“Rzeczpospolita” газетаси: “Айритом” ЭСЗ Ўзбекистон минтақавий иқтисодий интеграциянинг муҳим драйверига айланмоқда
Июнь 08, 2026. 19:55 • 2 дақ
• 74
ВАРШАВА, 8 июнь. /“Дунё” АА/. Польшанинг нуфузли “Rzeczpospolita” газетасида “Айритом” эркин савдо зонаси (ЭСЗ)нинг халқаро аҳамиятига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, Ўзбекистон Марказий Осиё ва унинг атрофидаги иқтисодий ландшафтга фаол таъсир кўрсатувчи асосий куч сифатида майдонга чиқмоқда. Бунинг яққол исботи бўлган Термиздаги эркин савдо зонаси Афғонистонни халқаро савдо занжирларига сиёсий хавфларсиз интеграция қилишда муҳим “иқтисодий кўприк” вазифасини ўтамоқда. Лойиҳанинг имкониятлари халқаро миқёсда ҳам юқори баҳоланмоқда.
Польша газетаси икки томонлама савдо ҳажми кескин ошганига алоҳида эътибор қаратган: 2025 йилда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 1,7 миллиард долларни ташкил этди, бу эса 2021 йилга нисбатан 250 фоизлик ўсишни англатади.
Айни пайтда Афғонистон ўзбек маҳсулотлари учун тўртинчи энг йирик бозорга айланди. Икки давлат мазкур кўрсаткични жорий ўн йиллик якунига қадар 5 миллиард долларга етказиш, енгил саноат, тўқимачилик ва чарм-пойабзал соҳаларида қўшма ишлаб чиқариш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни режалаштирмоқда.
Европа Иттифоқи ва, хусусан, Польша компаниялари учун Термиздаги ушбу мажмуа шунчаки маҳаллий лойиҳа эмас, балки Афғонистон ва Покистон каби Жанубий Осиёнинг йирик бозорларига хавфсиз ва барқарор муҳитда кириш учун кенг имкониятлар яратади.
Мақола хулосасига кўра, логистика, қурилиш, машинасозлик ва агросаноат соҳаларида илғор технологиялар ҳамда экспертлик тажрибасига эга Польша бизнеси учун “Айритом” зонаси яқин келажакда Европа компанияларининг янги бозорларни ўзлаштиришидаги энг истиқболли сармоявий дарвозалардан бирига айланиши мумкин.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси