Logo

Германияда “UZBEKISTAN – invest now” журналининг навбатдаги сони нашр этилди

Февраль 21, 2026. 10:00 • 2 дақ

102
Германияда “UZBEKISTAN – invest now” журналининг навбатдаги сони нашр этилди

 БЕРЛИН, 21 февраль. /“Дунё” АА/. Германияда мамлакатимизнинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳиятига бағишланган немис тилидаги “UZBEKISTAN – invest now” журналининг навбатдаги сони нашрдан чиқди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ва етакчи немис иқтисодий ташкилотлари (AHK, GIC, Ost-Ausschuss) ҳамкорлигида тайёрланган ушбу нашр Европа ишбилармон доиралари учун мамлакатимиздаги ислоҳотлар ҳақида муҳим маълумот манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Журналда Германия ташқи савдо ва инвестициялар агентлиги (GTAI) экспертларининг таҳлиллари берилган. Хусусан, немис мутахассисларининг фикрича, Ўзбекистон иқтисодиёти 2026–2027 йилларда барқарор олти фоизлик ўсиш суръатини сақлаб қолади. Энергетика, қурилиш ва хизмат кўрсатиш соҳаларидаги туб ислоҳотлар натижасида хорижий инвестициялар ҳажми 2026 йилда рекорд даражага – 40 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Айниқса, “яшил” энергия улушини 2030 йилгача 54 фоизга етказиш стратегияси немис инвесторларида катта қизиқиш уйғотмоқда.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Акрам Алиев ва бошқа мутасаддиларнинг мақолаларида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,2 миллиард доллардан ошгани ва Ўзбекистонда Германия капитали иштирокидаги 230 та корхона муваффақиятли фаолият юритаётгани қайд этилган.

“АКА” банки иштирокида энергетика ва саноат соҳаларида умумий қиймати 17 миллиард долларлик 120 та қўшма лойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда. “Viessmann” ва “Diehl Metering” каби компаниялар билан юқори технологияли электротехника воситаларини маҳаллийлаштириш босқичига ўтилгани алоҳида эътироф этилган.

Нашрда ҳудудий ривожланиш, хусусан, Бухоро ва Самарқанд вилоятларининг инвестициявий жозибадорлигига кенг ўрин берилган. “Knauf” ва “Curt Bauer” каби брендларнинг муваффақиятли тажрибаси немис технологиялари трансферига ёрқин мисол сифатида келтирилган.

Хулоса ўрнида, немис ҳуқуқшунослари ва экспертлари Ўзбекистонда бизнес юритишнинг ҳуқуқий асослари либераллашгани, маъмурий жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилгани ва мамлакатнинг 2026 йилгача Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш режасини юқори баҳолаганлар. Ушбу омиллар Ўзбекистонни нафақат минтақавий, балки глобал миқёсда немис инвесторлари учун энг ишончли ва истиқболли ҳамкорга айлантирмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш