Ўзбекистон ва Дания сув таъминоти ҳамда энергетика соҳаларида ҳамкорликни кенгайтиради
Июнь 23, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 70
ТОШКЕНТ, 23 июнь. /“Дунё” АА/. Дания Экспорт ва инвестиция жамғармаси (“EIFO”) бошқарувчи директори Вернер Груб бошчилигидаги делегация V Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида бир қатор учрашувлар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувлар чоғида саноат, қишлоқ хўжалиги, сувни тежаш, энергетика ва соғлиқни сақлаш каби соҳаларга Дания технологиялари, сармоялари ва молиявий кўмагини жалб этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Хусусан, “Ўзсувтаъминот” АЖ ва Энергетика вазирлиги раҳбарияти билан бўлиб ўтган музокараларда Ўзбекистон сув таъминоти тизимига Даниянинг замонавий энергия тежамкор технологияларини жорий этиш, сув хўжалиги ва энергетика соҳаларидаги истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда уларни молиялаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Жамғарма вакиллари кредит маблағларини имтиёзли шартларда жалб қилиш республика сув таъминоти инфратузилмасини модернизация қилиш, энергия истеъмолини камайтириш ҳамда соҳа самарадорлигини ошириш учун замонавий технологик ечимларни жорий этишга хизмат қилишини таъкидлади.
“Ўзсувтаъминот” АЖ билан ўтказилган музокараларда томонлар мамлакатнинг ҳудудий эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда жамғармага лойиҳа таклифларини тайёрлаш ва тақдим этишга келишиб олди. Энергетика вазирлиги билан бўлиб ўтган учрашувда эса Дания технологиялари ва молиявий воситаларини жалб қилиш имкониятларини ўрганиш бўйича мулоқотни давом эттиришга келишилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси