Акрамжон Неъматов: Марказий Осиё ва Афғонистон ўртасида тизимли шерикликни ривожлантириш вақти келди
Июнь 19, 2026. 18:30 • 6 дақ
• 98ТОШКЕНТ, 19 июнь. /“Дунё” АА/. 16 июнь куни Кобулда “Марказий Осиё – Афғонистон” таҳлилий марказларининг биринчи форуми ўз ишини якунлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбир минтақавий ҳамкорлик, ўзаро боғлиқлик ва барқарор ривожланиш истиқболларини муҳокама қилиш учун янги эксперт платформасига айланди.
Форум жорий йилнинг 5-апрель куни Кобул шаҳрида ташқи сиёсат идоралари даражасида ўтказилган “Марказий Осиё + Афғонистон” вазирлар маслаҳат мулоқотининг мантиқий давоми бўлди. Аввалроқ, Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқоти доирасида “Марказий Осиё + Афғонистон” форматидаги экспертлар учрашуви бўлиб ўтган бўлиб, унда Кобул форумини ўтказиш ва мазмунан бойитиш бўйича ёндашувлар муҳокама қилинган эди.
Тадбир Марказий Осиё ва Афғонистон давлат раҳбарлари ва ташқи сиёсат идоралари ҳузуридаги Миллий стратегик тадқиқотлар институтлари, академик ва эксперт ҳамжамиятлари, илмий-тадқиқот марказлари, шунингдек, минтақа мамлакатларининг дипломатик корпуси вакилларини Кобулда жамлади.
Кун тартиби кенг қамровли бўлди. Сиёсий мулоқот ва минтақавий барқарорлик, хавфсизлик, иқтисодий ҳамкорлик, транспорт ва энергетика соҳасидаги ўзаро боғлиқликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш ва иқлим муаммоларига алоҳида эътибор қаратилди.
Экспертлар мулоқоти иштирокчиларига мурожаат қилар экан, Афғонистон Ташқи ишлар вазири Мавлавий Амир Хон Муттақий “Марказий Осиё + Афғонистон” таҳлилий марказларининг биринчи форуми ўтказилишини олқишлади ва уни минтақавий мулоқотни институционаллаштириш йўлидаги муҳим қадам дея баҳолади.
У Марказий Осиё ва Афғонистонни муштарак тақдир, умумий манфаатлар ҳамда минтақа келажаги олдидаги масъулият бирлаштириб туришини, шу боис бугун умумий маконнинг ривожланиш йўналишларини мустақил белгилаш ва ўз минтақавий кун тартибини яратиш вақти келганини таъкидлади. Афғонистон дипломатияси раҳбарининг сўзларига кўра, иқлим ўзгаришларига қарши биргаликда чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда CASA-1000, ТАПИ ва трансафғон транспорт йўлаклари каби минтақавий ўзаро боғлиқлик лойиҳаларини илгари суриш асосий йўналишлар бўлиши лозим. Мавлавий Амир Хон Муттақий “Марказий Осиё – Афғонистон” экспертлар платформаси ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро ишончни ошириш ва минтақа келажагига доир умумий қарашларни шакллантиришнинг муҳим воситасига айланишига ишонч билдирди.
Ўз навбатида, Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Стратегик тадқиқотлар маркази директори Абдул Ҳай Қанит минтақада Афғонистонга ёндашувларда муҳим ўзгаришлар юз бераётганини таъкидлади - мамлакатни асосан хавфсизлик таҳдидлари нуқтаи назаридан қабул қилишдан уни минтақавий ривожланиш ва ўзаро боғлиқлик жараёнларининг ажралмас иштирокчиси сифатида кўриб чиқишга ўтилмоқда. Ушбу ёндашувни илгари суришда Афғонистонни минтақавий жараёнларга конструктив жалб этиш тарафдори бўлган Ўзбекистон муҳим рол ўйнаётганини таъкидлади. Экспертнинг сўзларига кўра, бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон ўртасида мулоқот, жалб қилиш ва умумий ривожланиш имкониятларини излашга асосланган прагматик ҳамкорлик борасида консенсус шаклланмоқда.
Форумда сўзга чиққан Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари Акромжон Неъматов Афғонистонга нисбатан замонавий ёндашувлар тобора прагматик тус олиб, амалий ечимлар излашга йўналтирилаётганини қайд этди. Мутахассиснинг фикрича, сўнгги йиллардаги халқаро тажриба Афғонистонни яккалаб қўйиш ва айни вақтда унинг ички барқарорлашувини кутиш сиёсати ўзини оқламаганини кўрсатди. Шу муносабат билан у тизимли ва конструктив ҳамкорликка ўтиш зарурлигини таъкидлади.
Бугунги кунда масала Афғонистон билан ҳамкорлик қилиш ёки қилмасликда эмас, балки бу ҳамкорлик қандай бўлиши – ситуатив ёки тизимли, узоқ муддатли хавфсизлик ва тараққиёт архитектурасини шакллантиришга йўналтирилган бўлиши кераклигида экани алоҳида таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон сиёсати Афғонистонни минтақавий жараёнларга конструктив жалб этиш ҳамда ўзаро масъулият ва умумий манфаатларга асосланган ҳамкорликнинг барқарор моделини шакллантириш заруратидан келиб чиқиши қайд этилди.
Акрамжон Неъматовнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Афғонистонга бўлган ёндашуви тубдан ўзгарган: уни асосан хавф-хатарлар манбаи сифатида қабул қилишдан, шаклланаётган Марказий ва Жанубий Осиё маконининг муҳим иштирокчиси ҳамда минтақавий хавфсизлик ва тараққиёт тизимининг ажралмас қисми сифатида кўришга ўтилган.
Алоҳида таъкидланганидек, "иқтисодий таркибий қисмга фақат тижорат манфаати учун эътибор қаратилмайди. Гап ривожланишнинг ўзига хос тинчликпарварлик дивидендини шакллантириш ҳақида бормоқда.
Акрамжон Неъматовнинг сўзларига кўра, "қўшма лойиҳалар, энергетика тармоқлари, транспорт йўлаклари ва савдо алоқалари қанчалик кўп бўлса, барча иштирокчиларнинг тинчлик ва барқарорликни сақлашдан манфаатдорлиги шунчалик юқори бўлади."
Шу муносабат билан спикер фақат икки томонлама ҳамкорлик билан чекланиб қолмасдан, тўлақонли минтақавий ҳамкорлик архитектурасини шакллантиришга ўтишга чақирди. "Минтақамиз ўзига юклатилган транзит ҳудуд, куч марказлари ўртасидаги чекка ҳудуд ва буфер ролидан ташқарига чиқишга ва умумий маконимизнинг жаҳон иқтисодиёти ва глобал сиёсатдаги ўрнини ўзгартиришга қодир бўлган ўзаро ҳамкорлик моделини шакллантиришга қодир," - деди эксперт.
Унинг сўзларига кўра, гап Марказий ва Жанубий Осиё ташқи жараёнларнинг объекти эмас, балки мустақил ривожланиш марказига - Евроосиёнинг муҳим ишлаб чиқариш ва логистика тугунига ҳамда глобал қўшилган қиймат занжирларининг ажралмас бўғинига айланадиган моделга ўтиш ҳақида бормоқда.
Июн ойи бошида Афғонистоннинг нуфузли делегацияси иштирокида бўлиб ўтган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг иккинчи йиғилиши айнан шу вазифага бағишлангани алоҳида таъкидланди.
Акрамжон Неъматов бугунги кунда замонавий Марказий Осиё яхши қўшничилик, ўзаро ишонч, иқтисодий ҳамкорлик ва минтақавий субъектликни мустаҳкамлаш тамойилларига асосланган ўз ривожланиш стратегиясига эга бўлган бирлашган минтақа эканлигига урғу берди. “Марказий Осиё ўз тажрибасида энг мураккаб масалаларни ҳам мулоқот, муроса ва ўзаро манфаатларни ҳисобга олиш орқали ҳал қилиш мумкинлигини исботлади”, - деди у.
Эксперт Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида кўп ўн йилликлар давомида биринчи марта ягона ҳамкорлик маконини шакллантириш учун шарт-шароитлар шаклланаётганига ишонч билдирди. Шу муносабат билан у ушбу тарихий имкониятни қўлдан бой бермасликка ва минтақанинг кўп йиллар давомидаги ривожланишини белгилаб берадиган узоқ муддатли жараёнларни бошлаш учун ҳозирги ижобий динамикадан фойдаланишга чақирди.
Акрамжон Неъматов Ўзбекистон Афғонистонни минтақавий ҳамкорликнинг янги моделини шакллантиришда асосий шериклардан бири деб билишини ва уни минтақавий жараёнларга конструктив жалб этиш учун очиқлигини таъкидлади. Шунга кўра, Афғонистон ҳам қўшни давлатлар манфаатларини ҳисобга олиши ва барқарор, башорат қилинадиган ва қулай минтақавий муҳитни шакллантиришга ҳисса қўшиши керак.
“Фақат шу йўл билангина Марказий ва Жанубий Осиёнинг барча халқлари манфаатларига жавоб берадиган хавфсизлик, тараққиёт ва фаровонликнинг умумий архитектурасини қуриш мумкин”, - дея таъкидланди нутқ давомида.
Умуман олганда, форум иштирокчилари “Марказий Осиё + Афғонистон” формати шаклланаётган минтақавий ҳамкорлик архитектурасининг муҳим элементига айланиб, сиёсий мулоқотни экспертлар ўлчами билан тўлдираётганини тасдиқладилар.
Учрашув якунида томонлар Марказий ва Жанубий Осиё минтақасида узоқ муддатли барқарорлик, изчил ривожланиш ва ўзаро боғлиқликни таъминлашга қаратилган устувор йўналишлар ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ таклифларни шакллантирдилар.
Шунингдек, Кобул форуми минтақавий хавфсизлик, ўзаро боғлиқлик ва барқарор тараққиёт масалалари бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқиш учун мунтазам майдонга айланиши таъкидланди.
Томонлар минтақада ишончни мустаҳкамлаш, ўзаро боғлиқликни ривожлантириш ҳамда барқарорлик ва тараққиётнинг узоқ муддатли архитектурасини шакллантиришга қаратилган экспертлар ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш ва саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга тайёр эканликларини билдирдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


