Реабилитациясининг “ўзбек модели”: Ўзбекистондаги “Меҳр” гуманитар операцияларининг етти йиллик якунлари

Май 30, 2026. 09:10 • 6 дақ

71
Реабилитациясининг “ўзбек модели”: Ўзбекистондаги “Меҳр” гуманитар операцияларининг етти йиллик якунлари

ТОШКЕНТ, 30 май. /“Дунё” АА/. Бугун биринчи “Меҳр” операциясида 156 нафар Ўзбекистон фуқароси, асосан аёллар ва болалар Суриядан ватанга қайтарилганига 7 йил тўлиш муносабати билан  Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи Тимур Аҳмедов “Дунё” ААга ушбу акция бўйича амалга оширилган ишлар хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– Янги Ўзбекистоннинг замонавий тарихида мамлакат фуқаролари дунёнинг қайси чеккасида бўлмасин уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш энди шунчаки конституциявий мажбурият эмас, балки давлатнинг инсонпарварлиги ва масъулиятининг олий намоёнига айланди. Бу йўлдаги энг мураккаб, аммо стратегик жиҳатдан муҳим синовлардан бири Сурия, Ироқ ва Афғонистондаги қуролли можаролар зоналаридан ватандошларни қайтариш бўлди.

Ўзбекистон дунёда биринчилар қаторида “бегоналаштириш” сиёсатидан “қайтариш ва марҳамат” сиёсатига ўтиб, ноёб реабилитация моделини яратди.

Бундай биринчи гуманитар операция роппа-роса етти йил аввал – 2019 йил 30 майда – Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий топшириғи билан амалга оширилди. Ўша миссия давомида уруш домида қолган Суриядан 156 нафар Ўзбекистон фуқароси – асосан аёллар ва болалар – Ватанга қайтарилди. Бу давлат ўз фуқароларини кечиришга ва бағрига босишга тайёр эканини очиқ-ойдин эълон қилган тарихий қадам бўлди.

Ўшандан бери умумий номи “Меҳр”деб аталган гуманитар операциялар силсиласи бошланди. Шавкат Мирзиёев ташаббусининг асосий концепцияси шундан иборатки, можаролар зонасига адашиб тушиб қолган Ўзбекистон фуқаролари давлат ҳимоясига ва янги ҳаёт бошлаш имкониятига ҳақлидирлар.

Ҳар бир миссия ўзининг логистикаси, хавф даражаси ва қайтарилаётган шахслар тоифаси жиҳатидан ноёб бўлди. 2019 йил октябрь ойида амалга оширилган “Меҳр-2” операциясининг ўзига хослиги шундаки, Ўзбекистон оналари хорижий қамоқхоналарда жазони ўтаётган 64 нафар боланинг тўлиқ васийлигини ўз зиммасига олди.

2020 йил декабрь ойида, жаҳон миқёсидаги пандемиянинг қаттиқ карантин чекловларига қарамай, “Меҳр-3” миссияси доирасида Суриянинг “Ал-Хол” ва “Рож” лагерларидан, оғир санитария шароитидан 98 нафар аёл ва бола қутқариб олинди. Кўплаб болалар ярадор ва оғир сурункали касалликларга чалинган эди. Операция АҚШ ва халқаро ташкилотларнинг техник кўмаги билан амалга оширилди.

“Меҳр-4” гуманитар операцияси 2021 йил февраль ойида ташкил этилди. Афғонистон йўналишидаги бу миссия мамлакат чегаралари яқинидаги узоқ чўзилган уруш гирдобида қолган 24 нафар фуқаронинг қайтишини таъминлади.

“Меҳр-5” операциясининг якунловчи босқичи 2021 йил апрель ойида амалга оширилиб, Суриядан 92 нафар киши – 24 нафар аёл ва 68 нафар бола, улардан 7 нафари мутлоқ етим – Ватанга олиб келинди. Ушбу операция доирасида тезкор ҳужжатлаштириш схемаси ишлаб чиқилди: болаларга тўғридан-тўғри аеропортда туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалар берилди ва улар дарҳол ҳуқуқий мақомга эга бўлишди.

Жами “Меҳр” операциялари натижасида 530 дан ортиқ киши қайтарилди, уларнинг тахминан 75 фоизини болалар ташкил этади. Бу борада асосий тамойил ўзгармасдан қолмоқда: болалар ота-оналарининг хатоси учун жавоб бермайди.

Репатриация шунчаки логистик жараён эмас – бу кечаги “адашган”ларни жамиятнинг тўлақонли аъзоларига айлантириш йўлидаги мураккаб ишдир. Ўзбек модели бешта йўналишга асосланади:

Биринчи, ҳуқуқий тикланиш. Репатриантларнинг 100 фоизи ҳужжатлар билан таъминланди. Можаролар зонасида туғилган ҳар бир болага Ўзбекистон Республикасининг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси берилди – бу тиббий ёрдам ва таълимдан фойдаланиш имконини очди.

Иккинчи, иқтисодий кўмак. Давлат одамларни эҳтиёжлар гирдобида ёлғиз қолдирмади. Имтиёзли кредитлаш ва касб-ҳунарга ўқитиш тизими орқали аёллар ишли бўлишди, маҳаллаларида кичик корхоналар очиб, иқтисодий мустақилликка эришишди. Репатриантларга сафарда бўлган вақтларида йўқотилган уй-жой ҳуқуқларини тиклашда ёрдам берилмоқда ёки имтиёзли ижара уй-жойлари тақдим этилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Учинчи, инклюзив таълим. Қайтарилган болалар махсус мактабларда эмас, балки оддий синфларда ўқийди – тенгдошлари билан бирга олимпиада ва спорт мусобақаларида қатнашади. Бугунги кунда 10 нафарга яқин репатриант, жумладан, аёллар олий ўқув юртларида таҳсил олмоқда, 9 нафар бола эса республика ва вилоят фан олимпиадаларининг ғолиби ҳамда совриндори бўлди.

Тўртинчи, маънавий-маърифий кўмак. Дин ишлари бўйича қўмита, Мусулмонлар идорасининг нуфузли теологлари ва имомлари репатриантлар билан профилактик суҳбатлар ўтказиб келмоқда. Улар анъанавий ҳанафий мазҳабининг инсонпарварлик моҳиятини тушунтириб, уни экстремистик талқинларга қарши қўяди. Қайтиб келганларнинг 90 фоиздан ортиғи жамиятга муваффақиятли мослашди ва дунёвий ҳаёт кечирмоқда.

Бешинчи, маҳалла институтини фаол жалб этиш. Маҳалладаги қўшнилар ва фаоллар оилаларга мослашишда кўмаклашмоқда, стигматизация (тамғалаш)нинг олдини олиб, самимий қўллаб-қувватлаш муҳитини яратмоқда. Ҳар бир оилага маҳалладан тажрибали мураббий бириктирилган бўлиб, у маиший қийинчиликларни ҳал қилишга кўмаклашади ва оиладаги ижтимоий муҳитни кузатиб боради.

Ўзбекистон фуқароларини можаролар зоналаридан репатриация қилиш натижалари халқаро ҳамжамият томониданенг муваффақиятли гуманитар моделлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) “Ўзбек моделини” бошқа ҳукуматлар учун йўл харитаси сифатида расман тавсия этди. БМТ Бош котибининг собиқ ўринбосари Владимир Воронков бу моделни давлат адолат ва инсонпарварликни қандай самарали уйғунлаштира олишининг ёрқин намунаси сифатида қайта-қайта таъкидлаган эди.

Реабилитация ва реинтеграция соҳасидаги ташаббуслар минтақавий йўналишда ҳам кучайтирилди. Хусусан, Ўзбекистон Президенти 2022 йил 3–4 март кунлари Тошкентда ташкил этилган “Марказий Осиё мамлакатларининг БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракат режаси доирасидаги минтақавий ҳамкорлиги” мавзусидаги юқори даражали халқаро конференцияда муҳим таклифни илгари сурди. Шавкат Мирзиёев БМТнинг Аксилтеррор бошқармаси шафелигида Марказий Осиё мамлакатларининг етакчи мутахассисларидан иборат Минтақавий эксперт кенгашини тузишни таклиф қилди.

2024 йил май ойида ушбу Минтақавий эксперт кенгашининг фаолияти бошланди. Бу қуролли можаролар зоналаридан қайтарилган шахсларни комплекс реабилитация ва реинтеграция қилиш лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлашнинг ўзига хос тимсоли бўлди. Кенгаш таркибига Марказий Осиё мамлакатларидан 40 дан ортиқ юқори малакали экспертлар киритилди – улар орасида ҳуқуқ-тартибот ва суд органлари вакиллари, шунингдек, психологлар, теологлар, тиббиёт ва ижтимоий ходимлар бор.

Лойиҳанинг аҳамияти Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Глобал ҳамжамият мулоқоти ва барқарорликни мустаҳкамлаш жамғармаси (GCERF) ҳамда Халқаро адолат ва қонун устуворлиги институти (IIJ) каби нуфузли халқаро тузилмаларнинг унга қўшилиши билан янада тасдиқ топди.

Кенгаш фаолияти БМТнинг асосий майдонларида тақдим этилди: 2024 йил 11 ноябрь ва 10 декабрь кунлари – Женева ва Нью-Йоркда, 2025 йил 21 май куни эса Венада тақдимотлар ўтказилди.

Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятига репатриациянинг хавфсизлик учун таҳдид эмас, балки уни мустаҳкамлаш воситаси эканини исботлади. Халқаро ташкилотлар бугун Ўзбекистонга шунчаки “вазиятни тузатиш” учун эмас, балки унинг муваффақиятли тажрибасини дунёнинг бошқа минтақаларида кенг жорий этиш учун сармоя киритмоқда.

Ўзбекистонда репатриантлар билан ишлаш ҳозирда “фавқулодда қутқариш” босқичидан тизимли интеграция босқичига ўтди. Мамлакатда давлат кўмаги ва жамоатчилик назоратини уйғунлаштирувчи яхлит механизм фаолият юритмоқда. Давлат репатриантларнинг ўтмишини тўлиқ ҳуқуқий жиҳатдан “йўқ қилиб юбориш”ни таъминламоқда, шунда у келажакка тўсқинлик қилмайди. Илгари жисмоний саломатликка эътибор қаратилган бўлса, энди урғу руҳий фаровонлик ва фуқаролик идентитетига (ўзликни англашга) кўчирилди. Бугунги кунда Ўзбекистондаги репатриант – бу солиқ тўловчи, маҳалла тадбирларининг фаол иштирокчиси ва фарзандлари ватанида ўз келажагини қураётган ота ёки онадир.

Ўз фуқаролари олдида чегараларни ёпишни афзал кўрганлардан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон раҳбарияти масъулият йўлини танлади. Ўзбекистон тажрибаси шуни тасдиқлайди: давлат ёрдам қўлини чўзганида, жамият мустаҳкамроқ бўлади ва хавфсизлик бузилмас бўлиб қолади.

Ўзбекистоннинг бу соҳадаги шиори аниқ: “Болалар террорчи бўлиб туғилмайди” ва ҳар бир ўзбекистонлик доимо ўз Ватанининг ҳимоясида бўлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш