Акрамжон Неъматов: Марказий Осиё иқтисодий ва технологик кун тартибини шакллантирувчи мустақил марказ сифатида тобора яққол намоён бўлмоқда

Октябрь 09, 2026. 17:00 • 12 дақ

• 100
Акрамжон Неъматов: Марказий Осиё иқтисодий ва технологик кун тартибини шакллантирувчи мустақил марказ сифатида тобора яққол намоён бўлмоқда

ТОШКЕНТ, 9 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директорининг биринчи ўринбосари Акрамжон Неъматов

8 октябрь куни Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашуви якунлари бўйича “Дунё” ахборот агентлигига ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди:

– 8 октябрь куни Авазада бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашуви минтақавий ҳамкорлик ривожида туб бурилиш юз бераётганини намоён этди. Моҳиятан, минтақа янги босқичга – ишонч дипломатиясидан ўзаро боғлиқликка асосланган иқтисодиётга, тўпланиб қолган масалаларни ҳал этишдан келажакни биргаликда режалаштиришга ўтмоқда.

Сўнгги йилларда шаклланган сиёсий ишонч амалий тараққиёт омилига, қўшма ишлаб чиқаришлар, инфратузилма ва энергетика лойиҳалари, технологик кооперация ҳамда янги қўшилган қиймат занжирларини яратишнинг асосига айланмоқда.

Озарбайжоннинг тўлақонли иштироки ушбу ҳамкорлик географияси ва имкониятларини сезиларли даражада кенгайтириб, Марказий Осиёнинг Каспий ва Жанубий Кавказ билан алоқаларини мустаҳкамламоқда.

Бошқача айтганда, минтақавий ҳамкорликнинг ўзи сифат жиҳатидан ўзгармоқда. Марказий Осиё нафақат яхши қўшничилик ва сиёсий мулоқот макони, балки иқтисодий ва технологик кун тартибини шакллантирувчи мустақил марказ сифатида ҳам тобора яққол намоён бўлмоқда.

Жаҳон тизими чуқур ўзгаришларни бошдан кечираётган шароитда бундай бурилиш алоҳида аҳамият касб этади. Геосиёсий кескинлик савдо, транспорт ва энергетиканинг анъанавий географиясини ўзгартирмоқда, етказиб бериш занжирларини қайта шакллантириб, ишончли алоқаларнинг аҳамиятини оширмоқда.

Технологик инқилоб маълумотлар, ҳисоблаш қувватлари ва компетенцияларни янги стратегик ресурсга айлантирмоқда. Айни пайтда иқлим ўзгариши сув ресурслари, озиқ-овқат таъминоти, энергетика ва инфратузилмага тобора кучли таъсир кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “Дунё тез ўзгармоқда, кескинлик ортмоқда, савдо ва транспорт алоқалари қайта қурилмоқда, янги хавф-хатарлар пайдо бўлмоқда”. Бундай шароитда минтақа мамлакатлари ҳаракатларини янада яқинроқ мувофиқлаштириш, аввало, уларнинг манфаатлари ва имкониятлари аллақачон чамбарчас боғланган соҳаларда объектив заруратга айланмоқда.

Шу боис Авазадаги учрашувнинг аҳамияти илгари сурилган таклифлар сонидан кўра, барча олти етакчининг нутқларида минтақавий кун тартибининг муштарак йўналишлари янада яққол намоён бўлгани билан белгиланади.

Бу муҳим сифат ўзгариши ҳақида сўз юритиш имконини беради: Марказий Осиё мамлакатлари аллақачон ўз кун тартибига эга, ҳамкорликнинг устувор йўналишларини ўзлари белгиламоқда ва уларни амалга ошириш механизмларини таклиф этмоқда. Минтақанинг мустақил субъект сифатидаги ўрни айнан шу жиҳатда тобора аниқроқ намоён бўлмоқда.

Айни пайтда шаклланаётган ҳамкорлик модели ташқи дунё учун очиқлиги, мослашувчан шакли ҳамда минтақавий устуворликларни мустақил белгилашга асосланиши билан ажралиб туради. Ўзбекистон Президенти унинг моҳиятини аниқ ифода этди: “Бизга кучли, суверен ва мустақил давлатлар ўзаро ҳурмат, ишонч ва соғлом прагматизм асосида ҳамкорлик қиладиган мослашувчан ва тушунарли формат керак”.

Бундай ёндашувда минтақа ичидаги ўзаро боғлиқликнинг мустаҳкамланиши ташқи ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиради. Марказий Осиё бугун йирик геоиқтисодий жараёнларнинг чеккасида қолаётган ҳудуд эмас, балки Шарқий Осиё, Каспий, Жанубий Кавказ, Европа, Жанубий Осиё ва бошқа маконларни боғловчи мустақил марказ сифатида тобора яққол намоён бўлмоқда.

Эътиборлиси, етакчилар Маслаҳат учрашувларининг кейинги ривожини, аввало, эришилган келишувларнинг натижадорлиги ва сифатли ижроси билан боғламоқда. Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ушбу форматни бевосита мулоқот майдони сифатида сақлаб қолиш тарафдори эканини билдириб, аввал илгари сурилган минтақавий ташаббусларни хатловдан ўтказишни таклиф этди. Ўзбекистон Президенти ҳам мазмунан яқин ёндашувни белгилаб берди: “Бунда фақат ҳужжатлар сони ўз-ўзидан ҳеч нарсани ҳал қилмайди. Энг муҳими, қабул қилинган қарорлар бажарилиши ва натижа бериши керак”.

Шу тариқа, ҳамкорликнинг навбатдаги босқичи форматнинг мослашувчан ва ўзаро ишончга асосланган хусусиятини сақлаган ҳолда ижро механизмларини мустаҳкамлаш, тегишли идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда келишувларни изчил амалга ошириш билан узвий боғлиқ бўлади. Бошқача айтганда, гап ҳамкорликни мураккаблаштирадиган эмас, балки унинг натижадорлигини оширадиган институционал механизмларни ривожлантириш ҳақида бормоқда.

Манфаатларнинг муштараклиги иқтисодиёт соҳасида айниқса яққол намоён бўлди. Қозоғистон минтақа ичидаги савдо ҳажмини ошириш ҳамда савдо-логистика мажмуалари ва саноат кооперацияси марказларини минтақавий қўшилган қиймат занжирларига бирлаштиришни таклиф этди.

Қирғизистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, енгил саноат, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва логистика соҳаларидаги аниқ лойиҳаларга урғу берди. Тожикистон қўшма корхоналар, саноат мажмуалари ҳамда ишлаб чиқариш ва экспорт лойиҳаларига эътибор қаратди.

Озарбайжон янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш ва ташқи бозорларга чиқиш учун мавжуд қўшма инвестиция фондлари имкониятларидан фаолроқ фойдаланишни таклиф қилди. Туркманистон ҳам саноат, инвестиция, транспорт ва энергетика кооперациясини ҳамкорликнинг асосий йўналишлари қаторига киритди.

Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистон Президенти илгари сурган “Олти иқтисодиёт – битта маҳсулот” формуласи умумий тенденсиянинг узвий давомидир. Унинг моҳияти ўзаро савдони янада чуқур ишлаб чиқариш кооперацияси билан тўлдиришдан иборат. Бунда якуний маҳсулотни яратишда бир нечта давлатнинг ресурслари, технологиялари, капитали, саноат қувватлари, компетенсиялари ва логистика имкониятлари иштирок этади.

Айнан шу жиҳатда яна бир туб ўзгариш намоён бўлмоқда. Минтақа асосан транзит ва хомашё етказиб бериш билан чекланган вазифалар доирасидан босқичма-босқич чиқиб, глобал ишлаб чиқариш ва қўшилган қиймат занжирларининг муҳим бўғинига айланишга тайёрлигини кўрсатмоқда. Бу миллий иқтисодиётларнинг барқарорлигини мустаҳкамлайди, бизнес учун бозорларни кенгайтиради ҳамда иқтисодий ўзаро боғлиқликни янада мустаҳкам асосга қўяди.

Ўзбекистон таклиф этган Хивадаги Марказий Осиё ва Озарбайжон бизнес форуми ҳамда Қўшма инвестиция лойиҳаларини молиявий-техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш платформаси ушбу ёндашувнинг амалий давоми бўлади.

Уларнинг аҳамияти шундаки, саноат кооперациясига қаратилган сиёсий йўналиш лойиҳаларни тайёрлаш, экспертизадан ўтказиш, молиялаштириш тузилмасини ишлаб чиқиш ва уларни амалга оширишни қўллаб-қувватлаш учун зарур воситалар билан таъминланади. Шу тариқа, Ўзбекистон ташаббуслари ҳамкорлар томонидан белгиланган вазифаларни ривожлантириб, уларни изчил равишда инвестиция ва ишлаб чиқариш лойиҳаларига айлантириш учун шароит яратади.

Транспорт соҳасида ҳам мамлакатларнинг ташаббуслари бир-бирини тўлдирмоқда. Қирғизистон келгуси истиқболларни Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли билан боғлаб, транспорт лойиҳалари самарадорлигини юк етказиб бериш қиймати ва йўлда сарфланадиган вақт билан баҳолашни таклиф этмоқда.

Қозоғистон Ўрта йўлак ҳамда Шимол – Жануб йўналиши имкониятларини кенгайтирмоқда. Озарбайжон Каспий транспорт бўғини ва Транскаспий йўналишини изчил ривожлантирмоқда. Тожикистон мультимодал ташувлар, маъмурий тўсиқларни бартараф этиш ва тартиб-таомилларни рақамлаштиришга урғу бермоқда. Туркманистон Шарқ–Ғарб ва Шимол–Жануб йўналишларидаги алоқаларни ривожлантирмоқда.

Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистон Президентининг Инфратузилмавий ривожланиш бўйича кенгашни тузишни тезлаштириш ҳақидаги таклифи транспорт лойиҳаларини ўзаро уйғунлаштиришга қаратилган умумий йўналишнинг мантиқий давомидир.

Бундай механизм автомобиль ва темир йўллар, портлар, чегара инфратузилмаси ҳамда логистика марказларини мувофиқлаштирилган ҳолда ривожлантиришга хизмат қилиб, алоҳида миллий йўналишларни ўзаро узвий боғланган минтақавий тармоқ бўғинларига айлантириши мумкин.

Бунда транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлик юкларни ташиш билангина чекланмайди. Транспорт йўлакларини ривожлантириш улар бўйлаб янги ишлаб чиқаришлар, саноат зоналари, логистика мажмуалари ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш имконини беради. Натижада инфратузилма бир вақтнинг ўзида ҳудудий ривожланиш ва қўшилган қиймат яратиш омилига айланади.

Бундай ёндашув Марказий Осиёнинг шаклланаётган Евросиё транспорт-коммуникация тизимидаги ўрнини янгича баҳолаш имконини беради. Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли, Қозоғистон ва Туркманистон инфратузилмаси, Озарбайжоннинг Каспийдаги транспорт қувватлари, Тожикистоннинг мультимодал ташув имкониятлари босқичма-босқич янада кенг минтақалараро транспорт тармоғини шакллантирмоқда.

Шунингдек ўқинг

Шу тариқа, Марказий Осиё ўзаро боғлиқлик архитектурасининг асосий таянчларидан бирига айланиш салоҳиятига эга бўлмоқда. Минтақа турли бозорлар ва йўналишларни боғлаш билан бирга, ўз ишлаб чиқариш ва логистика салоҳиятини ҳам мустаҳкамламоқда.

Энергетикада ҳам шунга ўхшаш тенденсия кузатилмоқда. Тожикистон устувор энергетика лойиҳалари рўйхатини шакллантириш ва уларни биргаликда молиялаштириш механизмларини белгилаш, шунингдек, “яшил” ўтиш бўйича минтақавий стратегияни ишлаб чиқишни таклиф этди.

Озарбайжон, Қозоғистон ва Ўзбекистон Каспий орқали “яшил” энергетика йўлагини яратиш устида аллақачон иш олиб бормоқда. Туркманистон ҳам энергетикани кенгайтирилган ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири сифатида кўрмоқда.

Шавкат Мирзиёев таклиф этган Кам углеродли энергетика салоҳияти бўйича қўшма концепция ушбу умумий йўналишни ривожлантириб, уни тизимли режалаштириш босқичига олиб чиқади. У янги электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари, энергия сақлаш тизимлари ва энергетика йўлакларини углеводородлар, гидроенергетика, қуёш ҳамда шамол энергетикасининг бир-бирини тўлдириш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқишга хизмат қилади. Натижада мамлакатларнинг энергетикадаги устунликларини барқарор минтақавий тизимга изчил бирлаштириш имконияти кенгаяди.

Рақамли соҳада ҳам муҳим умумий манфаатлар шаклланмоқда. Озарбайжон Дигитал Силк Вай лойиҳаси ва Транскаспий оптик толали алоқа инфратузилмасини ривожлантирмоқда. Қозоғистон сунъий интеллект соҳасида ҳамкорлик қилиш ҳамда ундан масъулиятли фойдаланишга доир ёндашувларни таклиф этди.

Тожикистон Душанбеда Минтақавий сунъий интеллект марказини ташкил этмоқда. Қирғизистон ягона электрон савдо майдончасини яратиш ташаббусини илгари сурмоқда. Туркманистон ҳам технологик ривожланиш ва сунъий интеллектни жорий этишни ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қаторига киритмоқда.

Ўзбекистон Президентининг ўзаро боғланган миллий маълумотлар марказлари негизида Умумий ҳисоблаш инфратузилмасини яратиш ҳақидаги таклифи ушбу ташаббусларни технологик асос билан тўлдиради. Бундай инфратузилма рақамли коммуникациялар ривожини ҳисоблаш қувватлари, илмий ҳамкорлик, кадрлар тайёрлаш ва амалий ечимлар билан боғлаши мумкин.

Шу тариқа, сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорлик ушбу технологияларни саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва давлат бошқарувида амалда қўллаш учун зарур инфратузилмавий асосга эга бўлади.

Технологик трансформация муҳим минераллар, жумладан, камёб ер металлари масаласи билан чамбарчас боғлиқ. Ўзбекистон Президенти Муҳим минераллар бўйича минтақавий альянсни ташкил этиш ишларини фаоллаштириш ҳамда дастлабки амалий қадамлардан бири сифатида Марказий Осиёдаги муҳим минераллар захираларининг ягона рақамли харитасини яратишни таклиф этди.

Ушбу ташаббус саноат ва технологик кооперацияни чуқурлаштиришга қаратилган йўналишнинг мантиқий давомидир. Минтақанинг ресурс салоҳияти ҳақидаги тўлиқ ва очиқ маълумотлар инвесторларга мавжуд имкониятларни аниқроқ баҳолашга ёрдам беради.

Бу қайта ишлашни ривожлантириш ҳамда замонавий энергетика, электроника ва бошқа юқори технологик тармоқларда талаб юқори бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун замин яратиши мумкин. Шу тариқа, муҳим минераллар нафақат хомашё ресурси, балки келгусида юқори қўшилган қийматга эга минтақавий занжирларни яратиш асоси сифатида ҳам кўрилмоқда.\

Сув ва иқлим масалалари бўйича кун тартибида ҳам ёндашувларнинг муштараклиги яққол намоён бўлди. Қозоғистон сувдан фойдаланишнинг минтақавий тамойилларини такомиллаштиришга урғу бермоқда. Қирғизистон музликлар ва тоғ экотизимларини асрашга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Тожикистон музликлар ҳолатининг ўзгариши ва сув камайишининг озиқ-овқат хавфсизлигига таъсирига эътибор қаратмоқда. Туркманистон Амударё ва Сирдарё сувларидан оқилона фойдаланиш ҳамда Орол билан боғлиқ масалаларни изчил кўтариб келмоқда.

Ушбу йўналишлар Ўзбекистоннинг сув ва иқлим соҳаларида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган кўп йиллик сиёсатига ҳамоҳангдир. Авазада Ўзбекистон томони амалий воситаларга — сув ресурсларининг рақамли мониторинги, ирригация тармоқларини модернизация қилиш, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, Сувдан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги ташаббусини рўёбга чиқариш, мамлакатимизнинг бўлажак раислиги даврида Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда Афғонистон билан доимий ва аниқ мазмунга эга мулоқот олиб боришга эътибор қаратди.

Бу йўналишлар биргаликда янада комплекс моделни шакллантиради. Унда сувдан фойдаланишнинг умумий тамойиллари холис маълумотлар, музликлар мониторинги, технологик ечимлар ҳамда барқарор ҳамкорлик механизмлари билан мустаҳкамланади.

Экология соҳасида ҳам ана шундай изчиллик кузатилмоқда. Ўзбекистон ташаббуси билан илгари сурилган “Марказий Осиё тоза ҳавоси” консорсиуми фаолияти Авазада аниқ лойиҳа билан мазмунан бойитилди.

Президент унинг ишини саноат зоналари, агрокластерлар ва транспорт боғламаларини экологик жиҳатдан модернизация қилиш бўйича пилот дастурдан бошлашни таклиф этди. Шу тариқа, умумий экологик кун тартиби ечимларни синовдан ўтказиш ва кейинчалик уларни минтақа миқёсида кенг жорий этиш имконини берадиган амалий механизм билан таъминланмоқда.

Ушбу тизимда инсон капитали муҳим ўрин тутади. Президент Шавкат Мирзиёев Талаб юқори бўлган касблар ва компетенсияларнинг минтақавий атласини ишлаб чиқишни таклиф этди. Унда мамлакатларнинг мутахассислар етишмаётган йўналишлар ва келажак касбларига доир прогнозлари бирлаштирилади.

Ушбу ташаббус саноат, инфратузилма ва рақамли ривожланиш кун тартибини бевосита тўлдиради. Қўшма лойиҳалар кўлами кенгайгани сари муҳандислар, энергетика ва логистика мутахассислари, дастурчилар, сунъий интеллект бўйича экспертлар ҳамда бошқа малакали кадрларга эҳтиёж ортади. Минтақавий атлас таълим ривожини шаклланаётган иқтисодиётнинг реал эҳтиёжлари билан боғлаш ҳамда келгусидаги давлатлараро лойиҳаларни зарур кадрлар билан таъминлашга хизмат қилиши мумкин.

Шундай қилиб, Авазадаги учрашув ўзаро узвий боғланган минтақавий кун тартиби босқичма-босқич шаклланаётганини кўрсатди. Савдо ишлаб чиқариш билан, транспорт ҳудудларни ривожлантириш билан, энергетика янги йўлаклар ва энергия сақлаш технологиялари билан, рақамлаштириш сунъий интеллект ва ҳисоблаш инфратузилмаси билан, ресурс салоҳияти қайта ишлаш билан, иқтисодий ривожланиш эса инсон капиталини ривожлантириш билан тобора чамбарчас боғланмоқда. Ўзбекистон таклифлари ушбу ёндашувни узвий равишда тўлдириб, ҳамкорлар ташаббусларини ривожлантирмоқда ҳамда алоҳида йўналишларни қўшимча амалий ва институционал мазмун билан бойитмоқда.

Бироқ бундан ҳам муҳимроқ умумий сиёсий-иқтисодий хулоса мавжуд. Марказий Осиё мамлакатлари тараққиётнинг устувор йўналишларини тобора қатъий равишда мустақил белгиламоқда, уларни амалга ошириш механизмларини шакллантирмоқда ҳамда ташқи ҳамкорлар билан муносабатларини йўлга қўймоқда. Бу минтақанинг мустақил субъект сифатидаги ўрни мустаҳкамланаётганининг энг яққол ифодаларидан бирига айланмоқда.

Айни пайтда минтақанинг геоиқтисодий роли ҳам ўзгармоқда. Саноат кооперацияси, инвестициялар, муҳим минераллар, технологиялар ва инсон капиталига қаратилган умумий эътибор жаҳон хўжалик алоқаларига интеграциялашган қўшилган қиймат яратиш маконини изчил шакллантиришга тайёрликдан далолат беради. Шу тариқа, транзит орқали ўзаро боғлиқлик ишлаб чиқариш ва технологик кооперация билан тобора кенгроқ тўлдирилмоқда.

Ушбу жараённинг очиқ хусусиятга эгалиги принсипиал аҳамиятга эга. Минтақа ичидаги алоқаларнинг мустаҳкамланиши Европа, Хитой, Россия, Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва бошқа ҳамкорлар билан ҳамкорлик имкониятларини кенгайтиради.

Бу Марказий Осиёнинг турли геоиқтисодий маконларни боғловчи бўғин ҳамда шаклланаётган минтақалараро ўзаро боғлиқлик архитектурасининг муҳим элементи сифатидаги ролини мустаҳкамлайди. Озарбайжоннинг тўлақонли иштироки ушбу салоҳиятни кучайтириб, Каспий ва Жанубий Кавказ орқали транспорт, энергетика, инвестиция ва рақамли ҳамкорлик географиясини кенгайтиради.

Авазада қабул қилинган қарорлар ва илгари сурилган ташаббуслар, яхлит ҳолда, давлатларнинг биргаликдаги тараққиёт маконини изчил шакллантиришга юксак тайёрлигини ифодалайди. Бундай маконда миллий устунликлар бир-бирининг салоҳиятини ошириш ва умумий ўсишни таъминлаш манбаига айланади.

Шу боис ҳозирги босқичда минтақавий ҳамкорликнинг натижадорлиги алоҳида аҳамият касб этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, у қўшма ишлаб чиқаришларнинг кўпайиши, транспорт харажатларининг камайиши, пухта тайёрланган ва молиялаштирилган лойиҳалар сонининг ортиши, энергетика ва рақамли алоқаларнинг ривожланиши, сувдан фойдаланиш самарадорлигининг ошиши ҳамда, пировардида, инсонлар учун имкониятларнинг кенгайиши билан ўлчаниши лозим.

Айнан шу маънода, давлатимиз раҳбари илгари сурган “тараққиёт ва хавфсизлик йўлида бирдамлик ва ишонч” тамойили ҳозирги босқичнинг моҳиятини лўнда ифодалайди: қарор топган ўзаро ишонч биргаликдаги тараққиёт ва умумий барқарорликни мустаҳкамлашда амалий ифодасини топмоқда.

Ушбу моделнинг асосини Ўзбекистон Президенти таъкидлаган яна бир тамойил – кучли, суверен ва мустақил давлатларнинг ўзаро ҳурмат, ишонч ва соғлом прагматизм асосида ҳамкорлик қилиши ташкил этади. Давлатларнинг мустақиллиги, муштарак минтақавий кун тартиби ҳамда ташқи дунёга очиқликнинг уйғунлиги Авазада амалий жиҳатдан янада ривожлантирилган ҳамкорлик архитектурасини белгилаб бермоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш