Франция ва Испанияда ўрмон ёнғинлари сабаб 300 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди

Июль 28, 2026. 11:30 • 3 дақ

68
Франция ва Испанияда ўрмон ёнғинлари сабаб 300 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди
“Deutsche Welle” сурати
Франция ва Испанияда ўрмон ёнғинлари сабаб 300 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди
Франция ва Испанияда ўрмон ёнғинлари сабаб 300 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди
Франция ва Испанияда ўрмон ёнғинлари сабаб 300 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди

ПАРИЖ, 28 июль. /“Дунё” АА/. Франция ва Испанияда аномал иссиқ, қуруқ ҳаво ва кучли шамол сабабли юзага келган йирик ўрмон ёнғинлари натижасида хавфли ҳудудлардан 300 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “Deutsche Welle” медиакомпаниясига таяниб.

Франциянинг жануби-ғарбида бир неча кундан буён ёнғинлар давом этмоқда. Асосий ёнғин ўчоқлари маъмурий маркази Бордо шаҳри бўлган Жиронда департаментида жойлашган. Расмийлар у ердаги алангани “ўта шиддатли ва олдиндан айтиб бўлмайдиган” деб таърифламоқда.

Франция президенти Эммануэл Макрон мамлакатдаги ҳозирги ёнғинларни Иккинчи жаҳон уруши якунланганидан буён кузатилган энг кучли ўрмон ёнғинлари деб атади. Бордо яқинида эса оловни ҳали тўлиқ назоратга олишнинг имкони бўлмаяпти.

Минтақада камида 240 та уй вайрон бўлган, бироқ Бордо мэри шаҳарни эвакуация қилишга ҳожат йўқлигини билдирган. Аксинча, ҳозирда у ерга бошқа аҳоли пунктларидан олиб келинган минглаб одамлар жойлаштирилган.

Франция Миллий ўт ўчирувчилар федерацияси (FNSPF) баёнотига кўра, ўрмонлардаги кучли алангалар натижасида ёнғинлар устида пайдо бўлаётган момақалдироқли булутлар вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Жумладан, улар кучли шамол эсишига сабаб бўлиши ва янги ёнғинларни келтириб чиқарувчи чақмоқларга олиб келиши мумкин.

Табиий офатга қарши курашиш учун минтақага 2,5 мингга яқин ўт ўчирувчи, 1,5 минг ҳарбий хизматчи ва 1,2 минг полициячи сафарбар этилган.

Испанияда асосий ёнғинлар мамлакатнинг марказий ҳудудларида, Мадрид яқинида содир бўлмоқда. У ердан, марказий провинциялар – Авила ва Толедодан ҳамда шарқий соҳилбўйида жойлашган Кастелондан 75 мингга яқин одам эвакуация қилинди.

Шу билан бирга, мамлакат шарқидаги Валенсия ҳудудида ёнғинлар айнан дам олиш кунлари янги куч билан авж олди. Эвакуация қилинганларнинг 15 минг нафари шу ҳудуд ҳиссасига тўғри келади.

Европа Иттифоқининг табиий офатлар оқибатларини бартараф этиш механизми доирасида Франция ва Испанияга бошқа Европа давлатлари томонидан қўшимча куч ва техника юборилмоқда.

Еврокомиссия маълумотига кўра, ёнғинларга қарши кураш учун 13 та самолёт, 4 та вертолёт ва 41 та махсус транспорт воситаси жалб этилган. Шунингдек, қарийб 130 нафар қутқарувчи ёрдамга юборилган. Операцияда Германия ҳам иштирок этмоқда.

Франция ва Испанияга Европа Иттифоқининг “Copernicus” Ерни кузатиш дастури орқали сунъий йўлдош тасвирлари ҳам тақдим этилмоқда. Улар ёнғин ўчоқлари ва олов тарқалишини кузатишда қутқарув хизматларига ёрдам беради.

“Deutsche Welle” сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш