Новосибирскдаги жазони ижро этиш муассасасида ватандошлар билан учрашув ўтказилди

Июнь 17, 2026. 10:00 • 2 дақ

43
Новосибирскдаги жазони ижро этиш муассасасида ватандошлар билан учрашув ўтказилди

НОВОСИБИРСК, 17 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон бош консули Аслам Акбаров Россия Федерал жазони ижро этиш хизматининг 2-сонли ахлоқ тузатиш колониясига борди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Бош консулхона дипломатлари томонидан Сибир федерал округи ҳудудидаги озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган фуқароларимизга зарур консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

Ватандошлар билан алоҳида ўтказилган суҳбатлар чоғида уларнинг илтимос ва истаклари тингланди. Новосибирск вилояти ҳудудида содир этилган ҳуқуқбузарликларнинг хусусиятига оид маълумотлар ўрганилиб, ҳамюртларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берилди.

Маълум бўлишича, айни пайтда Новосибирскдаги ушбу ахлоқ тузатиш муассасасида Россия Жиноят кодексининг турли моддалари бўйича судланган 14 нафар Ўзбекистон фуқароси сақланмоқда.

Юртдошларимиздан бири — буйрак касаллиги билан оғриётган ҳамюртга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш масаласи жойида ҳал этилди. Шунингдек, муассаса раҳбарияти билан мусулмончилик қоидаларига мос овқатланишни ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.

Бош консулнинг ватандошларимиз сақланаётган озодликдан маҳрум этиш жойларига навбатдаги ташрифи Томск вилоятидаги 2-сонли ахлоқ тузатиш муассасасига режалаштирилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш