Беларусь ОАВ: Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажми 13 баробардан зиёдга ошди

Июль 04, 2026. 13:30 • 2 дақ

12
Беларусь ОАВ: Ўзбекистон билан товар айирбошлаш ҳажми 13 баробардан зиёдга ошди

МИНСК, 4 июль. /“Дунё” АА/. Беларусь оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон Президентининг Беларусга бўлажак ташрифи бўйича турли мақолаларни эълон қилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Хусусан, “БелТА” АА, “ОНТ” телеканали ва “СБ. Беларусь сегодня” газетаси Ўзбекистон етакчисининг Минскка давлат ташрифи бўйича тайёргарлик жараёни ҳақида алоҳида тўхталиб ўтган. Бўлажак ташриф икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим босқичи сифатида баҳоланган.

Беларусь ОАВ икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг динамик ривожланишига алоҳида эътибор қаратди. Материалларда қайд этилишича, сўнгги ўн йил ичида Беларусь ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 13 баробардан зиёдга ошган.

Қайд этилишича, мамлакатлар саноат кооперациясини кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга татбиқ этиш ва янги ишлаб чиқариш занжирларини яратиш ҳисобига ўзаро товар айирбошлашни сезиларли даражада ошириш ниятида. Нашрларда машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, фармацевтика ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ҳамкорлик қилиш учун улкан салоҳият мавжудлиги урғуланган.

Шу билан бирга “ECCIS” экспертлар ҳамжамиятининг икки мамлакат ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш ва транспорт-логистика алоқаларини такомиллаштиришга бағишланган йиғилиши ҳам ёритилди. Муҳокамалар давомида экспертлар логистика тўсиқларини янада бартараф этиш, ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш ва халқаро транспорт йўлаклари доирасида ҳамкорликни чуқурлаштириш зарурлигини қайд этди.

“Minsk News” ахборот агентлиги маълумотларига кўра, учрашув иштирокчилари Беларусь ва Ўзбекистоннинг истиқболда ўзаро савдо ҳажмини бир неча баробар ошириш ниятида эканини таъкидлаган. Бунга янги қўшма лойиҳаларнинг амалга оширилиши ҳамда ишбилармонлик алоқаларининг кенгайиши хизмат қилиши маълум қилинган.

Беларусь нашрлари маданий-гуманитар кун тартибига ҳам катта эътибор қаратган. “Minsk News” порталининг хабар беришича, июль ойида Беларусда Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтади. Унинг дастуридан санъат усталарининг концертлари, кўргазмалар, кинонамойишлар, миллий анъаналар тақдимотлари ва икки мамлакат ижодий доиралари вакилларининг учрашувлари ўрин олган.

 

 

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш