сўзлади.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш