Исроилдаги ватандошлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди
Июнь 20, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 126
ТЕЛЬ-АВИВ, 20 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Исроилда вақтинча меҳнат фаолиятини олиб бораётган ватандошлар билан учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда иштирокчиларга Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўзлаб берилди.
Шу билан бирга, хорижда меҳнат қилаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга тақдим этилаётган имтиёзлар ҳамда оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан мамлакатимизда ва хориждаги ватандошлар иштирокида ўтказилиши режалаштирилаётган тадбирлар, ўзбек тили ва адабиётини тарғиб этиш, миллий маданий меросни асраб-авайлаш, буюк аждодларимиз Амир Темур, Алишер Навоий ва Мирзо Улуғбекнинг бой илмий-маънавий меросини кенг тарғиб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида ватандошларнинг меҳнат ва турмуш шароити, иш ҳақларининг ўз вақтида тўланиши, турар жой билан таъминланиши каби масалалар ўрганилди. Исроил ҳудудида қонуний бўлиш учун зарур ҳужжатларни ўз вақтида расмийлаштириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир иштирокчиларига меҳнат муносабатлари, тиббий суғурта, шахсий хавфсизлик ҳамда диний экстремистик ғоялар таъсиридан эҳтиёт бўлиш масалалари бўйича тушунтиришлар берилди.
Учрашув якунида элчихона томонидан фуқароларга кўрсатилаётган консуллик хизматлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Хусусан, консуллик масалаларини тезкор ва масофадан туриб ҳал этиш имконини берувчи “Consular Services” мобиль иловасидан фойдаланиш тартиби тушунтирилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси