Украина ҳукумат раҳбари истеъфога чиқди
Июль 13, 2026. 15:30 • 3 дақ
• 95
КИЕВ, 13 июль. /“Дунё” АА/. Украина бош вазири Юлия Свириденко президент Владимир Зеленский билан учрашувдан сўнг ҳукумат раҳбари лавозимини тарк этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Украинская правда” онлайн-нашрига таяниб.
Бунгача Украина Президенти мамлакат бош вазирини алмаштиришга тайёргарлик кўраётганини маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, у Юлия Свириденкога асосий халқаро ҳамкорлар билан боғлиқ янги йўналишни бошқаришни таклиф қилган.
Юлия Свириденко бош вазир лавозимида бир йилга яқин вақт давомида ишлади. У 2025 йил июль ойида бир қатор кадрлар алмашинувидан сўнг ҳукуматга раҳбарлик қилди ва Украина тарихида бу лавозимда иккинчи аёл раҳбар бўлди. Бунгача у бош вазирнинг биринчи ўринбосари, иқтисодиёт вазири ва Президент девонида фаолият юритган.
“Украинанинг энг янги тарихидаги энг мураккаб даврда ҳукуматни бошқариш шарафига муяссар бўлганимдан фахрланаман”, деб ёзди у ўзининг telegram-каналида.
Янги бош вазирни тайинлаш бўйича якуний қарорни Украина Олий Радаси (парламенти) қабул қилади. Ҳукумат раҳбарининг истеъфоси бутун Вазирлар Маҳкамасининг истеъфосига олиб келади, улар янги таркиб шакллантирилгунга қадар ўз вазифаларини бажаришда давом этади.
Украина оммавий ахборот воситалари бош вазир лавозимига эҳтимолий номзодлар орасида собиқ ҳукумат раҳбари Денис Шмигаль, мудофаа вазири Михаил Фёдоров ва “Нафтогаз Украини” МАК бошқаруви раиси Сергей Корецкийни тилга олган.
Ҳукумат ўзгариши эълон қилинганидан сўнг Президент Сергей Корецкий, Денис Шмигаль, ички ишлар вазири Игорь Клименко ва Харьков мэри Игорь Терехов билан учрашган.
Депутат Ярослав Железняк тахминига кўра, Юлия Свириденко учун эҳтимолий янги лавозимлардан бири – Украинанинг АҚШдаги элчиси вазифаси бўлиши мумкин. Агар у тайинланса, Украинанинг Вашингтондаги ҳозирги элчиси Ольга Стефанишина ўз лавозимини тарк этишига тўғри келади. Аввалроқ, элчи шахсий сабабларга кўра дипломатик хизматни якунлаш истагини билдирган эди.
Таъкидлаш жоизки, Владимир Зеленский ташқи сиёсатнинг асосий йўналишлари, жумладан, АҚШ билан “Patriot” тизимлари учун ракеталарни ишлаб чиқариш ва Европа Иттифоқи билан хавфсизлик лойиҳаларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини қайд этган.
Аввалроқ, АҚШ Президенти Дональд Трамп Украинага “Patriot” комплекслари учун ракеталар ишлаб чиқариш учун лицензия беришга тайёрлигини маълум қилган эди. Мутахассисларнинг фикрича, биринчи ракеталар Украинага камида бир-икки йилдан кейин етиб келиши мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси