Европада июнь охирида аномал иссиқ туфайли 10 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди

Июль 13, 2026. 16:30 • 2 дақ

12
Европада июнь охирида аномал иссиқ туфайли 10 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди
“AFP” агентлиги сурати

БРЮССЕЛЬ, 13 июль. /“Дунё” АА/. Европанинг 27 давлатида июнь ойининг охирига тўғри келган аномал иссиқ туфайли 10 минг 650 нафар киши бевақт вафот этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Касалликларнинг олдини олиш ва назорат қилиш бўйича Европа маркази ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўмагида фаолият юритувчи “EuroMOMO” ўлим мониторинги дастури маълумотларига кўра, ортиқча ўлимларнинг аксарияти 65 ва ундан катта ёшдаги одамларда кузатилган.

Статистика 22­ июндан 28 июнгача бўлган даврни қамраб олади ва сабабидан қатъий назар, барча ўлим ҳолатларини ўз ичига олади. Маълумотларга кўра, фақат Бельгияда ортиқча ўлим даражаси 2000 йилдан бери иссиқлик тўлқинлари пайтида энг юқори кўрсаткичга эга бўлган.

Қайд этилишича, ҳаддан ташқари юқори ҳарорат нафақат иссиқлик уришига, балки юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликларининг кучайишига ҳам олиб келиши мумкин. Бу борада, айниқса, кексалар орасида бунга мойил кишилар кўпчиликни ташкил этади.

“EuroMOMO” экспертлари июнь ойининг сўнгги ҳафтасида ортиқча ўлим асосан Франция ва Бельгияда қайд этилганини таъкидлаган.

Шунга ўхшаш хулосалар бошқа тадқиқотларда ҳам кузатилган. Хусусан, Роберт Кох институтининг ҳисоб-китобларига кўра, июнь ойи охирига келиб, Германияда жазирама туфайли 5,1 мингга яқин одам вафот этган. Улардан 4,3 минг нафари 2228 июнгача бўлган вақт ичида қайд этилган. Ҳалок бўлганларнинг 80 фоиздан ортиғини 75 ёшдан ошган кексалар ташкил этган.

Лондон Империал коллежи Буюк Британия метеорология хизмати билан ҳамкорликда ўтказилган тадқиқот да маълум қилинишича, фақат Англия ва Уэльсда июнь ойи охиридаги аномал иссиқлик 2,7 мингга яқин ўлимга сабаб бўлган.

Худди шу тадқиқотчиларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Европанинг 12 та йирик шаҳрида жазирама иссиқ 2,3 мингга яқин одамнинг ҳаётига зомин бўлган. Энг кўп ўлим ҳолатлари Милан, Париж ва Барселонада қайд этилган.

Аввалроқ, Европа иқлим хизмати “Copernicus” 2026 йил июнь ойи Ғарбий Европада кузатувлар тарихидаги энг иссиқ ой бўлганини маълум қилган эди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш