ФИФА сўровномасида Элдор Шомуродовнинг голи иккинчи энг чиройли гол бўлди
Июль 28, 2026. 12:00 • 2 дақ
• 101ТОШКЕНТ, 28 июль /“Дунё” АА/. ФИФАнинг маълум қилишича, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродовнинг 2026 йилги жаҳон чемпионатида Конго ДР дарвозасига урган ажойиб голи “Мундиалнинг энг чиройли голи” сўровномасида 2-ўринни эгаллади, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Элдор Шомуродов гуруҳ босқичининг учинчи турида Конго ДРга қарши учрашувнинг 10-дақиқасида тўпни дарвозабоннинг устидан ошириб гол киритганди. Ушбу гол ФИФА томонидан ўтказилган сўровномада мухлислар ва футбол мутахассислари томонидан мундиалнинг энг чиройли голларидан бири сифатида эътироф этилди.
Қувонарлиси, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Элдор Шомуродовнинг ушбу голи 2026 йилги Жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг энг чиройли голи деб топилган эди.
Мухлислар турнирнинг энг чиройли голи муаллифи сифатида Кабо-Верде терма жамоаси ҳимоячиси Сидни Лопеш Кабралнинг Аргентинага қарши 1/16 финал баҳсида урган голини биринчи ўринга муносиб деб топди. Сидни Кабралнинг таъкидлашича, голни нишонлаш учун трибуна томон югурганида онаси Тереза ҳаяжондан ҳушидан кетган.
“Ўйиндан олдин онамга гол урсам, унинг олдига югуришимни айтгандим. Етиб борганимда онам йиғлаётганини кўрдим, аммо у ҳатто менинг ёнига келганимни ҳам сезмаётганди. Атрофдагилар уни ҳушига келтириш билан овора эди, чунки гол урганимда ҳушидан кетиб қолган экан”, – деган Лопеш Кабрал.
ФИФА сўровномасида Элдор Шомуродовнинг голи иккинчи, Гаити терма жамоаси футболчиси Вилсон Исидорнинг голи эса учинчи ўринга муносиб кўрилган.
Энг чиройли гол соврини учун даъвогарлар қаторида Лионель Месси, Килиан Мбаппе, Эрлинг Холанд, Хулиан Алварес, Жуд Беллингем, Ферран Торрес каби юлдуз футболчилар урган голлар ҳам қўйилган эди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




