Покистондан Олот туман касб-ҳунар техникумига беғараз грант жалб этилди
Август 25, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 58
ИСЛОМОБОД, 25 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси кўмагида Олот туман касб-ҳунар техникуми учун 8 дона замонавий планшет ва 2 дона ноутбукдан иборат беғараз грант кўмаги жалб этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Элчихонага бириктирилган Олот туман касб-ҳунар техникумини ривожлантириш, унинг таълим ва моддий-техник салоҳиятини ошириш, ўқувчилар учун замонавий билим ва амалий кўникмаларни эгаллашга муносиб шароитлар яратишга ҳар томонлама амалий кўмак кўрсатиш мазкур ташаббуснинг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади.
Тақдим этилаётган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари техникумнинг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, таълим жараёнини замонавий техник воситалар билан бойитиш ва ўқувчиларнинг рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш кўникмаларини оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари ва Олот туман касб-ҳунар техникуми директори Комил Пирнаев ўртасида бўлиб ўтган мулоқот давомида Покистон томонидан тақдим этилаётган беғараз грант кўмагидан оқилона ва самарали фойдаланиш, келгусида мазкур таълим муассасаси базасида IT соҳасига ихтисослашган инновацион ўқув марказини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Олот туман касб-ҳунар техникуми директори мазкур ташаббус ўқувчиларнинг амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш, таълим жараёни самарадорлигини янада ошириш ва малакали кадрлар тайёрлаш сифатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишига ишонч билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси