Эйндховенда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва маданияти тақдимот қилинди

Июль 04, 2026. 14:49 • 2 дақ

3
Эйндховенда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва маданияти тақдимот қилинди
Эйндховенда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва маданияти тақдимот қилинди
Эйндховенда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва маданияти тақдимот қилинди
Эйндховенда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ва маданияти тақдимот қилинди

ЭЙНДХОВЕН, 4 июль. /“Дунё” АА/. Нидерландиянинг Эйндховен шаҳрида юртимизнинг сайёҳлик салоҳияти, миллий мероси ва замонавий жозибадорлигини кенг тарғиб қилишга қаратилган маданий-маърифий тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Тадбир Ўзбекистоннинг Брюсселдаги элчихонаси томонидан “Ватандошлар” жамоат фонди ва Эйндховен марказий кутубхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилди. Унда Нидерландия жамоатчилик ва маданият доиралари вакиллари, маҳаллий аҳоли ҳамда ўзбек диаспораси аъзолари иштирок этдилар.

Дастур доирасида “Заковат” интеллектуал ўйини, Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятлари тақдимоти ҳамда миллий маданиятимиз намуналари намойиши ташкил этилди.  

Тақдимот давомида хорижлик иштирокчиларга Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий мероси, қадимий шаҳарлари, меҳмондўстлик анъаналари, ҳунармандчилик санъати, миллий пазандачилик мактаби ҳамда чет эллик сайёҳлар учун яратилган замонавий шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Айниқса, юртимизнинг ўзига хос ҳунармандчилик анъаналари йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир доирасида қўл меҳнати билан тайёрланган миллий либослар ва ипак адрас-атлас (икат) маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Ушбу кўргазма хорижликларга ўзбек миллий дизайнининг бетакрорлиги, тўқимачилик анъаналарининг бойлиги ва миллий ҳунармандчиликнинг юқори даражасини яққол намойиш этиш имконини берди. Шунингдек, Эйндховен кутубхонасида чет эллик китобхонлар ва ташриф буюрувчилар учун Ўзбекистон ҳақидаги тақдимот материаллари жойлаштирилди.

Шунингдек ўқинг

Эйндховен кутубхонаси раҳбарияти ва вакиллари бўлиб ўтган тадбирга юқори баҳо бериб, Ўзбекистон томони билан ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар. Айниқса, ўзбек халқ эртаклари, болалар адабиёти, тарихий ва бадиий асарларни нидерланд китобхонларига таништириш лойиҳаларига алоҳида қизиқиш билдирилди.

Ўтказилган мазкур тадбир Ўзбекистоннинг очиқ, динамик ривожланаётган ва жозибадор сайёҳлик йўналиши сифатидаги ижобий нуфузини халқаро майдонда мустаҳкамлашга хизмат қилиб, хориждаги ватандошлар билан алоқаларни янада кучайтиришда муҳим амалий қадам бўлди.


Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш