Европа Иттифоқи 13 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларда чеклов қўймоқчи

Июль 14, 2026. 09:30 • 3 дақ

106
Европа Иттифоқи 13 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларда чеклов қўймоқчи

БРЮССЕЛЬ, 14 июль. /“Дунё” АА/. Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляен экспертлар гуруҳининг ижтимоий тармоқларда вояга етмаган фойдаланувчилар учун ёшга доир чекловлар жорий этишни тавсия қилувчи ҳисоботини тақдим этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “DW” нашрига таяниб.

Мутахассислар 13 ёшдан кичик болаларга ота-она назоратисиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлашни таклиф қилмоқда. Катта ёшдаги ўсмирлар учун эса, агар онлайн платформалар қарамликнинг шаклланиши, зўравонлик саҳналари ва нафрат сўзларидан ҳимояни таъминлай олмаса, чекловлар жорий этиш тавсия этилади.

“Ижтимоий тармоқлар учун ёшга мос чекловлар зарурлиги ҳеч кимга сир эмас. Гап болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдалана олиш-олмаслиги ҳақида эмас. Гап ижтимоий тармоқлар фарзандларимизга қачон ва қандай шартлар асосида кириш имкониятига эга бўлиши ҳақида кетмоқда”, – дея таъкидлади Урсула фон дер Ляен. Унинг сўзларига кўра, қонунчиликка оид таклифларни 2026 йил сентябригача тайёрлаш режалаштирилган.

Мазкур ташаббус Еврокомиссиянинг “Ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган, болалар ва ўсмирларнинг руҳий ҳамда жисмоний саломатлигига таҳдид солувчи хатарларни камайтириш” борасидаги навбатдаги қадами бўлди. Умумевропа миқёсидаги ёшга доир чекловларни жорий этишни Дания, Испания, Греция ва Франция ҳам қўллаб-қувватламоқда. Бир қатор мамлакатларда бундай чоралар аллақачон миллий даражада амал қилмоқда.

Германияда федерал ёшлар ишлари бўйича вазир Карин Прин 2027 йил охиригача тегишли қонун лойиҳасини тақдим этишга ваъда берди. Аввалроқ, Германия ҳукумати ҳузуридаги экспертлар гуруҳи 13 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини бутунлай тақиқлашни, айрим хизматлар учун эса потенциал хавфлилик даражасидан келиб чиқиб чекловлар ўрнатишни таклиф қилган эди.

Европа Иттифоқи (ЕИ) мамлакатлари ёшга доир чекловларни мустақил равишда жорий этиш ҳуқуқига эга. Бироқ “Instagram”, “TikTok” ва “Snapchat” каби йирик платформаларда уларга риоя этилишини Еврокомиссия назорат қилади. У хизматлар фаолиятига ўзгартиришлар киритишни талаб қилиши ва қоидабузарликлар учун жарималар қўллаши мумкин.

Ҳозирги вақтда йирик ижтимоий тармоқлар ЕИ мамлакатларида 13 ёшдан кичик фойдаланувчиларнинг киришини аллақачон чеклаган. Чунки Европанинг шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилиги бу ёшдаги болаларга ўз шахсий маълумотларини қайта ишлашга мустақил равишда розилик беришга рухсат этмайди.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил ноябрь ойида Европа парламенти 16 ёшгача бўлган ўсмирлар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш тўғрисидаги таклифни қабул қилган эди.

“Reuters” агентлиги сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш