“Daily Spokesman” газетаси : Расмий Тошкент ва Вашингтон ҳамкорлиги дунёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади
Февраль 22, 2026. 10:34 • 2 дақ
• 84
ИСЛОМОБОД, 22 февраль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Daily Spokesman” газетасида “Тинчлик кун тартибини мустаҳкамлаш: Ўзбекистон Тинчлик кенгаши доирасида конструктив ташаббусларни илгари суришни мақсад қилган” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 17–19 февраль кунлари АҚШга ташриф буюриб, мулоқотни ривожлантириш ҳамда долзарб глобал ва минтақавий можароларни тинч йўл билан ҳал этиш учун кўп томонлама платформа сифатида ташкил этилган янги халқаро тузилма – Тинчлик кенгашининг биринчи саммитида иштирок этди.
Қайд этилганидек, 2026 йил январь ойида Давосда бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумида Тинчлик кенгаши таъсис шартномасини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Унда давлатлар, ҳукуматлар раҳбарлари ва бир қатор таъсисчи мамлакатлар вакиллари иштирок этди.
“Йил бошида илгари сурилган ушбу ташаббус қатор давлатлар, жумладан, Кенгаш таъсисчилари қаторига кирган Ўзбекистон томонидан қўллаб-қувватланиб, тинч дипломатия, кўп томонлама ҳамкорлик ва халқаро барқарорликни сақлаш учун масъулият тамойилларига содиқлигини тасдиқлади. Ўзбекистоннинг ушбу тузилмани таъсис этишдаги иштироки Тошкентнинг мулоқот, халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилиш ва куч сценарийларига йўл қўймаслик ғояларини илгари суришга қаратилган изчил ташқи сиёсатини акс эттиради”, – дейилган материалларда.
Ўзбекистон Президентининг Тинчлик кенгашининг биринчи саммитидаги иштироки сўнгги пайтларда кузатилаётган Ўзбекистон – АҚШ сиёсий мулоқотининг фаоллашувига ҳамоҳангдир. Ўтган ярим йил ичида расмий Тошкент ва Вашингтон ўртасидаги олий даражадаги мулоқотлар сезиларли даражада фаоллашди. Бу икки томонлама муносабатларнинг сифат жиҳатидан янги босқичидан далолат беради.
“Тошкент ва Вашингтон ўртасидаги алоқалар турли форматларда, жумладан, телефон орқали мулоқотлар ва тегишли идоралар ўртасидаги ҳамкорликда қўллаб-қувватланди. Иқтисодий мулоқотнинг кенгайиши ва бизнес ҳамкорлиги учун янги платформаларнинг яратилиши ишонч мустаҳкамланаётганининг қўшимча далили бўлди. Бу амалий ҳамкорликни чуқурлаштиришдан икки томон ҳам манфаатдорлигини акс эттиради”, – деб таъкидланган манбада.
Сиёсий мулоқот фаоллашгани фонида Ўзбекистон–АҚШ ҳамкорлиги муҳим йўналишларда кенгайиб бормоқда. Гап минтақавий хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик, Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, савдо ва инвестицияларни ривожлантириш, гуманитар ва таълим алоқаларини чуқурлаштириш ҳақида бормоқда. Энергетика, рақамлаштириш, инфратузилма ва кадрлар тайёрлаш борасидаги қўшма лойиҳалар узоқ муддатли шериклик учун мустаҳкам замин яратмоқда.
“АҚШга ушбу ташриф, шубҳасиз, расмий Тошкент ва Вашингтон ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ҳар икки томон манфаатларига, минтақада ва умуман дунёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш вазифаларига жавоб берадиган барқарор стратегик даражага олиб чиқишга хизмат қилади”, – деб таъкидланган ёзган “Daily Spokesman” газетаси.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
