Чэнду шаҳрида биринчи Ўзбекистон–Хитой чорвачилик форуми бўлиб ўтди
Май 20, 2026. 16:55 • 2 дақ
• 60ЧЭНДУ, 20 май. /“Дунё” АА/. Хитойнинг Сичуань провинциясида жойлашган Чэнду шаҳрида халқаро чорвачилик кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Кўргазма доирасида Ўзбекистоннинг Пекиндаги элчихонаси кўмагида биринчи Ўзбекистон–Хитой чорвачилик соҳасидаги ҳамкорлик форуми ташкил этилди.
Форумда Ўзбекистон ва Хитойнинг қишлоқ хўжалиги ҳамда чорвачилик соҳаси мутахассислари, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, мамлакатимиз вилоятлари ҳокимликлари вакиллари иштирок этди.
Тадбир қатнашчиларига Ўзбекистонда чорвачилик соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, хорижий тажрибани ўрганиш учун яратилаётган имкониятлар, замонавий технологияларни жорий этиш ва юқори маҳсулдорликка эришиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Хитойлик иштирокчилар Ўзбекистонда мазкур соҳада амалга оширилаётган ўзгаришларни юқори баҳолаб, чорвачилик йўналишида ҳамкорлик қилиш ва соҳага инвестиция киритишга қизиқиш билдирди.
Хусусан, Хитой миллий чорвачилик ассоциацияси Бош котиби Ша Юйшэнь мазкур форум илк бор ўтказилаётганига қарамасдан, келгусида икки мамлакат ўртасида кенг қамровли ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Форум доирасида соҳа мутахассислари ўртасида G2B ва B2B форматларида учрашув ҳамда музокаралар ўтказилди. Уларда чорвачилик соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича бир қатор келишувларга эришилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси







