СМТИ эксперти: Стратегик шерикликдан иттифоқчилик сари

Июль 31, 2026. 20:00 • 6 дақ

98
СМТИ эксперти: Стратегик шерикликдан иттифоқчилик сари
Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати архивидан олинган сурат

ТОШКЕНТ, 31 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) бўлим бошлиғи Азамат Сулиманов “Дунё” ААга Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифи якунлари бўйича фикр билдирди:

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи Ўзбекистон–Қирғизистон муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини намоён этди. Ташрифнинг асосий якуни Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бўлиб, ушбу ҳужжат икки мамлакат ҳамкорлигини аввалги стратегик шериклик доирасидан янги даражага олиб чиқди.

Стратегик шериклик сиёсий мулоқот ва муҳим йўналишлардаги ҳамкорликни кенгайтириш учун асос яратган бўлса, иттифоқчилик томонларнинг янада чуқур ўзаро масъулиятини назарда тутади.

У томонларнинг бир-бирини қўллаб-қувватлаш, минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича ёндашувларни мувофиқлаштириш, юзага келаётган таҳдидларга биргаликда жавоб қайтариш ҳамда ҳар икки мамлакат учун стратегик аҳамиятга эга узоқ муддатли лойиҳаларни амалга оширишга тайёрлигини мустаҳкамлайди.

Янги босқични институционал жиҳатдан расмийлаштиришнинг муҳим элементи Олий давлатлараро кенгашнинг ташкил этилиши бўлди. Мазкур тузилма икки томонлама ҳамкорлик масалаларини мунтазам кўриб чиқиш майдонига айланиб, эришилган келишувларни амалга оширишга қўшимча суръат бағишлайди.

Эътиборлиси, ташриф умумминтақавий мулоқот фаоллашган бир шароитда ўтди. Ўзбекистон Президенти Қирғизистонда бўлиб турган вақтида Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон раҳбарларининг норасмий Маслаҳат учрашувида ҳам иштирок этди.

Бундай учрашувларнинг ўтказилаётгани минтақа мамлакатлари Марказий Осиёни умумий манфаатлар муштарак бўлган яхлит макон сифатида тобора кўпроқ қабул қилаётганини кўрсатади. Бу маконда хавфсизлик, иқтисодиёт, транспорт, энергетика ва барқарор тараққиёт масалалари ўзаро мувофиқлаштирилган ечимларни талаб қилади.

Сўнгги йилларда минтақада иттифоқчилик муносабатлари тармоғи шаклланмоқда. Қирғизистон Қозоғистон ва Тожикистондан кейин Ўзбекистон билан ҳамкорликнинг ушбу форматини расмийлаштирган Марказий Осиёдаги учинчи мамлакат бўлди. Мазкур ҳолат 2025 йил ноябрь ойида Тошкент саммитида қабул қилинган Марказий Осиёнинг минтақавий хавфсизлиги, барқарорлиги ва изчил тараққиёти концепцияси билан биргаликда минтақа давлатлари ҳамкорликнинг янги даражаси – хавфсизлик ҳамжамиятини шакллантириш сари босқичма-босқич ўтаётганидан далолат беради.

Гап давлатлар барқарорликни биргаликда таъминлайдиган, умумий таҳдидлар қаршисида ўз ҳаракатларини мувофиқлаштирадиган ҳамда хавфсизликни сиёсий барқарорлик, иқтисодий тараққиёт, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлик, сув-энергетика ҳамкорлиги ва экологик хавфсизликни қамраб олувчи комплекс тушунча сифатида кўрадиган маконни яратиш ҳақида бормоқда.

Давлат ташрифи мавзусига қайтадиган бўлсак, Ўзбекистон–Қирғизистон муносабатлари кун тартибининг тубдан ўзгаргани алоҳида эътиборга молик.

Бундан бир неча йил аввал асосий эътибор давлат чегараси билан боғлиқ йиллар давомида тўпланиб қолган масалаларни тартибга солишга қаратилган эди.

Бугунги кунда эса устувор йўналишлар мутлақо бошқача. Давлат раҳбарлари саноат кооперациясини ривожлантириш, савдо ҳажмини ошириш, йирик инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш ва гуманитар алоқаларни чуқурлаштириш масалаларини муҳокама қилмоқда. Бундай ўзгариш икки давлат раҳбари ўртасидаги юксак сиёсий ишонч туфайли мумкин бўлди.

Муносабатларнинг янги мақоми аллақачон аниқ иқтисодий мазмун билан бойитилди. Музокаралар якунида ўзаро савдо ҳажмини 3 миллиард АҚШ долларига етказиш, янги қўшма корхоналар ташкил этиш, барқарор ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш ҳамда икки мамлакат кооперацияси доирасида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан ташқи бозорларга чиқиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар давом эттирилиши тасдиқланди.

Ушбу келишувларнинг мантиқий давоми сифатида 2026–2027 йилларда агросаноат мажмуаси соҳасида амалга ошириладиган амалий чора-тадбирлар режаси имзоланди. Унинг амалга оширилиши қўшма агросаноат қўшилган қиймат занжирларини шакллантириш, чуқур қайта ишланган маҳсулотлар экспортини ошириш ва икки мамлакат ишлаб чиқарувчиларининг рақобатбардошлигини юксалтириш имконини бериши кутилмоқда.

Шунингдек ўқинг

Агросаноат мажмуасидаги кооперацияни чуқурлаштириш етказиб бериш барқарорлигини ошириш, қўшма ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва икки давлатнинг аграр салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш ҳисобига Ўзбекистон ва Қирғизистон озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшиши муҳимдир.

Шу билан бирга, томонлар Ўзбекистон–Қирғизистон тараққиёт жамғармаси фаолиятини такомиллаштиришга келишиб олди. Бу қўшма лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини кенгайтиради.

Транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ҳам асосий йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилишини минтақанинг геосиёсий мавқеини ўзгартирадиган «аср қурилиши» деб атади. Мазкур лойиҳанинг аҳамияти янги транзит йўналишини яратиш доирасидан анча кенгдир.

Томонлар темир йўл бўйлаб савдо-логистика инфратузилмасини биргаликда ривожлантириш, савдо ва транспорт тартиб-таомилларига рақамли ечимларни фаол жорий этиш, автомобиль транспортида юк ташувчилар учун янада қулай шароитлар яратишга келишиб олдилар. Бу магистраль атрофида транспорт, омборхона, саноат ва савдо инфратузилмасини бирлаштирувчи тўлақонли ишлаб чиқариш-логистика марказини шакллантириш имконини беради.

Чегараолди ҳудудларини ривожлантириш ҳам қўшимча суръат олади. Ўзбекистон–Қирғизистон чегарасидаги ўтказиш пунктлари сонини кўпайтириш, уларнинг инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда икки мамлакат фуқароларининг ўзаро асосда бўлиб туриш қоидаларини соддалаштириш бўйича келишувларга эришилди.

Мазкур қарорлар чегараолди савдосининг ўсиши, туризмнинг ривожланиши, ишбилармонлик алоқаларининг кенгайиши ва ҳудудлар ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.

Моҳиятан, чегара ажратиб турувчи чизиқдан фаол иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик маконига айланмоқда. 2026–2027 йилларга мўлжалланган маданият соҳасидаги чора-тадбирлар режаси ва туризм соҳасидаги қўшма ҳаракатлар режасининг амалга оширилиши ушбу жараённинг муҳим давоми бўлади. Мазкур ҳужжатлар маданий алмашинувларни кенгайтириш, икки мамлакат халқлари ўртасидаги гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда аллақачон рекорд кўрсаткичларни намоён этаётган сайёҳлик оқимларини янада ошириш учун қўшимча шароитлар яратади.

Шу нуқтайи назардан, Чашма булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги битимнинг имзоланиши алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу ҳужжат икки давлатнинг нозик масалалар бўйича мулоқот ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш орқали ўзаро мақбул ечимлар топишга қодир эканининг яна бир мисоли бўлди. Бундай келишувлар ишонч муҳитини мустаҳкамлайди ҳамда чегараолди ҳудудларидаги ресурсларни биргаликда бошқаришнинг амалий механизмларини яратади.

Ўзбекистон Президентининг Қирғизистоннинг олий давлат мукофоти – I даражали “Манас” ордени билан тақдирланиши ҳам ўзаро ишончнинг юксак даражасини намоён этди. Бу унинг Ўзбекистон–Қирғизистон муносабатларини мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёда яхши қўшничилик сиёсатини илгари суришга қўшган шахсий ҳиссасининг эътирофи бўлди.

Пировардида, ташрифнинг аҳамияти имзоланган ҳужжатлар сони билан эмас, балки икки мамлакат муносабатларининг янги сифат даражаси мустаҳкамлангани билан белгиланади. Иттифоқчилик Ўзбекистон ва Қирғизистоннинг янада яқинлашуви учун узоқ муддатли асос яратиб, иқтисодий шерикликни кенгайтириш, қўшма инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очади.

Айни пайтда муносабатларнинг янги формати бутун Марказий Осиё доирасида янада фаол ҳамкорлик қилиш учун шароит яратмоқда. Ўзбекистоннинг Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистон билан иттифоқчилик алоқалари шаклланиб бораётган бир шароитда ишонч, ўзаро манфаат ва минтақа имкониятларидан биргаликда фойдаланишга асосланган минтақавий ҳамкорликнинг янги модели мустаҳкамланмоқда.

Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистон–Қирғизистон иттифоқчилиги нафақат икки томонлама муносабатларнинг муҳим босқичи, балки янада барқарор, ўзаро боғланган ва иқтисодий жиҳатдан кучли Марказий Осиёни шакллантиришга қўшилган ҳисса ҳамдир.

Ўзбекистон Президенти Матбуот хизмати архивидан олинган сурат

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш