Евгений Баскин: Янги Ўзбекистон ташқи дунёга очиқ ва инвесторлар учун жозибадор давлатга айланмоқда

Август 25, 2026. 13:00 • 3 дақ

97
Евгений Баскин: Янги Ўзбекистон ташқи дунёга очиқ ва инвесторлар учун жозибадор давлатга айланмоқда

МИНСК, 25 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Беларусдаги фахрий консули, “Серволюкс” компанияси раиси Евгений Баскин мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.

– Ўзбекистон халқи ва раҳбариятини мустақилликнинг 35 йиллиги билан самимий муборакбод этаман.

Мустақилликнинг 35 йиллиги мамлакат ҳаётида муҳим тарихий сана сифатида кенг нишонланмоқда. Бу қутлуғ айём нафақат босиб ўтилган тараққиёт йўлини сарҳисоб қилиш, балки Янги Ўзбекистоннинг келгуси мақсад ва устувор вазифаларини белгилаш учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Сўнгги ўн йил Ўзбекистон учун туб ислоҳотлар ва кенг кўламли ўзгаришлар даври бўлди. Мамлакат қисқа давр ичида нисбатан ёпиқ ва хомашёга йўналтирилган иқтисодиётдан ташқи дунё учун очиқ, жадал ривожланаётган ва инвестициялар учун жозибадор давлатга айланди.

Айниқса, валюта бозорини либераллаштириш, инвестиция муҳитини яхшилаш, саноат зоналари ва технопаркларни ривожлантириш, ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш каби ислоҳотлар мамлакат иқтисодий салоҳиятини юксалтиришда муҳим омил бўлди.

8–9 июль кунлари Ўзбекистон Президентининг Беларусга ташрифи икки мамлакат муносабатлари тарихида муҳим бурилиш нуқтаси бўлди. Ташриф доирасида Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко Ўзбекистон–Беларусь стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларацияни имзолади.

Шунингдек ўқинг

Шу билан бирга, мазкур ташриф давомида 2026–2030 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий ва ижтимоий-гуманитар ҳамкорлик режаси, агросаноат, енгил саноат, туризм, маданият, илм-фан ва бошқа соҳаларда қатор ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзаро савдо ҳажмини яқин истиқболда 2 миллиард долларга етказиш мақсади белгиланди.

Бундай қўшма чора-тадбирлар биз тадбиркорлар учун янги имкониятлар яратади. Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳамиз икки мамлакат ўртасидаги саноат кооперациясини кенгайтирмоқда. Тошкент вилоятида ташкил этилган паррандачилик кластерида ем ишлаб чиқаришдан тортиб, парранда гўштини қайта ишлашгача бўлган тўлиқ ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Ўзбекистоннинг янги тараққиёт босқичида инсон капиталига, илм-фан ва таълимга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Компаниямиз юртингиздаги тўртта олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик қилаяпти. Дуал таълим дастурларининг йўлга қўйилиши талабалар учун амалиёт ва кейинчалик ишга жойлашиш имкониятини яратмоқда.

Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли Хитойдан Марказий Осиёгача бўлган йўлни 900 км ва 7–8 кунга қисқартиради. Трансафғон йўлаги Арабистон денгизи портларига чиқиш имконини беради. Бизнинг бизнесимиз учун бу бевосита логистика харажатларини камайтириш ва янги бозорларга чиқишдир.

Яна бир бор Ўзбекистон фуқароларини истиқлол шодиёнаси билан чин дилдан қутлайман.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш