Ўзбекистон ва Миср ўртасида қурилиш ва дизайн соҳасида қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди
Август 01, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 73
ҚОҲИРА, 1 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасида мазкур мамлакатнинг қурилиш ва интерьер дизайни соҳасида фаолият юритувчи “Takweenat” компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистон ва Миср ўртасида қурилиш, архитектура ҳамда интерьер дизайни соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.
Мисрлик ишбилармонлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари ва инвестициявий ислоҳотларни юқори баҳолаб, мамлакатимиз бозорида фаол иштирок этишга қизиқиш билдирди.
Хусусан, улар маҳаллий хусусий компаниялар билан ҳамкорликда турар-жой мажмуалари, тижорат бинолари ҳамда бошқа инфратузилма объектларини лойиҳалаш, замонавий интерьер дизайн ечимларини ишлаб чиқиш ва амалга татбиқ этиш бўйича қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш имкониятларини кўриб чиқишга тайёр эканини маълум қилди.
Учрашув давомида соҳада кадрлар салоҳиятини ошириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар ўзбекистонлик мутахассислар учун қурилиш ва интерьер дизайни йўналишларида онлайн ва офлайн форматларда ўқув курслари, малака ошириш дастурлари, амалий семинарлар ҳамда тажриба алмашинувини ташкил этиш бўйича дастлабки келишувларга эришди.
Томонлар мазкур йўналишлардаги ҳамкорликни изчил давом эттириш, истиқболли лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва ўзаро алоқаларни янада фаоллаштириш юзасидан ҳам фикр-мулоҳаза алмашди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси