“Alayam” газетаси: Ўзбекистоннинг Жаҳон шахмат олимпиадасига мезбонлик қилишига саноқли кунлар қолди

Август 01, 2026. 10:00 • 2 дақ

100
“Alayam” газетаси: Ўзбекистоннинг Жаҳон шахмат олимпиадасига мезбонлик қилишига саноқли кунлар қолди

МАНАМА, 1 август. /“Дунё” АА/. Баҳрайннинг оммабоп “Alayam” газетасида “Ўзбекистоннинг Жаҳон шахмат олимпиадасига мезбонлик қилишига саноқли кунлар қолди” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Халқаро шахмат кунини муносиб нишонлаб, ушбу ақл заковат ўйинининг адолат, инклюзивлик ва ўзаро ҳурмат қадриятларини мустаҳкамлашдаги ўрнини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, 2026 йилнинг 15–27 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Халқаро шахмат федерациясининг (FIDE) 46-Жаҳон шахмат олимпиадаси эълон қилинди.

Мақолада қайд этилишича, бу шахмат соҳасидаги дунёдаги энг йирик тадбир бўлиб, Марказий Осиё тарихида илк бор ўтказилмоқда. “Ипак йўли” халқаро кўргазмалар марказида бўлиб ўтадиган ушбу нуфузли анжуманда Самарқанд 200 га яқин миллий терма жамоаларни қабул қилиши кутилмоқда. Бу эса Ўзбекистоннинг етакчи халқаро спорт тадбирларини ўтказиш бўйича жаҳон марказларидан бири сифатидаги ортиб бораётган обрў-эътиборини намоён этади.

Шунингдек ўқинг

Муаллифнинг ёзишича, Ўзбекистоннинг шахмат спорт турида эришаётган муваффақиятлари Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ёш истеъдодларни ривожлантириш ва оммавийликни оширишга қаратилган узоқ муддатли сармоялар натижасидир. Бу саъй-ҳаракатлар энг юқори халқаро даражада рақобатлаша оладиган янги шахматчилар авлодини шакллантиришга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, нашрда таъкидланишича, Шахмат олимпиадаси Ўзбекистонда 2026 йилда ўтказиладиган муҳим халқаро спорт тадбирлари силсиласида алоҳида ўрин тутади. Хусусан, 8–10 октябрь кунлари Тошкентда Сув спорт турлари бўйича халқаро федерация шафелигида Жоҳон кубоги, 12–25 октябрь кунлари стол тенниси бўйича Осиё чемпионати, 6–8 ноябрь кунлари самбо бўйича Жаҳон чемпионати ҳамда 19–21 ноябрь кунлари дзюдо бўйича ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати бўлиб ўтади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш