Сёити Кобаяси: Махсус иқтисодий зоналар Ўзбекистон тараққиётининг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига айланиши мумкин

Июнь 17, 2026. 10:30 • 2 дақ

62
Сёити Кобаяси: Махсус иқтисодий зоналар Ўзбекистон тараққиётининг муҳим ҳаракатлантирувчи кучига айланиши мумкин

ТОШКЕНТ, 17 июнь. /“Дунё” АА/. Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган V Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этаётган Япония тараққиёт институти раиси Сёити Кобаяси “Дунё” АА мухбирига эксклюзив интервью берди.

– Институтимиз сўнгги 45 йил давомида 30 дан ортиқ мамлакатда махсус иқтисодий зоналарни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бизни Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорацияси икки ҳудуднинг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш учун таклиф қилди ва айни шу мақсадда бу ерда турибмиз. Яқин кунларда лойиҳа тақдимотини ўтказишни режалаштирганмиз. Ўзбекистонда жаҳон андозаларига мос махсус иқтисодий зоналарни ташкил этишни мақсад қилганмиз.

Ўзбекистон ҳукумати, жумладан, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги бу борада салмоқли ишларни амалга оширмоқда. Шу билан бирга, сиёсатнинг айрим унсурлари ва уни амалга оширишга доир ёндашувларни халқаро амалиёт ҳамда стандартларга янада мослаштириш имкони мавжуд.

Махсус иқтисодий зоналарни ривожлантириш, айниқса, ёш аҳоли сони ортиб бораётгани ва янги иш ўринларини яратиш зарурати нуқтаи назаридан мамлакат учун стратегик аҳамият касб этишини инобатга олиш муҳим. Шу маънода, бундай зоналар иқтисодий тараққиёт ва бандликни таъминлашнинг асосий воситаларидан бирига айланиши мумкин.

Шунингдек ўқинг

Умид қиламизки, мазкур форум махсус иқтисодий зоналарни ривожлантириш самарадорлиги ва сифатини юксалтириш, уларнинг инвестициявий жозибадорлигини мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилиш имконини беради. Умуман олганда, бу йўналиш режалаштириш, илгари суриш ва институционал модель нуқтаи назаридан янада такомиллаштиришни талаб этади.

Айни пайтда ҳукумат сиёсатни такомиллаштириш, жумладан, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш ва махсус иқтисодий зоналарни бошқаришда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) механизмларини ривожлантириш борасида саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Шу билан бирга, тўлиқ давлат моделидан ДХШ форматига ўтиш мураккаб жараён бўлиб, изчил институционал ўзгаришларни тақозо этади.

Биз ушбу форумни мазкур масалаларни муҳокама қилиш ҳамда халқаро тажриба алмашиш учун ўз вақтида ташкил этилган муҳим майдон деб биламиз. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистонда махсус иқтисодий зоналарни янада ривожлантиришга ва уларнинг жаҳон стандартларига мувофиқлигини оширишга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш