“Genç Okur” журнали: Туркистоннинг қалби – Ўзбекистон
Февраль 12, 2026. 15:25 • 3 дақ
• 45АНҚАРА, 12 февраль. /“Дунё” АА/. Туркия ёшлари орасида оммалашган ва нуфузли бўлган “Genç Okur” (“Ёш ўқувчи”) журналида туркиялик сайёҳ Давуд Байраклининг Ўзбекистонга қилган саёҳати ҳақидаги таассуротлари ҳамда мамлакатимизнинг туризм салоҳиятига бағишланган мақоласи эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Муаллиф юртимизни нафақат тарихий ва маданий мероси, балки замонавий шаҳарсозлик намуналари, меҳмондўст халқи ва бой табиий ресурслари билан ҳам юксак баҳолайди.
Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон туркий республикалар орасида бой тарихий меросга, улкан маданий захирага ва кенг иқтисодий имкониятларга эга мамлакат сифатида ажралиб туради. Хусусан, унумдор ва серҳосил ерлар кўплиги сабабли қишлоқ хўжалиги мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бирига айлангани қайд этилади.
Давуд Байракли ўз саёҳатини Тошкент халқаро аэропортидан бошлайди. Самолёт қўниш арафасида ҳаводан кўзга ташланган серҳосил далалар ва кенг ҳудудлар муаллифда Ўзбекистон ҳақидаги дастлабки ижобий тасаввурни янада мустаҳкамлайди. У божхона назоратидан ўтиб, меҳмонхонага жойлашгач, вақтни зое кетказмасдан шаҳар билан танишишга ошиқади. Зеро, асрлар давомида сайёҳлар ва тадқиқотчиларни ўзига ром этиб келган заминда ҳар бир дақиқа ғанимат эди.
Тошкентда уни ўзбекистонлик дўсти Темур қарши олади. Суҳбат асносида муаллиф шаҳар ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотларга эга бўлади. Жумладан, Тошкент МДҲ ҳудудидаги йирик шаҳарлардан бири экани, бугунги кунда қарийб уч миллиондан ортиқ аҳолига эгалиги таъкидланади. 1966 йилги кучли зилзиладан сўнг шаҳар тубдан қайта қурилгани эса Тошкентнинг замонавий қиёфасини белгилаб берган муҳим тарихий воқеа сифатида тилга олинади.
Муаллиф Тошкентнинг кенг ва равон кўчалари, яшил майдонлари, обод парк ва хиёбонлари, пухта режалаштирилган турар-жой массивлари ва ривожланган инфратузилмасини алоҳида эътироф этади. Унинг фикрича, шаҳарда транспорт ҳаракати учун яратилган қулайликлар пиёдалар учун ҳам бирдек ҳисобга олинган. Йўл ёқалаб саф тортган дарахтлар эса шаҳарга ўзига хос файз бағишлаб туради.
Тошкентнинг маданий ҳаёти ҳам сайёҳни ҳайратга солади. Театрлар, кинотеатрлар ва концерт залларининг кўплиги шаҳарнинг маънавий муҳити юксак эканидан далолат беради. Айниқса, Ислом цивилизацияси марказида сақланаётган VII асрга мансуб, халифа Усмон даврида жамланган қадимий Қуръон мусҳафини зиёрат қилиш муаллиф учун унутилмас таассурот қолдиради. Шунингдек, турли даврларда кўчирилган яна 114 дона мусҳафнинг мавжудлиги Тошкентнинг нафақат сиёсий ёки иқтисодий, балки улкан маънавий марказ эканини намоён этади.
Муаллифни ҳайратга солган жиҳатлардан яна бири – Тошкент метроси бўлди. 1977 йилда ишга туширилган мазкур метро Марказий Осиёдаги биринчи метро экани билан аҳамиятлидир. Ҳар бир бекатнинг ўзига хос меъморий ечими, безаклари ва бадиий услуби уни оддий транспорт воситасидан кўра кўпроқ санъат асарига айлантирган. Бу эса шаҳарнинг замонавий ривожи билан бир қаторда эстетик дид ва маданий меросга бўлган эҳтиромини ҳам ифодалайди.
Тошкентдаги саёҳат якунига етар экан, муаллифнинг қалби 2500 йиллик тарихга эга, Туркистон минтақасининг энг қадимий шаҳарларидан бири бўлган Бухорога йўл олиш ҳаяжони билан тўлади. Унинг таъбири билан айтганда, Ўзбекистон саёҳати – бу фақат манзиллар алмашинуви эмас, балки тарих каърига, маънавият оламига ва туркий дунёнинг қалбига қилинган саёҳатдир.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


