“Daily Spokesman” газетаси: Ўзбекистонда инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатлар ва янги имкониятлар яратилди

Июнь 23, 2026. 18:00 • 2 дақ

69
“Daily Spokesman” газетаси: Ўзбекистонда инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатлар ва янги имкониятлар яратилди

ИСЛОМОБОД, 23 июнь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг оммабоп “Daily Spokesman” газетасида “Ўзбекистон Президенти мамлакат инвестициявий тараққиётининг янги босқичида турган устувор вазифаларни белгилаб берди” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада Ўзбекистон Президентининг V Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТХИФ) ялпи мажлисидаги нутқида илгари сурилган ташаббусларнинг аҳамияти ҳақида алоҳида сўз юритилган.

Қайд этилганидек, жорий йилги форум “Инвестициявий барқарорлик: янги марралар ва янги шериклик” мавзусига бағишланди. Ўзбекистон раҳбари инвестиция муҳитининг барқарор ривожланиши мамлакатнинг узоқ муддатли мақсадларига эришишнинг муҳим шарти эканини таъкидлади.

Бу борада инвестициявий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва ишбилармонлик фаолиятини юритиш учун замонавий экотизим яратиш бўйича олтита устувор йўналиш белгиланди.

“Хусусан, инвесторлар учун ҳуқуқий кафолатлар тизимини янада кучайтириш биринчи йўналиш сифатида кўрсатилди. Ўзбекистонда Тошкент халқаро молия маркази ташкил этилиб, у махсус ҳуқуқий режимга эга бўлган янги институционал платформа сифатида фаолият юритади. Марказ иштирокчилари учун солиқ ва божхона имтиёзлари, капиталнинг эркин ҳаракати кафолатлари ҳамда исталган валютада ҳисоб-китоб қилиш имкониятини бериш назарда тутилган”, дейилган мақолада.

Шунингдек ўқинг

Нашрда чет эллик судьялар ҳамда халқаро экспертлар иштирокида халқаро арбитраж механизмларини жорий этиш, тижорат судини ташкил қилиш ҳамда БМТнинг Медиация тўғрисидаги Сингапур конвенциясига қўшилиш режалаштирилаётгани ҳам маълум қилинган.

“Ушбу чоралар натижасида инвесторлар Ўзбекистоннинг ўзида кафолатланган халқаро ҳуқуқий ҳимояга эга бўлади”, дея Ўзбекистон Президенти сўзларидан иқтибос келтирилган нашрда.

Материалда таъкидланишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон халқаро бозорларда 16 миллиард доллардан ортиқ облигациялар жойлаштирди ҳамда Лондон биржасида сўнгги беш йилдаги энг йирик IPOни амалга оширди. Халқаро капитал бозорларига чиқишга янги компанияларни тайёрлаш жараёни давом этмоқда, шунингдек, муқобил инвестиция воситаларини ривожлантириш учун капитал бозори ва инвестиция жамғармалари тўғрисидаги қонунларни ўз ичига олган ҳуқуқий база шакллантирилмоқда.

Покистон газетаси ёзганидек, суверен ислом облигациялари – сукук дастурининг амалга оширилиши Ўзбекистон иқтисодиётига катта ҳажмдаги инвестициялар оқимини жалб қилиш учун қўшимча манба бўлади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш