“24.kg”: Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари миллий маълумотлар марказларининг ўзаро боғланган тармоғини яратишни таклиф қилди
Октябрь 09, 2026. 19:30 • 2 дақ
• 42
БИШКЕК, 9 октябрь. /“Дунё” АА/. Қирғизистоннинг нуфузли “24.kg” ахборот агентлигида Ўзбекистон Президентининг Туркманистонда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувида илгари сурган ташаббуслари ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада давлатимиз раҳбарининг Марказий Осиё мамлакатлари имкониятларини бирлаштириш, умумий ҳисоблаш инфратузилмаси ҳамда миллий маълумотлар марказларининг ўзаро боғланган тармоғини яратиш таклифлари ҳақида маълумот берилган.
Шу билан бирга, Ўзбекистон етакчисининг кадрларни тайёрлаш бўйича қўшма дастурларни ишга тушириш, илмий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва технологик тадбиркорлик учун кўпроқ имкониятлар яратиш борасидаги фикрлари хусусида тўхталиб ўтилган.
Нашрда ёзилишича, маълумотлар марказлари қувватини бирлаштириш ҳисоблаш ресурсларидан янада самарали фойдаланиш имконини беради. Шунингдек, сунъий интеллект соҳасидаги йирик лойиҳалар учун муҳим асос яратади.
Ўзбекистон Президенти рақамли лойиҳалар йирик инфратузилма объектларига қараганда тезроқ натижа бериши мумкинлиги, шу боис минтақа давлатлари бу борадаги имкониятларини бирлаштириши зарурлиги юзасидан ўз таклифларини билдирган.
Кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма дастурларни ишга тушириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, технологик тадбиркорлик имкониятларини кенгайтириш, минтақа мамлакатлари ва Озарбайжон ўртасида қўшма саноат ва технологик занжирларни ривожлантириш борасидаги таклифлар мақолада ёритилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси