“Okaz” газетаси: Ўзбекистон ипаги ўтмиш ва келажакни боғловчи рамздир
Июнь 23, 2026. 11:30 • 2 дақ
• 68
АР-РИЁЗ, 23 июнь. /“Дунё” АА/. Саудия Арабистонининг нуфузли “Okaz” газетасида Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, сайёҳлик жозибаси ва ипакчилик саноатининг иқтисодий салоҳиятига бағишланган таҳлилий мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада асрлар давомида Шарқ ва Ғарбни боғлаб келган Ўзбекистон бугунги кунда ўз маданий меросини иқтисодий ва туристик ривожланишнинг муҳим манбасига айлантираётгани алоҳида қайд этилган. Айниқса, Самарқанд шаҳри ўзининг кўҳна мадрасалари, маҳобатли миноралари ва асрлар давомида авлоддан авлодга ўтиб келаётган анъанавий ҳунармандчилиги билан саудиялик ўқувчилар учун алоҳида маданий ва маънавий аҳамиятга эга экани таъкидланган.
Нашр ўзбек ипагининг яратилиш жараёнига тўхталиб, пилла етиштиришдан тортиб, ундан ипак толасини ажратиб олиш, табиий бўёқлар (анор, ёнғоқ пўстлоғи ва пиёз пўсти) ёрдамида бўяш ҳамда бетакрор мато ва гиламлар тўқишгача бўлган машаққатли меҳнатни юқори баҳолаган.
Қайд этилишича, бугунги кунда Ўзбекистон ипакчиликни юқори экспорт салоҳиятига эга истиқболли тармоқ сифатида ривожлантирмоқда ва дунёдаги энг йирик ипак ишлаб чиқарувчи давлатлар қаторига киради.
“Okaz”нинг ёзишича, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқалар изчил мустаҳкамланиб бораётган бир пайтда ипакчилик саноати, миллий ҳунармандчилик ва маданий туризм йўналишлари Саудия бизнеси учун жозибадор сармоявий майдонга айланмоқда. Саудиялик сармоядорлар учун ипак ишлаб чиқариш, дизайн, қадоқлаш, электрон тижорат ва ҳунармандчилик марказларига сайёҳлик дастурларини ташкил этиш бўйича кенг имкониятлар мавжуд. Олий сифатли ўзбек ипак маҳсулотлари, ипак гиламлари ва миллий сувенирлари Форс кўрфази давлатлари бозорида юқори мавқега эга бўлиши кутилмоқда.
Мақола хотимасида Ўзбекистон ислом мероси, қадимий бозорлари, гўзал табиати ва шарқона меҳмоннавозлиги билан маданий жиҳатдан яқин ва ҳамёнбоп саёҳат йўналишларини қидираётган саудияликлар учун энг мақбул танлов экани, ўзбек ипаги эса ўтмиш ва келажакни маҳорат билан боғловчи рамз бўлиб қолаётгани алоҳида эътироф этилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси